Bosh sahifa Jamiyat Энг фаол маънавият тарғиботчилари Навоийда жам бўлди

Энг фаол маънавият тарғиботчилари Навоийда жам бўлди

0

Навоий шаҳридаги “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси — 2018” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.

Жамиятда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда бу соҳада фаоллик кўрсатаётган мутахассисларни рағбатлантириш каби мақсадларда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган танловнинг якуний босқичига республикамизнинг барча вилоятларида ғолибликни қўлга киритган 42 нафар номзод қатнашди.

Даставвал, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва иштирокчилар учун ўтказилган брифингда Республика Маънавият ва маърифат кенгаши раҳбари А.Кадиров барчани яқинлашиб келаётган энг улуғ, энг азиз байрам билан қутлар экан, жорий йилги танловнинг айнан Навоий шаҳрида ўтказилишига урғу қаратди. Жумладан, буюк бобокалонимиз номи билан аталадиган мазкур гўша нафақат республика, балки халқаро кўламда ўтказилаётган анжуманларга ҳам мезбонлик қилаётгани, ҳудудда илм-фан ривожи юксак босқичга кўтарилаётганидан дарак беради.

Учрашувдан сўнг меҳмонлар Мавлоно Ориф Деггароний, Қосим Шайх Азизон жоме масжидлари ҳамда Навоий шаҳрининг диққатга сазовор жойларида бўлишди.

Маданият саройида ўтказилган энг фаол маънавият тарғиботчиларини саралаб олиш ва баҳолаш жараёнида иштирокчиларнинг миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар бўйича фаолиятига доир дастурлари, режалари, ўтказаётган тадбирларининг савияси, нутқий маҳорати ва оммавий ахборот воситаларидаги фаоллигига алоҳида эътибор қаратилди.

Танлов натижаларига кўра, 14 нафар иштирокчи турли йўналишлар бўйича номинация эгаларига айланди. Бундан ташқари, республика бўйича энг фаол туман бўлинма раҳбарлари ҳам алоҳида тақдирланди.

– Тадбирга Тошкент шаҳридан ташриф буюрдим, – дейди юридик фанлар доктори Ф.Мухитдинова. – Бу йилги танлов ўзига хос тарзда, ўзгача кўтаринкилик билан ўтказилди. Айниқса, Навоий вилоятининг тарихий қадамжолари менда катта таассурот қолдирди. Шунингдек, соҳа илғорлари билан тажриба алмашиш имконига эга бўлдик.

Беллашув якунида намойиш этилган концерт дастури ҳамда таниқли санъаткорларнинг куй-қўшиқлари барчага хушкайфият улашди.