Bosh sahifa Yangiliklar Фуқароликка қабул қилинган 5 нафар навоийликка шахсий паспортлари топширилди

Фуқароликка қабул қилинган 5 нафар навоийликка шахсий паспортлари топширилди

0

Давлатимиз раҳбарининг  жорий йил 4 майдаги фармони билан Навоий вилоятида яшовчи 5 нафар юртдошимиз Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди. Шу муносабат билан 4 июнь куни  бўлиб ўтган тадбирда вилоят ҳокими К. Турсунов шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни ўз эгаларига тантанали равишда топширди.

Навоий шаҳрида истиқомат қилаётган Тоҳир Тошоев 1962 йил Тожикистон Республикаси Ёвон туманида туғилган. У 25 йилдан буён “Navoiyazot” акциядорлик жамиятида ишлайди.

– Бу кун ҳаётимда унитилмас бўлиб қолади, – дейди Т. Тошев – Чунки Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиндим. Бунинг учун Президентимиздан миннатдорман. Фуқаролигим йўқлиги сабаб бир қатор ҳуқуқлардан маҳрум эдим. Мана энди орзуларим ушалди.

“Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонасига қарашли 2-гидрометаллургия заводида ишлаётган зарафшонлик Камолиддин Маматқулов ҳам юксак бағрикенгликдан баҳраманд бўлди.

– Қанчалик бахтли эканлигимни сўз билан ифодалаш қийин, – дейди К. Маматқулов. – Бу ҳис-ҳаяжонларга бой дамларни 22 йил кутдим. Андижон вилояти, Пахтаобод туманида туғилганман, 5 нафар фарзандим бор. Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган изчил ислоҳотлар инсон манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда халқ фаровонлигини оширишга хизмат қилаётганлиги таҳсинга лойиқдир.

Фуқаролик паспорти инсоннинг шахсини тасдиқловчи асосий ҳужжат бўлибгина қолмай, ғурур-ифтихор рамзи ҳамдир. Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган, лекин ҳозиргача фуқаролиги бўлмаган шахсларга паспорт топширилаётганлиги юртимиздаги инсонпарварлик сиёсатининг яққол намойиши саналади.

Х.Нарзиева.