Bosh sahifa Yangiliklar Эндиликда юк ташувчи автотранспортларнинг тозаликка риоя қилмай умумий фойдаланиладиган йўлларга чиқиши тақиқланади

Эндиликда юк ташувчи автотранспортларнинг тозаликка риоя қилмай умумий фойдаланиладиган йўлларга чиқиши тақиқланади

0

Бугунги кунда қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотлари, айниқса, тўкиладиган юкларни ташиш ва буюртмачиларга етказиб беришда баъзи нохуш ҳолатлар юзага келмоқдаки, бу юкнинг сифатига ҳам, экологияга ҳам, аҳоли саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатяпти. Жумладан, қурилиш объектларига буюртмани етказган автотранспорт воситалари бу ердан тозалик талабларига риоя этмай қайтаётгани шу ҳудудда истиқомат қилувчиларнинг эътирозига сабаб бўлмоқда. Бу эса юқоридаги қоидаларни янада такомиллаштиришни талаб этади.

Ҳукуматимизнинг жорий йил 29 майдаги “Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортида юкларни ташиш қоидаларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори айнан шу мақсадда қабул қилинди. Унга мувофиқ, бундан буён қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, саноат ва озиқ-овқат товарларини, шунингдек, бошқа тўкиладиган (иссиқ асфальт, йирик габаритли ва оғир юклардан ташқари) юкларни очиқ автотранспорт воситаларида ташиш юкни мажбурий тартибда брезент ёки бошқа қалин материал билан қоплаган ҳолда амалга оширилади. Бундан ташқари, қурилиш объектларидан автотранспорт воситалари кузови ва ғилдиракларини ювмасдан умумий фойдаланиладиган йўлларга чиқишига йўл қўйилмайди. Бу талабларни бузган масъул шахслар тегишли тартибда жавобгарликка тортилади.

Айни пайтда вилоятимизда “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси, “Navoiyazot”, “Qizilqumsement” акциядорлик жамиятлари каби ўз юк ташувчи транспорт воситаларига эга ташкилотлар, шунингдек, бу борада аҳоли ва юридик шахсларга хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари фаолият олиб бормоқда. Барча мутасадди жамоалар раҳбарлари юқоридаги талабларга жиддий эътибор қаратиб, қатъий риоя қилсалар йўлларда ҳамда аҳоли орасида хавфсизликни янада самарали таъминлашда ва атроф-муҳитни, йўлларимиз озодалигини сақлашда ўз ҳиссаларини қўшган бўлардилар.

Навоий вилоят ИИБ ЙҲХБ.