Bosh sahifa Yangiliklar Факт: Навоий вилоятининг бир ойлик солиқ салоҳияти 700 миллиард сўмни ташкил...

Факт: Навоий вилоятининг бир ойлик солиқ салоҳияти 700 миллиард сўмни ташкил этмоқда

0

Бу ҳақда Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да солиқ тўловларини ўз вақтида ундириш, солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга бағишланган давра суҳбатида айтиб ўтилди.

Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси, Тошкент Ислом академияси, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Навоий вилояти вакиллиги ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда солиқ маъмурчилиги бўйича амалга оширилаётган ишлар, Ислом динида солиқ ва бошқа тўловларни давлат бюджетига йўналтириш борасида сўз юритилди.

Муқаддас Ислом динида ҳам солиқ бўйича тушунчалар алоҳида қайд этилган. Чунки мавжуд қонун-қоидаларга амал қилиш, харидорга нисбатан хушмуомалада бўлиш аввало ўша ерда кут-барака бўлишига замин яратади.

Таъкидланганидек, неъматларга шукрона келтириб яшашда хикмат катта. Афсуски, айрим тадбиркорлар, савдо-сотиқ билан шуғулланувчи кишилар назорат касса машиналарини ишлатмасдан, тўлов терминалларини яшириш орқали фаолият кўрсатиб келаётгани ҳам кузатилган. Учрашувда ана шундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича ҳам фикрлар билдирилди.

Шунингдек, тадбирда Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Азамат Бозоров бугунги кунда Навоий вилоятининг бир ойлик солиқ салоҳияти 700 миллиард сўмни ташкил этиб, шундан юз миллиард сўмини Навоий шаҳри тадбиркорлари амалга ошириши хусусида тўхталиб ўтди.

Учрашув давомида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга Давлат солиқ бошқармаси мутасаддиларидан атрофлича жавоб олдилар.

Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси Матбуот хизмати.