Bosh sahifa Jamiyat Бекатларимиз қай аҳволда?

Бекатларимиз қай аҳволда?

0

Мажозий  маънода  гапиришга  уста  эмасдирман,  аммо  бугуннинг  гапи  бекатлардан  бошланаётгани,  яъни  оғиздан  оғизга  кўчиб  юрадиган  янгиликлар  назаримда  кўпроқ  айни  шу  жойларда  урф  бўлмоқда  (одатий  ҳолми?).  Балки  ғийбат  эмасдир сизнингча, бироқ  эътибор хоҳлайдиган баъзи ҳолатлар аҳамиятли ҳангомаларнинг  ёнгинасида  “наъмуна”  кўрсатаётганлиги  бир  бекатга  арзимай  қолдимикин…

Тарихий  манбаларнинг  маълумот  беришича  Чингизхон  ва  унинг  ворислари  даврида  мамлакат  бўйлаб  элчилар,  чопарлар  ҳамда  хабарлар  тезроқ  ҳаракатланиши  учун  махсус  бекатлар – “ёмлар”  ташкил  этилган  экан. Доим  отлар  сақланиб  туриладиган  бу  жойларга  кўпинча  бегона  юртлардан  келган  мусофирлар  қўним  топишади. Чарчаб  ҳолдан  тойган  тулпор  ўрнини  кучга  тўлиб  турган  бошқа  бир  улов  тўлдириши,  вақтдан  ютиши  мақсадида  аскарми,  элчими  ёки  ноиб  йўлида  давом  этиши  учун  яхшигина  шароит  яратилган  экан.  Тўғри,  у  замонлар  ўтиб  кетган. Ҳозирги  уловлар  олдингиларидан  тубдан  фарқ  қилади  албатта. Лекин  сўз  юритмоқчи  бўлган  мавзуимиз  машиналар  ҳақида  эмас,  балки  улар  тўхтаб  ўтадиган  бекатлар  хусусида.

Демоқчи  бўлганим – бугун  автомобил  тўхташ  жойларида,  жамоат  бекатларида  замон  кўтарадиган  талаблар  борми?  Яна  бир  гап – тозаликчи?

Кармана  туманининг  машиналар  серқатнов,  гавжум  масканларидан  бири.  Ҳар  ким  ўз  йўриғига  равона  бўлмоқда. Четдан  қараганда  кишининг  назарига  тушмас,  ярқ  этиб  кўринмайдиган ёхуд туман мутассаддиларининг мазкур ҳолатларга кўзи  ташланмайдиган,  доим  одам  ташиш  билан  оввора  ҳайдовчиларнинг  ва  ҳатто  “морс”  сотувчисининг  ҳам  ҳаёлига   кириб  чиқмаган  баъзи  манзаралар  кишининг  ғашини  келтириши  аниқ.  Агар   эътиборли  бўлинса  аниқ.

Гап  шундаки,  туман  марказида  жойлашган  “Файз”  мини  маркети  яқинидаги  машина  тўхташ  бекати  замон  талабиги  жавоб  берсада,  лекин  айрим  ҳолатлар  унинг  кўркига  рахна  солмоқда. Мисол  учун,  бекат  ёнида  ястаниб,  қаровсиз  аҳволга  келиб  қолган ариқ чиқинди  ташлайдиган  ўрага  айланиб  қолган.  Ундаги  қамишзорлар  эса  атрофга  бўй  кўрсатиб,  ёқимсиз  кўриниш  касб  этмоқда. Бунинг  устига  бекатда  жойлашган  (ёки  ўрнашиб  олган)  сотувчиларнинг  пинагини  бузмайдиган  бу  каби  ҳолатларга ўзлари  турсин бировнинг ҳам  муносабатини  сезиш  қийин.  Ҳолбуки,  гигиена  талабларига  мутлақо  жавоб  бермайдиган,  яъни  ичимлик  идишлари  қалашиб  ётган  ариқ чиқиндилари  пана-паналарда  биқсиниб  ётаверса,  бир  кун  “тўлиб  қолиши”ни  масъуллар  билишармикин. Ё бўлмаса чиқиндини  ташлаш  бору  йиғиштириш  йўқми?  Хўп,  йўловчи  чиқинди  ташлабди.  Хўп,  қамиш  ўсиб  қолибди,  аммо  яна  бир  муаммо…

Ўткинчиларга  кунбўйи  хизмат  қилиб  чарчамайдиган  сотувчилар  тушликни  ўз  ўриндиқларида  қилишларининг  ҳеч  ҳайрон  бўларли  ери  йўқдир,  аммо  ҳали  тетапоя  бўлишга  улгурмаган  фарзандини  иссиқда  овқатлантириши, тағин  ўриндиқларнинг  ортига  чўнқайиб  қорин  тўйдиришлари  биринчи  галда  норасиданинг  саломатлигига  таъсир  этмай  қолмайдими?  Эътиборсиз  она  наҳот  бу  ҳақда  бош  қашлашга  вақт  тополмаса.  Фарзандининг  соғлиги  бир  ёндаю,  сотувчининг  сотувлари  бир  ёнда.

Аслида  юқоридаги  манзара  мазкур  бекатда  одатий  ҳолатга  айланиб  улгургани –  ёмони.  Жамиятимизда  кўздан  йироқ  салбий  ҳолат  ва  иллатлар  талай  учрайди. Ҳозир  биз  бир  бекат  мисолида  юқоридагиларни  тилга  олиб  ўтдик,  аммо  ҳаммамиз  ҳам  бекатларимиздаги  чиқиндиларни,  уларни  ким  ташлаётганлигини  биламиз-ку. Эътибор  қилишга  арзирли  сабабларимиз  мана  шу  уч  ҳолатгина  ертага  сизу  бизни  озгина  бўлсада  бепарволикдан  сақласин,  созгина  бўлсада  масъулларимизни  масъулиятга  чақирсин  ва  жамиятимиздаги  ҳар  бир  шахснинг  шундай  ҳолатларга  муносабатининг  қандайлиги   билинсин,  деймиз.  Зеъро,  биздан  кейинги  ворислар  бизнинг  кимлигимизни  кўрсатгувчидир.

     Б. СЕВДИЁР  ўғли.