Bosh sahifa Jamiyat “ГАЗ ХОДИМЛАРИ ЯҚИН КИШИМИЗДАЙ БЎЛИБ ҚОЛГАН”

“ГАЗ ХОДИМЛАРИ ЯҚИН КИШИМИЗДАЙ БЎЛИБ ҚОЛГАН”

0

Жазирама ёз. Қуёш тафти ерни чунонам қиздираркан, беихтиёр салқин жой қидиради киши. Бундай пайтда баъзиларда камҳаракатлик,  иш унумининг пасайиши ҳам кузатилиши мумкин. Аммо “Конимехтумангаз” филиалининг суюлтирилган газ бўлими ходимлари иш унумига куннинг совуғию иссиғининг таъсири йўқ. Улар учун муҳими, ҳар қандай шароитда ҳам истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатишдир.

Туманда айни вақтда суюлтирилган газ билан таъминланадиган 5452 та истеъмолчи бўлиб, бўлим ходимлари ҳар биттасининг хонадонига маиший газ баллонлар орқали уларни етказиб беришади. Карантин вақтида бунинг бироз ноқулайликлар туғдираётгани рост. Сабаби бўлим ходимлари эпидемик вазият талабларидан келиб чиқиб, истеъмолчилар билан мулоқот вақтида юз ва кўз учун катта ҳимоя кўзойнакларида, махсус қўлқопларда бўлишлари шарт. Бундан ташқари, ҳар битта маиший газ баллон, транспорт воситаси ва назорат тарозиларининг дезинфекция қилиниб, тўлиқ зарарсизлантирилишини ҳам улар доим назорат қилиб туришади. Энг муҳими, буларнинг ҳеч бири уларга малол келмайди. 

 — “Май ойида истеъмолчиларни суюлтирилган газ билан таъминлаш бўйича 45 та анги шартнома имзоланди. Ҳудуддаги 12 та маҳаллага 2 та транспорт воситаси орқали хизмат кўрсатилади. Истеъмолчиларга суюлтирилган газдан оқилона фойдаланиш бўйича тарқатма материаллар берганмиз. Бу орқали турли тушунмовчиликлар, бахтсиз ҳодисалар ва мурожаатларнинг олдини олишга эришяпмиз. Жорий йилда суюлтирилган газ таъминоти бўйича туманимиздан ҳеч қандай мурожаат бўлмагани ҳам фикримизга мисол бўлади олади”, — дейди  бўлимнинг етакчи муҳандиси Испан Буханов. 

Конимехликлар бугун туманда бўлаётган ўзгариш, шароит ва ислоҳотлардан бахтиёр. Суюлтирилган газнинг хонадонларига ўз вақтида кириб боришини ҳам улар турмуш ҳаётлари учун енгиллик, қулайлик, деб ҳисоблашади. Туманнинг “Учтепа” овул фуқаролар йиғинида яшовчи Холниёз Алмуратов бу ҳақда шундай дейди:

“Илгари олис қишлоқда яшаш ҳақиқатда бироз қийин эди. Кўп нарсага ўзинг югуришингга, ортиқча вақт, маблағ сарфлашингга тўғри келарди. Ҳозир ҳаммаси бутунлай бошқача бўлди. Овулимиз туман марказидан 230 километр, “Бешқудуқ” қишлоғимиз эса 290 километр узоқликда жойлашган. Шундай бўлса ҳам суюлтирилган газ таъминотида бизда умуман узилиш бўлган йўқ, вақтида келади. “Газ баллонни ўлчаб олинглар”, дейишади. “Ҳажми бирор марта кам келгани йўқ”, десак ҳам қўйишмайди. Улар шунчаки газ ходими эмас, яқин кишимиздай бўлиб қолган”. 

Халқ меҳрини, ишончини қозониш осон эмас. Аммо қишнинг совуғи, ёзнинг иссиғини эмас, халқнинг эҳтиёжи ва уларнинг манфаатини ўйлаш орқали бунга эришиш мумкинлигини тумангаз филиали ходимлари ўз иш тажрибаларида намоён қилмоқдалар.

“Ҳудудгаз Навоий” МЧЖ матбуот хизмати.