Bosh sahifa Bu qiziq Дунёда ноёб Кармана «кунжуттоши» ҳақида эшитганмисиз?

Дунёда ноёб Кармана «кунжуттоши» ҳақида эшитганмисиз?

0

Кундалик ҳаётимизда ўнлаб географик номларга тўқнаш келсакда уларнинг келиб чиқиши ва маъноси ҳақида кам мушоҳада қиламиз. Қадим ва азим Кармананинг Гал-гал, Майизак, Бичамчи, Сангбур каби тоғолди адирлари ҳам бағри катта бебаҳо тарихни “қучоқлаб” ётибди. Қуйида тамаддун изларини кўрсатиб турган ана шундай манзиллардан бири – Сангбур тўғрисида фикр юритамиз.

Сангбурда матоларни бўяшда ишлатиладиган, халқ тилида “қизил кесак” деб номланган минерал бўлган. Ҳунарманд ва газлама тўқувчи усталар орасида бу кесакка талабгорлар кўп бўлган.

Сангбур — бу сўз форс-тожик тилидан келиб чиқиб, Санг-“тош”, бур-“кесувчи” маъносини билдиради. Сангбур адирлиги Кармана шаҳридан 11-13 километр жанубда жойлашган бўлиб, адирлик ўртасидан шимолга қараб бир вақтлар Сангбур сойи доим оқиб турган, ҳозир ҳам ёғингарчилик кўп бўлган мавсумларда Сангбурсойда сув оқади.

Сангбурни маълум ва машҳур этган бир ажойиб хусусият ушбу адирликдаги катта майдоннинг ер юзаси қизғиш тупроқ билан қопланган бўлиб, 40-60 сантиметр қалинликдаги тупроқ қатламининг остида гранит тошлари қатлами бор.

4-га Сангбур (1)

Бу тош маҳаллий халқ ўртасида “кунжуттош” деб номланиб, ундан тегирмон тоши тайёрланади. Одамлар ибтидоий даврларда буғдойни ун қилиб, эзиб нон пиширишни ўрганган даврдан бошлаб шундай қаттиқ тошни ахтаришган. Ҳатто эл орасида бу тош тўғрисида турли ривоят ва афсоналар тўқилган. Масалан, инсон кунжуттошни ахтариб-ахтариб бутун тоғу-тошларни кезади, ҳеч қаердан топа олмагач, чарчаб ухлаб қолганида, унинг тушига бир гўзал кийик киради. Кийик тилга кириб “Эй Оллоҳ таоллонинг қудрати билан яратилган инсон. Ўрнингдан тур. Оллоҳ сенинг хайрли иш учун машаққат тортганингни кўриб турибди. Сен ахтарган тош сенинг тақдиринг билан бирга фалон жойда яратилган, тур, бор ўша жойни ковла, ахтарган тошингни топасан”, деб ғойиб бўлибди. Инсон уйқудан уйғонгач кийик айтган жойга бориб, ерни ковласа ҳақиқатдан ҳам кунжуттош бор экан. Ёки бошқа афсонада Сангбурда тегирмон тоши борлигини Ҳизр алайҳиссалом одамларга ўз мархаматини кўрсатиш мақсадида шу замин бағрида тегирмон тоши борлигини маҳаллий устага кўрсатиб кетганмиш. Нима бўлганда ҳам ниҳоятда ақлли бўлган аждодларимиз шундай тошни кашф этишган десак хато бўлмайди. Зотан, тегирмон тоши аввало жуда қаттиқ бўлиши, уни тарошлаганда, тешганда синиб кетмаслиги учун одамлар айнан гранит тошини танлашган.

Сангбурсойнинг ҳар икки томонида ҳам тегирмон тоши ковлаб олинган майдонларни кўриш мумкин. Тахминан 400х400 метр майдонда айниқса кўп жой ковланган. Айрим конларнинг чуқурлиги 7-8 метргача боради. Ҳозирда эски конларда ўнлаб турли ҳажмдаги тайёрлаш пайти синган, чала қолган тегирмон тошларини учратиш мумкин. Қазиб олинган конлар ва ётган тошлар ҳажмига қараб хулоса чиқариш мумкинки, бу яқин атрофларда бундай кунжуттош конлари йўқ. Очиқ ҳаводаги бу қадимги устахона нодир тарихий объект сифатидан ҳам қимматлидир. Бу ерда ясалган тегирмон тоши Самарқанду Бухоро, Қаршию-Термиз, Фарғонаю Ўшга қадар олиб кетилганини ҳисобга олсак, балки бундай жой Ўзбекистонда ягонадир.

