Bosh sahifa Jamiyat ФАРЗАНДЛАРИМИЗ ТАЪЛИМ-ТАРБИЯСИДАГИ МУҲИМ ҲУЖЖАТ

ФАРЗАНДЛАРИМИЗ ТАЪЛИМ-ТАРБИЯСИДАГИ МУҲИМ ҲУЖЖАТ

0

Қадимдан аждодларимиз бола тарбиясига, унинг билим олишига алоҳида эътибор билан қарашган. Чунки келажак- ёшлар қўлида. Бугунги кунда ҳам давлатимиз томонидан тарбия ва таълим жараёнига устувор вазифа сифатида қараб келинмоқда. Зеро эртамиз эгаларини ҳар томонлама баркамол қилиб шакллантириш кечиктириб бўлмайдиган вазифадир. Бундай натижага эришиш учун эса таълим-тарбия жараёнининг уйғунлигини таъминлаш, тарбия жараёнининг қонуниятларини чуқур ўрганиш ва бугунги кун талабларига жавоб бера оладиган баркамол ёш авлодни тарбиялаш йўлларини тадқиқ қилиш лозим. 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси билимли, масъулиятли ва салоҳиятли, эркин фикрлайдиган, ўзини ва ўзгаларни ҳурмат қиладиган,

миллий ва умуминсоний қадриятларга садоқатли авлодни тарбиялаш тизими мамлакатимизнинг келажагини белгилаб беради, деб ҳисоблайди.

Зеро, “Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидур”. Ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда озгина вақтга ёшларни эътиборсиз қолдирсак – бу фалокат масаласига айланиб қолиши ҳеч гап эмас.IMG_20200930_203626_992

Мутахассислар тавсиясига кўра, бола мактабга боргунича уни подшоҳ туйиб муомала қилинади, яъни рисоладаги барча илтимослари сўзсиз бажарилади, шўхлик ва эркаликлардан қайтарилмайди. Шундан сўнг унга аста-секин тушунтириш, катталарнинг ўзи ибрат бўлиши орқали тарбия берилади.

Ана шу каби масалаларни ҳал этиш мақсадида “Узлуксиз маънавий тарбия Концепцияси” қабул қилинди.Концепциянинг мақсади – ёш авлодда мустақил ҳаёт учун зарур ижтимоий кўникма ва фазилатларни ёшига мос, босқичма-босқич шакллантириш асосида юксак фазилатли, баркамол авлодни вояга етказишдан иборат.

Концепция тўртта босқични қамраб олади:

— биринчи босқич: оилаларда (ҳомила даври, бола туғилгандан 3 ёшгача бўлган давр);

— иккинчи босқич: мактабгача таълим 3-6 (7) ёшгача бўлган давр;

— учинчи босқич: умумий ўрта таълим (7 (6)-10 ёшгача бошланғич синф, 11-17 (18) ёш);

— тўртинчи босқич: ишлаб чиқаришда фаолият кўрсатаётган ва банд бўлмаган, шунингдек, ўрта махсус касб-ҳунар ва ОТМ тизимидаги ёшлар.

Концепцияда ҳар бир босқични амалга ошириш меҳанизми, эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтилган.

Муҳими ушбу Концепциянинг ҳаётга тадбиқ этилиши бир қатор натижаларни бериши белгиланган. Жумладан, Концепциянинг жорий қилиниши узлуксиз маънавий тарбия жараёнининг тизимли ташкил этилишига, тарбия соҳасининг илғор инновацион технологиялар асосида такомиллашувига, ёшларнинг Ватанга садоқат, тадбиркорлик, иродалилик, мафкуравий иммунитет, меҳр-оқибатлилик, масъулиятлилик, бағри кенглик, ҳуқуқий маданият, инновацион фикрлаш, меҳнатсеварлик каби таянч компетенциялар билан мустақил ҳаётга кириб боришлари учун зарур шарт-шароитлар яратади. 

Шунингдек, оилалар, таълим муассасалари, маҳаллалар ва корхоналарда мустақил фикрлаш ва қарор қабул қилиш лаёқатига эга бўлган ёшларнинг маънавий камол топиши учун зарур бўлган инновацион ижтимоий-педагогик соғлом ва барқарор муҳит яратилади. 

Концепциянинг амалга оширилиши жамиятда маънавий-ахлоқий муҳитнинг соғлом ва барқарор бўлишига салмоқли ҳисса қўшади. 

Илҳом РАЖАБОВ, ЎзМТДП Навоий вилояти Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.