Bosh sahifa Mualliflardan Фарзандингиз ёлғиз юрмасин!

Фарзандингиз ёлғиз юрмасин!

0

Ҳар бир ота-она фарзандини мустақил ва ўзига ишонган инсон бўлиб етишишини хоҳлайди. Шу мақсадда улар фарзандини  мактабга, ҳатто боғчага ёлғиз юборадилар. Агар болаларимиз мактаб ёки боғчага кетаётиб, йўлнинг қатнов қисмидан ўтишлари керак бўлса, уларни ёлғиз жўнатишдан аввал яхшироқ уйлаб олган маъкул.

Йўлларда хавфсиз ҳаракатланишни болалар тўлиқ ўрганишлари учун уларга қоидаларини ёдлатишнинг ўзи камлик қилади. Бола бу қоидаларнинг ҳаётда қўлланишини ота-она мисолида ҳамда унинг ҳурматини қозонган кишилар мисолида кўрмоғи зарур. Рухсат этилмаган жойдан боласи билан йўлнинг қатнов қимини кесиб ўтаётган ота-онанинг фарзанди бир ўзи қолганда “зебра” чизиғини қидиришига умид қилмаса ҳам бўлади.

Ўзига қулай жойдан йўлни кесиб ўтаётган киши ҳар доим хавфсиз пайтни танлай олиши билан ўзини оқламоқчи бўлади. Бола эса машинанинг қайси вақт оралиғида яқинлашиши ва унинг тезлигини аниқлай олмайди. У йўл сирпанчиқми, йуқми эътибор бермайди – машинани кўряптими, демак ҳайдовчи ҳам уни кўради ва ҳар қандай вақтда тўхтайди, деб ҳисоблайди.

Бола ҳамма нарсага ҳам катталардек муносабатда бўлавермайди. У автомобилни умуман пайқамай қолиши ҳам мумкин. Миттигина пиёдани кичиклиги туфайли пайқаш эса ҳайдовчи учун жуда катта қийинчилик туғдиради. Айниқса, у йўл четида турган автомобиль ёки бирор бир йирик предмет панасидан чиқиб келса.

Шундай экан, сиз фарзандингизни мактабга ёки боғчага ёлғиз юборишга қарор қилган экансиз, олдиндан хавфсизлик чораларини кўриб қўйинг. Болангизни тайёрлаб, уни қоидаларни яхши ўзлаштирганлигига ишонч ҳосил қилинг. Дастлаб, энг хавфсиз йўлни танлаб, фарзандингиз билан биргаликда айнан шу йўналишда бориб келинг. Уй остонасидан мактаб ёки боғча остонасигача бўлган йўлнинг хавфли жойларига фарзандингизнинг эътиборини жалб қилинг. Нима учун йўлга югуриб чиқиб кетиш мумкин эмаслигини, автомобилларга эътибор қаратиш лозимлигини, уларнинг йуналишини аниқлашини тушунтиринг. Хавфни олдиндан кўра билишни ўргатиш эса ўта муҳим. Йўлни бемалол кўришга халақит қилаётган предметнинг ўзини хавфли деб қабул қилишни бола билмоғи лозим.

 А.ВОҲИДОВ, Навоий шаҳар ИИБ ИҲХБ инспектори.