Bosh sahifa Jamiyat ЭНДИЛИКДА ЯНГИ АҲОЛИ ПУНКТЛАРИДА БОҒЧА ҲАМ ҚУРИЛИШИ ШАРТ

ЭНДИЛИКДА ЯНГИ АҲОЛИ ПУНКТЛАРИДА БОҒЧА ҲАМ ҚУРИЛИШИ ШАРТ

0

2019 йилнинг 16 декабрь куни Президентимиз томонидан имзоланган «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни жорий йил 17 июнь куни кучга кирди. 

58 моддадан иборат ушбу Қонуннинг асосий мақсади мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Мазкур Қонун билан ҳар бир боланинг мактабгача таълим ва тарбия олишга бўлган ҳуқуқи амалга оширилишини таъминлаш, болаларнинг мактабгача таълим ва тарбияга тўлиқ қамраб олинишида ҳамда алоҳида таълим олиш эҳтиёжлари бўлган болаларнинг сифатли таълим ва тарбия олишида шарт-шароитлар яратиш, мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтиришга қаратилган давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш ва ривожлантириш каби муҳим вазифалар ушбу соҳада давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қилиб белгиланди. 

Қонуннинг 6-моддасида ҳар бир бола мактабгача таълим ва тарбия олиш ҳуқуқига эгалиги, давлат ҳар бир боланинг умумий ўрта таълим ташкилотига ўқишга киришидан бир йил олдин давлат мактабгача таълим ташкилотларида умумий ўрта таълимга мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтишга бўлган ҳуқуқи кафолатлаб қўйилди. Бу орқали боланинг мактабга боришидан бир йил олдин мактабгача таълим ташкилотларида тайёргарликдан ўтиши мажбурий таълимнинг муҳим қисмига айланди. 

Шунингдек, ушбу Қонун билан тегишли вазирлик ва бошқарув органларининг мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги ваколатлари аниқ белгилаб берилди. Масалан, 9-моддада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия жараёни сифати устидан назоратни ва мониторингни амалга ошириши, мактабгача таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиши, нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига мактабгача таълим ва тарбия соҳасида лицензиялар бериши каби ваколатларга эгалиги кўрсатиб ўтилган. 11-моддага мувофиқ эса Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мактабгача бўлган ёшдаги болаларга давлат томонидан кафолатланган ҳажм доирасида бепул малакали тиббий ёрдам кўрсатиши, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан биргаликда боланинг ёшига ва физиологик эҳтиёжларига мос келадиган, рационал ҳамда мутаносиб овқатланиши учун мактабгача таълим ташкилотидаги табиий маҳсулотлар тўпламини белгилаши, алоҳида таълим олиш эҳтиёжлари бўлган болаларни соғломлаштиришга қаратилган даволаш-соғломлаштириш, реабилитация, санитария-гигиена ва профилактика тадбирларини ўтказиши, мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг тиббий текширувдан ўтказилишини ташкил этиши лозим бўлади. Шу тартибда тегишли моддалар билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, ўз тасарруфида мактабгача таълим ташкилотлари бўлган бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳам мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги ваколатлари кўрсатиб ўтилган.

Шу ўринда Қонунинг энг муҳим бўлган яна бир моддаси тўғрисида тўҳталиб ўтиш лозим. Эндиликда эса шаҳарлар, шаҳарчалар ва бошқа аҳоли пунктлари ташкил этилганда, турар жой мажмуалари қурилганда, тегишли ҳудудда мактабгача бўлган ёшдаги болаларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган чекланган сони ошганда мажбурий тартибда давлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилади. Қонунинг 23-моддасига кўра, янги турар жой мажмуаларини лойиҳалаштириш ва қуришда ҳар бир икки юзта квартира ёки якка тартибдаги уйлар учун камида элликта ўриндан келиб чиққан ҳолда мактабгача таълим ташкилотининг мавжуд бўлиши шартлиги кўрсатиб ўтилган. 

Қонуннинг 37-моддасида мактабгача бўлган ёшдаги болаларнинг ҳуқуқлари, 38-моддасида боланинг қонуний вакилларининг, 39-моддасида эса мактабгача таълим ташкилотлари педагог ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилди. 

Бир сўз билан айтганда, “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни давлат сиёсатининг мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги бир қатор йўналиш ва кафолатлари белгилаб қўйилгани билан аҳамиятлидир.   

Нафиса Халилова, Кармана туман мактабгача таълим бўлими мудири.