Bosh sahifa Mualliflardan Ер солиғи: ким қанча тўлайди?

Ер солиғи: ким қанча тўлайди?

0

Жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи қонунда белгиланган тартибда берилган ер участкасидан фойдаланиш фактидан қатъий назар, жойлашган жойидаги зонасидан келиб чиққан ҳолда белгиланган ставкаларда ҳисобланади.

Жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланиладиган ёхуд юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилган уйлар, дала ҳовли ва бошқа иморатлари, шунингдек, жисмоний шахсларнинг мулкида бўлган яшаш учун мўлжалланмаган жойлар бўйича мол-мулк ва ер солиқлари юридик шахслар учун белгиланган ставка бўйича, яъни 3,5 фоиз миқдорида тўланади.

Амалдаги қонунчиликда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифалари учун имтиёзлар кўзда тутилган. Масалан, иккинчи жаҳон уруши ногиронлари ва қатнашчилари ҳамда доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланувчи уларга тенглаштирилган шахслар, I ва II гуруҳ ногиронлари, ёлғиз пенсионерлар, боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар, яйловда чорва боқадиган чўпонлар ва яйлов чорвачилигининг бошқа хизматчилари ер солиғидан озод қилинган.

Шу каби I ва II гуруҳ ногиронлари, ўн нафар ва ундан ортиқ фарзанди бор аёллар, конституциявий тузумни ҳимоя қилиш ёки ҳарбий хизматнинг ёхуд ички ишлар органларидаги хизматнинг бошқа мажбуриятларини бажариш чоғида яраланганлиги, контузия бўлганлиги ёки шикастланганлиги оқибатида ёхуд фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ота-оналари ва беваларининг мол-мулкига солиқ солинмайди.

Солиқ тўловчи жисмоний шахслар ҳисобланган мол-мулк ва ер солиқларини муддатида тўламаганлик учун жавобгарлик чоралари мавжуд. Агар йиллик ҳисобланган солиқ 15 октябрга қадар тўланмаган тақдирда, тўловнинг белгиланган муддатидан кейинги кундан эътиборан муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун 0,033 фоиз миқдорида пеня ҳисобланади.

Жорий йилнинг 1 апрелидан эътиборан айрим имтиёз ва тартиб-қоидалар бекор қилинаётганини айтиш лозим. Хусусан, маҳаллийлаштириш дастури бўйича солиқ имтиёзлари энди қўлланилмайди. Албатта, бу турдош маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар ўртасида тенглик муҳитини таъминлашга имконият яратади.

Солиқ кодексининг 290-моддасига киритилган ўзгартиришга асосан якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун берилган ер участкалари бўйича – ер участкаси берилган ойнинг кейингисидан эътиборан икки йил муддатга ер солиғидан озод этиш тарзидаги имтиёз ҳам ўз кучини йўқотади.

Нурбек САФАРОВ,  Навоий вилоят давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи.