Bosh sahifa Yangiliklar Фидойи устозларга “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонлари топширилди

Фидойи устозларга “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонлари топширилди

0

Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да “1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан ёш авлодни тарбиялашда муносиб ҳисса қўшаётган, таълим тизими ислоҳотларини амалга оширишда фаоллик кўрсатаётган соҳа фидойиларини “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони ва халқ таълими вазирлигининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Байрамона тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Ф. Солиев ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Н. Улуғбердиев сўзга чиқиб, мамлакатимизда устоз ва мураббийларни ҳар жиҳатдан етук, баркамол авлодни тарбиялашда ўз ўрни борлиги, уларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида эришилаётган ютуқлар эътирофга лойиқ эканлиги, шунингдек бугунги кунда ўқитувчиларнинг моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланиб, фаолияти учун зарур шароитлар яратилаётгани, турли имтиёзлар берилаётгани хусусида тўхталдилар.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил 14 августда қабул қилинган “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юртимизда келажагимиз эгаларини жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларни мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш ҳамда ўқитувчилик касбининг жамиятимиздаги нуфузини янада оширишга хизмат қилади. Қарорга мувофиқ, тизимда фаолият юритаётган ходимларнинг базавий тариф ставкалари оширилиши билан бир қаторда уларни мукофотлаш, соғломлаштириш, арзон уй-жой ва автотранспорт воситалари харид қилиши учун имтиёзлар берилиши ҳамда ҳудудларда ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонларининг ташкил этилиши соҳа фидойиларига кўрсатилаётган юксак эътибор намунасидир.

— Мен халқ таълими вазирлигининг фахрий ёрлиғи билан тақдирландим, — дейди вилоят кўриш имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаси ўқитувчиси Д. Рустамова. –  Бу эса ўз касбимга меҳр ва масъулият ҳиссини янада оширди.

Маросимда соҳа жонкуярларининг 34 нафарига “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони тантанали топширилди.

— Меҳнат фаолиятимни бошлаганимга ўттиз йил бўлди, — дейди Томди туманидаги 4-умумтаълим мактаби директори С. Нисанбаев. —  Бу йилги байрам арафасида юксак нишон билан тақдирланганимдан хурсандман. Бундай ютуқ барча ҳамкасбларим қатори менга ҳам мустаҳкам қанот ва чексиз қувонч бахш этди.

Тадбирда машаққатли хизматлари эътироф этилиб, тақдирланган устозлар уларга кўрсатилган эътибор, ишонч ва рағбат учун миннатдорлик билдирдилар.

Нигора РЎЗИЕВА