Bosh sahifa Mualliflardan Fаллачилик кластерлари — юқори ҳосилдорлик омили

Fаллачилик кластерлари — юқори ҳосилдорлик омили

0

Маълумки, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, соҳага бозор механизмларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор берилмоқда. Жумладан, янги хўжалик юритиш шакллари бўлган агрокластерлар ҳамда кооперация тамойиллари асосида фаолият юритувчи қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ташкил этилмоқда. Шулардан бири ғаллачилик кластерларидир.

Навоий вилоятида 2020 йил ҳосилидан бошлаб ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларини иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, дон етиштиришда юқори ҳосилдорликка эришиш ва самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 24 сентябрда эълон қилинган «Бошоқли дон етиштиришда кластер тизимини босқичма-босқич жорий этиш орқали юқори ҳосилдорликни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан ғаллачилик кластерларини ташкил этиш ва 4 минг гектарда кластер усулида дон етиштириш белгиланди. 

Бугунги кунда 4 та туман — Кармана, Қизилтепа, Навбаҳор ва Хатирчида 7 та ғаллачилик кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Уларда ўзига ажратилган 933 гектарда ҳамда 112 та ғалла етиштирувчи фермер хўжаликлари билан 3067 гектарда шартнома асосида ғалла етиштирилади. Fаллачилик кластерлари 2 та йўналишда, яъни ташаббускорнинг бевосита ўзига берилган ер майдонларида ва бошоқли донни фермер хўжаликларидан шартнома бўйича харид қилиш асосида ташкил этилмоқда.

Fаллачилик кластерлари ўзига берилган ер майдонларида етиштирилган донни давлат харидига сотиш бўйича шартнома тузмайди. Фермер хўжаликлари билан шартнома асосида ишловчи ғаллачилик кластерлари билан дон корхоналари ўртасида давлат хариди учун дон етказиб бериш бўйича контрактация шартномаси тузилади. Шунингдек, ғаллачилик кластери билан фермер хўжаликлари ўртасида кластер томонидан давлат харидига етказиб бериладиган дон миқдорини ҳисобга олган ҳолда қўшимча шартнома имзоланади.

Fаллачилик кластерларига давлат хариди учун етказиб бериладиган бошоқли дон қийматининг 100 фоизи миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилади ва ушбу маблағлар фермер хўжаликларида маҳсулот етиштириш харажатларини молиялаштиришга йўналтирилади. Бундай кластерлар ўз айланма маблағлари ҳисобидан фермер хўжаликларида ҳосилдорликни ошириш учун талаб этиладиган ресурсларга маблағ ажратади. Қарор асосида ғаллачилик кластерларига ўз ихтиёрида қолган доннинг камида 50 фоизини қайта ишлаш, жумладан, озуқа-ем маҳсулотларини ишлаб чиқариш орқали қўшилган қийматни кўпайтириш, дастлабки 3 йилда 30 фоиз, 5 йилда 50 фоиз бошоқли дон экиладиган майдонларда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, шунингдек, фермер хўжаликларида ер, сув ва бошқа ресурслардан самарали фойдаланиш, инновацион технологияларни жорий этиш орқали ҳосилдорликни ошириш борасидаги билим ва кўникмаларни ошириш шартлари белгиланган.

Вилоятимизда мазкур кластерлар томонидан келгуси йил ҳосилидан 28 минг 223,2 тонна ғалла етиштирилиб, шундан 10 минг 186,7 тоннаси давлат хариди учун сотилиши, 13 минг 893,3 тонна дон ғаллачилик кластерлари, 4 минг 143,1 тоннаси фермер хўжаликлари ихтиёрида қолиши кўзда тутилмоқда.

Хулоса ўрнида айтганда, ғаллачилик кластерларининг ташкил этилиши фермер хўжаликларида қўшимча агротехник тадбирларни ўтказишга талаб этиладиган маблағларни етарли миқдорда йўналтириш орқали юқори ҳосилдорликка эришишни таъминлашга, моддий манфаатдорликни ва самарадорликни оширишга замин яратади. Шу билан бирга, ўз ихтиёрида қолган донни қайта ишлаб, қўшимча қиймат яратилишини таъминлайди.

У. ЧУТТОНОВ,  Навоий вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси бўлим бошлиғи.