Bosh sahifa Jamiyat ГАЗ ТАЪМИНОТИ ЯНАДА ЯХШИЛАНАДИ

ГАЗ ТАЪМИНОТИ ЯНАДА ЯХШИЛАНАДИ

0

Газ таъминоти ходимларининг куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўришлари аҳолини табиий газ билан бир маромда таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. 

“Ҳудудгаз Навоий” МЧЖ томонидан ҳам бу жараён уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Жамият томонидан ҳозирги кунда 152559 та хонадон табиий газ билан газлаштирилган. Бу жами аҳоли хонадонларининг 62,3 фоизига тўғри келади. Истеъмолчиларни табиий газ билан таъминловчи 3349 та газ тақсимлаш пункти мавжуд бўлиб, шундан 234 таси юқори босимли, 3115 таси ўрта босимлидир. 

Барча газ тақсимлаш қурилмалари чилангарлар томонидан белгиланган муддатларда тўлиқ техник кўрикдан ўтказиб бориляпти. Шунингдек, уларни техник тафтишдан ўтказиш ҳам режа асосида йўлга қўйилган. 

– “Газ тақимлаш қурилмаларини техник тафтишдан ўтказиш, бўёқлаш бўйича кунлик, ойлик режалар белгиланган. Ҳозирда Навоий шаҳри, Кармана ва Нурота туманларида ишлар, айниқса, фаоллик билан ташкил этиляпти. Техник тафтиш ишлари жорий йилнинг сентябр ойига қадар якунига етказилади. Иш фаолияти давомида карантин талабларига тўлиқ риоя қилиш, оралиқ масофа сақлаш, ҳимоя ниқобида бўлиш борасида ходимлар доимий равишда огоҳлантириляпти”, — дейди Жамиятнинг газ тармоқларидан комплекс фойдаланиш ва назорат қилиш бўлими муҳандиси Маҳмуд Жумаев. 

Жамият тасарруфида жами 3970,9 километр газ қувурлари мавжуд бўлиб, шундан 331,7 километри юқори босимли, 971,8 километри ўрта босимли, 2667,4 километри эса паст босимли ер ости ва ер усти газ қувурлари ҳисобланади. 

Жорий йил давомида Хатирчи туманининг “Парахун” маҳалласи Мустақиллик кўчасидаги ер ости паст босимли 0,4 километр газ қувурларини мукаммал таъмирлаш ва Навоий шаҳри, Кармана, Қизилтепа ҳамда Хатирчи туманларидаги 3,5 километр газ қувурларини реконструкция қилиш белгиланган. Натижада 2019-2020 йилдаги куз-қиш мавсумида газ таъминотида муаммолар юзага келган 1795 та хонадонда бу жараён яхшиланади. 

“Ҳудудгаз Навоий” МЧЖ матбуот хизмати