Bosh sahifa Jamiyat ДУО ҚАДАҲ СЎЗИГА АЙЛАНСА…

ДУО ҚАДАҲ СЎЗИГА АЙЛАНСА…

0

Ҳар қандай жамиятнинг барқарор ривожланиши уч омилга — раҳбарнинг адолати, олимнинг илми ва элнинг дуосига боғлиқ. Бу ҳақиқатни ўтмишдаги уламоларимиз бот-бот таъкидлаб кетишган. 

Дуонинг хосиятини чуқур билган халқимиз бугунги кунда ҳам пайғамбаримизнинг мазкур суннатига бардавом амал қилиб келмоқда. Яратганга шукроналик келтириб, яхшилик сўраб дуо қилиш  – юзга фотиҳа тортишнинг бизда одат тусига айлангани бунга мисол. 

Бироқ, айни пайтда жамиятимизда на мусулмончилик одобига ва на мантиққа тўғри келадиган бир иллат ҳам борки, бу кишини таажжубга солади. Гап ароқхўрликка айланиб кетаётган оилавий маросимларимиз ҳақида кетмоқда. 

Яқинда ана шундай йиғинларнинг бирига гувоҳ бўлдим. Муҳташам давра — кексалар ҳам, ўрта ёшдаги кишилар ҳам, ёшлар ҳам узун дастурхон атрофида жамулжам. Ҳар ким биров-бировидан ҳол-аҳвол сўраб бўлгач, тадбирнинг боиси – қуда-андачилик ришталарини боғлаётган икки томон бир-бирига яхши тилаклар билдиришига гал келди. Табиийки илк сўз давранинг энг қари кишисига берилди. Дуолар қилинди. Яратгандан икки ёшга бахт-саодат, серфарзандлик ва сердавлатлик тиланди. Ва… қўллар кўтарилди! Афсус!  Бу ҳаракат – юзга фотиҳа тортиш учун эмас, балки қадаҳлардаги ичкиликни ютоқиб симириш учун эди! 

Дуо қадаҳ сўзига айланди! Шу тарзда бир шиша ароқ бўшади, сўнг иккинчиси… Дуолар қадаҳ сўзига айланаверди, айланаверди…  Охирида якуний дуо ўқилди. Бу сафар ҳартугул, кафтлар юзларга суркалди. Фақактгина мазкур амал мастона қарашлар билан, гавдалар чайқалиб, болишдарга аранг таянилган ҳолда амалга ошди. Аммо, бунинг аслида қадаҳ сўзидан фарқи йўқ эди!

Энг ёмони бу каби ҳолатларни ҳар қаерда – турли тадбирларда ҳам учратиш мумкин бўлиб қолди. На дуо ва на бир эзгу сўз айтиш бўлган бу “амал” — ҳаром луқмани тутиб Яратгандан эзгуликни “қумсаш” маънавий ҳаддан ошганлигимизни билдирмайдими?  Зеро, Қуръони Каримнинг “Аъроф” сураси 55-оятида “Роббингизга тазарру ила махфий дуо қилинг. У ҳаддан ошгувчиларни севмас”, дея келтирилган. 

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи вассалам айтадилар: “Аллоҳ таоло наздида дуодан кўра улуғроқ нарса йўқдир. Сизлардан бирингиз Парвардигорингиздан ҳамма ҳожатини сўрасин, ҳаттоки поябзалининг ипи узулса ҳам Ундан сўрасин”. Бошқа бир ҳадисларда эса  “Ким Аллоҳдан сўрамаса, Унинг ғазабига қолур” ёки “Аллоҳ дуоларимни қабул этади, деб ишонган ҳолингизда дуо қилинг”, дейилган.  

Энди бир ўйлаб кўрайлик: қадаҳ тутиб Аллоҳ таолодан яхшилик сўрайдиган кимса ўзи айтаётган гап эртага амалга ошишига қанчалик ишонади? Унинг ўзи Худога ишонадими йўқми — иймони қай аҳволда? 

   Инсон доимо Аллоҳ таолонинг ёрдами ва мададига муҳтож. Дуо Аллоҳ билан банданинг ўртасини боғловчи восита – Аллоҳга боғланишнинг энг осон йўли. Муқаддас динимизда дуо қилиш ибодат ва фазилат саналади. 

Бир савол мени ҳамон қийнайди: Яратган қаршисида пашшанинг қанотидан ҳам ҳақирроқ банда  экинлигимизни, барча ҳаракатларимизда Унга муҳтожлигимизни англаган ҳолда бизга жон ато этиб, ҳаёт неъматини берган Зотга қалбларимиз титраб, бутун вужудимиз бўшашиб, кўзларимизга ёш келиб қачон охирги бор дуо қилдик? 

Дуони қадаҳ сўзига аламаштириб, гуноҳга сабаб бўлаётган бу ишимиз бизга бўйнимиздаги шоҳтомирдан ҳам яқин Зот қаришисидаги савол-жавобни оғирлаштираётгани хусусида чуқур ўйлаб кўрайлик. Бу ҳолат дунёқарашимизни тафтиш қилиш, ахлоқимизни асл миллий қадриятларимиз тарозисига солиб кўриш вақти келганини кўрсатади. Ҳаддан ошувчилардан бўмайлик, азизлар.    

Озод МУСТАФОЕВ