Bosh sahifa Jamiyat “Энг улуғ, энг азиз” республика танлови: 150 та ижодий иш кўриб чиқилди

“Энг улуғ, энг азиз” республика танлови: 150 та ижодий иш кўриб чиқилди

0

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма етти йиллигига бағишлаб вилоят Матбуот ва ахборот бошқармаси, Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида “Энг улуғ, энг азиз” республика анъанавий танловининг ҳудудий босқичи ташкил этилди.

“Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилган танловда бешта йўналишда 60 нафардан ортиқ муаллифнинг жами 150 та ижодий иши кўриб чиқилди.

Вилоят маданият бошқармасида ғолибларни тантанали тақдирлаш маросими ўтказилиб, унда “Босма ОАВ ходимларининг мақолалари” номинациясида “Маънавият кўзгуси” газетаси мухбири К.Зокирова, “Ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари” номинациясида эса “Сергелдин еткен созiмдер” асари билан А.Собиров ғолибликни қўлга киритди. “Телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари” йўналишида вилоят телерадиокомпанияси мухбири Р.Бобоқулованинг ижоди юқори баҳоланди.

“Тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари” йўналишида “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси вилоят бўлими дизайнери Ч.Эшниёзова, “Оммавий ахборот воситаси сифатида давлат рўйхатига олинган веб-сайтлар ходимларининг журналистик ишлари” номинациясида эса Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги вилоят мухбири Н.Раҳимовлар биринчи ўринга сазовор бўлишди.

Тадбирда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари С.Шукуров ҳамда Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раҳбари С.Юсупов иштирок этди.

Ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.