Bosh sahifa Jamiyat ЭЪТИБОРСИЗ БЎЛМАНГ

ЭЪТИБОРСИЗ БЎЛМАНГ

0

Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида мутасадди ташкилотлар билан бирга мунтазам равишда йўл белгилари, сунъий нотекислик ўрнатилиб, тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бироқ шунга қарамасдан фуқароларнинг эътиборсизлиги туфайли кўнгилсиз ҳодисалар рўй бермоқда. Натижада айбсиз инсонлар ҳам жабр кўришмоқда. Жароҳат олишиб, баъзилари бир умрга ногирон бўлиб қолишмоқда ёки ҳаётдан бевақт кўз юмганлар ҳам бор.
Жумладан, 2020 йилнинг 18 май куни соат 17:30ларда Зарафшон шаҳар ҳудудидан ўтувчи А-379(Навоий-Зарафшон) автомобиль йўлининг 203 км.да ҳайдовчи Р.У. эътиборсизлиги оқибатида ўз бошқарувида бўлган “Нексия-1” русумли автомашинани Саноат ҳудудига қараб бошқариб бориб, хавфли бурилиш йўлида бошқарувни йўқотиб, автомобиль йўлидан қарама-қарши томонга ўтиб, йўлдан чиқиб кетиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.
Натижада, ушбу автомашинада йўловчи сифатида кетаётган, фуқаро К.Р. “Ҳаёт учун хавфли бўлган ўртача оғирликдаги тан жароҳати” олган.
Энди мазкур йўл-транспорт ҳодисасини келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилсак. Ҳодиса содир бўлган жойда йўл белгилари, йўл чизиқлари мавжуд. “Нексия-1” русумли автомашина ҳайдовчиси 9 йиллик стажга эга. Бироқ ҳайдовчининг биргина эътиборсизлиги ушбу кўнгилсизликка сабаб бўлди. Ҳолбуки, амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”да ҳайдовчининг мажбуриятлари сирасига транспорт воситасининг бошқарувчиси ҳушёр бўлиши, вазиятга қараб йўналиш олиши каби мажбуриятлари қатъий белгилаб қўйилган. Шундай экан, огоҳ бўлинг!

Фарруҳ ЯКУБОВ,
Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ Матбуот гуруҳи катта инспектори капитан.