Bosh sahifa Jamiyat ЭКСПОРТ ҚИЛУВЧИ КОРХОНАДАН ОЛИБ ҚЎЙИЛГАН 7.3 МЛРД СЎМ ҚАЙТАРИЛДИ

ЭКСПОРТ ҚИЛУВЧИ КОРХОНАДАН ОЛИБ ҚЎЙИЛГАН 7.3 МЛРД СЎМ ҚАЙТАРИЛДИ

0

Навоий вилоятида фаолият юритадиган “GREEN LINE PROFIL” МЧЖ  маъмурияти банкдаги ҳисоб рақамидан солиқ ундириш бўйича англашилмовчиликлар юзага келгани боис, вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилган.

Аниқланишича, й ирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси “GREEN LINE PROFIL” МЧЖ томонидан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали аниқлаштирилган ҳисоботларнинг тақдим қилинишига қарамасдан, ҳисобот қабул қилинмасдан ёки қайтарилмасдан корхонанинг банкдаги ҳисоб рақамидан 2020 йил     27 февралдаги №1200114490-сонли инкассо топшириқномасига асосан 687.915.221,58 сўм, 2020 йил 20 апрелдаги №1200114507-сонли инкассо топшириқномасига асосан 6.595.044.830,61 сўм миқдоридаги маблағлар мажбурий тартибда ундириб олинган. Мазкур ҳолатга асос сифатида ЙСТБҲДСИ томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 75-моддасига 8-бандига кўра қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар, шу жумладан товарлар Ўзбекистон Республикасининг ҳудудига олиб кирилишида (импортида) солиқ солишдан бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириш шарти билан, берилиши мумкин эмаслиги, шунингдек Кодекснинг 266-моддаси 1-қисми 3-бандига кўра ҳисоблаб чиқарилган солиқнинг умумий суммасини камайтиришга товарлар олиб кирилган (импорт қилинган) тақдирда солиқ бюджетга тўланганда ҳақли бўлиши кўрсатилган.

Айтиб ўтиш керакки, “GREEN LINE PROFIL” МЧЖ 2015 йилдан буён “Навоий” эркин иқтисодий зонасининг иштирокчиси ҳисобланади. Иқтисодий зона иштирокчиларига эса қонунчиликда бир қатор имтиёзлар белгиланган. Жумладан, “Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида”ги, “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, “Навоий вилоятида эркин иқтисодий зона ташкил этиш тўғрисида”ги Президент Фармонида мазкур имтиёзлар келтириб ўтилган. 

Бунда айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил15 майдаги ПФ-5719-сонли “Навоий вилоятини инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона сифатида белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони алоҳида аҳамиятга эга. Унга кўра, «Навоий» ЭИЗ иштирокчиси мақомини олган Навоий вилоятидаги корхоналарда мавжуд ишлаб чиқариш билан боғлиқ  жараёнлар мақсадли йўналтирилган ҳолларда маҳсулот экспорт қилинганда вужудга келадиган қўшилган қиймат солиғининг манфий суммаси қайтарилмаслиги ҳуқуқи билан божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилган.

-Биз ҳам ана шу ҳуқуқларимиз тўғрисида инспекцияга билдирганимизда, улардан  Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 75-моддасининг 8-бандига кўра, биздаги ҳолатда қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар берилиши мумкин эмаслиги ва ҚҚС нотўғри ҳисобга олинганлиги тўғрисида хат келди, — дейди “GREEN LINE PROFIL” МЧЖ раҳбари.

Таъкидлаш жоизки, ушбу ҳолатда Инспекция томонидан Солиқ кодексининг 4-моддасида келтирилган қоида, яъни 2020 йилнинг                     1 январигача қабул қилинган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган имтиёзлар уларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар амал қилиши назарда тутилганлиги эътиборга олинмаган. Қолаверса, Солиқ кодексининг 13-моддасида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги барча бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин этилиши белгилаб берилган.

Юқоридагиларга асосан, корхонага нисбатан қўлланилиши керак бўлган эркин иқтисодий зона иштирокчиси учун кафолатланган қонун ҳужжатлари татбиқ этилмасдан, корхонанинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилиб, тақдим қилинган аниқлаштирилган ҳисобот таҳлил қилинмасдан, ғайриқонуний равишда корхона томонидан тан олинмаган солиқ суммаси банкдаги ҳисобидан ундириб олинган.

Келтирилган ушбу ҳолатлар Навоий вилояти адлия бошқармаси ходимлари томонидан ўрганиб чиқилиб, пул маблағлари ноқонуний ундириб олинган деб топилиб Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясига тақдимнома киритиш йўли билан “GREEN LINE PROFIL” МЧЖга жами 7.3 млрд. сўмлик пул маблағларининг қатариб берилиши таъминланди.

Б. Кўндибоев,  Навоий вилоят адлия бошқармаси масъул ходими.