Bosh sahifa Mualliflardan «ЭЪТИБОРДАН КЎНГИЛЛАР МАМНУН» АКЦИЯСИ ЎТКАЗИЛМОҚДА

«ЭЪТИБОРДАН КЎНГИЛЛАР МАМНУН» АКЦИЯСИ ЎТКАЗИЛМОҚДА

0

Инсон кўнглини бир баҳялик меҳрли нигоҳ билан ҳам олиш мумкин. Айниқса, қалби кемтик одамлардан ҳол-аҳвол сўраш ниҳоятда катта қувонч бағишлайди, уларга…»Саломатмисиз» деб кўнгил сўраб боришга не етсин. Бугун дам олиш куни. Яқинларингиздан ташқари, кимни қалбига йўл топа олдингиз, кимларга меҳр улаша олдингиз? Балки, эшик очилишини пойлаб турган одамларнинг юрагидан жой олишни истарсиз…Балки, ширин суҳбатда  таниш билишлардан гапириб, хаста  қалбларга куч берарсиз… Бу эзгу амал тўрт муччаси соғ одамларнинг  ҳар кунги юмушига айлансайди, кошки…

Давлат хизматлари Агентлигининг ташаббуси билан «Эътибордан кўнгиллар мамнун» акцияси доирасида амалга оширилаётган ишлар Навоий вилоятининг барча шаҳар ва туманларида кенг қулоч ёйди.  Бошқарма раҳбарияти, туман ва шаҳар давлат хизматлари марказлари томонидан кам таъминланган, имконияти чекланган, ётоқда қолган кексалар ҳолидан хабар олиш, уларга давлат хизмати кўрсатиш мақсадида сайёр тартибда манзилли хизмат кўрсатилмоқда.

Навбаҳор туманининг «Юқори Бешработ» маҳалласида яшовчи иккинчи гуруҳ ногирони Мукаррам ая Жумаева анчадан буён уйдан чиқмайдилар. Онахондан кўнгил сўраган туман  давлат хизматлари маркази ходимлари момонинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиб бердилар. Конимех туманининг Наврўз маҳалласидаги Мавлоновлар хонадонида ҳам нафакадаги  кексалар ёлғиз яшайди, уларнинг ҳам имконияти чекланган. Ёши улуғлардан ҳол-аҳвол сўралиб, хонадон эгаларига сув таъминотига уланиш бўйича сайёр хизмат кўрсатилди. Ҳар  икки хонадонда кўрсатилган хизмат туфайли кексаларнинг қанчалар суюганини кўрганингизда эди…

Олис Учқудуқда ҳам бу хайрли амаллар кечга қадар давом этди. Давлат хизматлари маркази ходимлари инсульт касаллиги туфайли ётоқда қолган «Йўлчилар»  овул фуқаролари йиғинининг 108 уйда яшовчи  Улуғбек Сатторовнинг хонадонида бўлдилар. Мурожаати бўйича фуқарога кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиб бердилар. Худди шу овулда истиқомат қилаётган кўзи ожиз Дилмахон Кайиповга судланмаганлик тўғрисидаги маълумотнома керак экан. Фуқаронинг мурожаати қабул қилинди. Икки иш кунида мазкур маълумотнома хонадон эгасига етказиб бериладиган бўлди. Ҳар икки хонадон эгаларига хайру саховат туҳфалари улашилди.

Бу эзгу амал Хатирчи туманида ҳам марказ ходимларининг саъй ҳаракатларида натижа берди.Туманнинг Найман қишлоғи Чанғир кўчасида яшовчи Сайфиддин Омоновлар оиласидан хабар олинди. Ходимлар фуқародан хонадонида сувни ҳисобга олиш ускунаси ишламаётганлиги сабабли ҳисоблагични ечиш учун ариза  қабул қилдилар. Худди шундай туманнинг Мирдош маҳалласида истиқомат қилаётган Яшнар Ориповдан эса электр энергиясини ҳисобга олиш ускунасини алмаштириш учун ҳисоблагични ечиш ва ўрнатишга мурожаат олдилар. Мазкур хонадонларнинг ҳар иккиси кам таъминланган, имконияти чекланган оила аъзоси бор хонадонлар ҳисобида туришади.  Ҳар икки уй эгаларининг «биздан хабар олгани келишибди» дея қувонч кўз ёшларига гувоҳ бўлдик. Шунинг учун меҳрнинг қадри баланд. Шунинг учун эътиборнинг мавқеи муҳим. Тизим ходимлари «Эътибордан кўнгиллар мамнун» акциясида фаол иштирок этадилар.

 Алишер НУРМАМАТОВ, ДХА Навоий вилояти бошқармаси кадрлар бўлими бош маслаҳатчиси.