Кармананинг қадимий қишлоқларидан бири бўлган Каловотда азалдан тош кесиш билан шуғулланиб келган тоғчилар сулоласи бор. Жума Бозор, Рўзи тоғчи, Тош Бозор, Асадулла Бозоров, Раҳматулла Бозоров, Ҳақберди Полвон, Аъзам Қобилов, Намоз Узоқов, Абдухалил Жалилов, Абдуҳомид Халилов, Маҳмуд Эшонов, Маҳмуд Аминжонов сингари юртдошларимиз тоғчи, сангтарош сифатида машҳур бўлиб, Сангбур адирлигида тегирмон тоши, яғирчоқ, каш-каш тошларини тайёрловчи усталар бўлишган.

Ҳозирда бир неча гектар майдонда сочилиб ётган бу тошларни келажак авлодга тарихий ёдгорлик сифатида етказишимиз бугунги авлоднинг бурчидир. Бунинг учун ушбу масканни асрашимиз керак. Аввало уни тарихий ёдгорлик сифатида рўйхатга олиш ва ўша ҳудудни табиий муҳофаза зонаси деб эълон қилиш зарур. Сангбурдек табиат яратган мўъжизанинг қадрига етиб, саноат корхоналари томонидан хароб этилишининг олдини олиш чора-тадбирларини белгилашимиз лозим.

Энди Сангбурдан топилган сопол парчалари ва ишлов берилган тош бўлаклари хусусида тўҳталиб ўтсак. Сангбурсойдан шарқ томонда, 1-2 километр масофада бир неча жойда эски уйлар қолдиқлари бор. Сойга яқин жойда кўмилиб кетган ҳовуз ўрни ҳам билиниб турибди. Ушбу ҳовуздан 200-300 метр шимолроқда, қандайдир трактор томонидан қазилган чуқур атрофида кўплаб сопол парчалари сочилиб ётибди. Бундан ташқари, қазилган чуқурдан 40-50 метр ғарброқда чала ишлов берилган, цилиндрсимон тошларни ҳам мавжуд. Ҳунармандчилик, ишлаб чиқариш изларига қараб қадимда бу ерда катта манзилгоҳ, балким Сангбур шаҳри бўлгандир, деб тахмин қилиш мумкин. Чунки, сопол парчаларининг бирортаси ҳам рангларга бўялмаган, ҳатто сирланмаган. Бизнинг кулоллар XIV асрдаёқ сопол идишларни сирлашни билишганини ҳисобга олсак, Сангбурда одамлар балким жуда қадимдан яшашгандир, деган фикрга келиш мумкин.

Каловот маҳалласида яшовчи сангтарош Маҳмуд Эшоновнинг отаси Сангбурда яшаган одамларга 1915-1920 йилларда яғирчоқ тоши ясаб берган экан. Бизнингча, Сангбурда яшаган аҳоли асосан деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланишган. Ўша ерда жуда кўп сопол парчалари борлигини эътиборга олсак, кулолчилик ишлари ҳам ривожланган деб айтиш мумкин. Умуман олганда, Сангбурни бир марта синчковлик билан кезиб чиққан киши бу жойлар минг йиллик тарихга эга эканлигини, кўпдан-кўп сир-асрорларни ўзида яшириб ётганлигини ҳис қилади. Бизнинг асримизга келиб турли сабабларга кўра Сангбурда яшаган аҳоли ҳар томонга тарқалиб кетди. Улар кетиши билан сой суви ҳам қуриди, иморатлар вайрон, экин майдонлари эса хароб бўлди. Балки, оқар сувнинг йўқолиши аҳолининг бу ердан кўчиб кетишига сабаб бўлгандир.

Жаҳон тарихида бутунлай бир қабилалар, халқлар у ёки бу қўналғаларини ташлаб, бошқа ёқларга кўчиб кетганликларига мисолларталайгина. Ўн йиллар олдин Сангбурга борган киши баъзан-баъзан тош йўнаётган бир-икки кишини учратиши мумкин эди. Энди улар ҳам йўқ.

Бугунги кунга келиб Сангбур адирлигининг кўп қисмини Навоий шаҳри саноат корхоналари экологик жиҳатдан хароб этмоқда. Биз Сангбурни асраш, уни мухофаза қилиш, табиий неъматларини келажак авлодларга ҳам тўлиқ етказиш учун курашмоғимиз, жамоатчилик диққатини шу муҳим ишга қаратмоғимиз даркор. Орадан маълум бир давр ўтиб, бу тошларга ким ишлов берган-у, бу айлана тошлар нима мақсадда қилинганлиги келажак авлод учун сир бўлиб қолмаслиги учун ҳам асрашимиз зарур. Қадимда Пасха оролларида барпо этилган улкан тош устунлар ким томонидан, нима мақсадда қилингани бугун сир бўлиб қолганидек, бу тегирмон тошлари ҳам бир кун нималигини билмай юрмайлик.

Шуҳрат ХАЛИЛОВ, тарихчи ўлкашунос.