Bosh sahifa E'tirof Германиялик сайёҳ: “Нуротадаги Сентобсой табиати бизни лол қолдирди”

Германиялик сайёҳ: “Нуротадаги Сентобсой табиати бизни лол қолдирди”

0

Навоий вилоятида  май ойининг ўзидаёқ  374 та оилавий корхона ҳудудлардаги Давлат хизматлари марказларидан рўйхатдан ўтди. Рақамлар шуни кўрсатиб турибдики, бугун тадбиркорнинг бири икки бўлаётгани, айниқса оилавий корхоналарга давлатимиз томонидан берилаётган имтиёзлар, имкониятлар туфайли одамларнинг бизнес юритишга бўлган иштиёқи ортиб бормоқда. Тўғри, тижорат илмидан, малакасидан  ҳаммаям хабардор бўлавермайди, баъзиларда бу иқтидор туғма бўлади. Аммо, бугун тадбиркорлик илмини таваккал қилиб,  йирик компаниялар тузаётган, чет элларда маҳсулотига бизнес ярмаркаларида харидор топаётганлар ҳам йўқ эмас.

Бугун одамларни Президентимизнинг оилавий корхоналарни ташкил этиш юзасидан қабул қилган Фармони ғоятда руҳлантирмоқда. Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида истиқомад қилаётган Гулмира ва Нодир Қодировлар оиласи аҳолига ишбилармонлик қилиш учун яратилаётган бундай  имкониятлардан фойдаландилар. «Учтут жавоҳирлари» оилавий корхонасини очиб, тадбиркорлик ишини туризм ва меҳмонхона бизнесида таваккал қилдилар. Навбаҳор туманини Нурота замини билан боғлаб турадиган магистраль йўл ёқасида бир йўла тўртта оилага меҳмонхона бизнеси хизматини кўрсатадиган биноларни қурдилар. Ён атрофи тоғу тош, табиати бетакрор, ҳавоси мусаффо, чашманинг зилол суви оқиб турган манзилда бундай иморатларнинг яна тўрттаси қад ростлади.

Экоиқлими йилнинг тўрт фаслида ҳам сайёҳларни ўзига ром этадиган бу дам олиш мажмуасида ҳали бирам тумонат одам бўлсинки…Чунки, бу манзил шунчаки зиёрат учун ўтаётган йўловчини ҳам бефарқ қолдирмайди. Меҳмонхона комплексида овқатланиш, савдо шохобчалари болалар майдончаси, чўмилиш ҳавзалари ҳам қурилмоқда. Мазкур оилавий корхонани ташкил этишда Навбаҳор туман давлат хизматлари маркази тадбиркорларга яқиндан кўмак берди. Аниқланишича, айнан шу йўналишда корхона очаётган оилалар Навбаҳорда бисёр.

Навоий вилоятида фаолиятига кўп бўлмаган, аммо туризм хизмати билан эл оғзига тушган масканлар кўп. Сармишсой, Олмоссой, Олтинсой, Сентобсой. Номи ўзи ҳақида таассурот бериб турувчи мазкур ҳудудлар табиати, экоиқлимининг софлиги ва тоғларидаги шаршаралари, бағрида табиатни борлигича асраб қолгани учун ҳам бу манзилларга европа мамлакатларидан сайёҳлар ошиқади. Дарвоқе, Нурота тумани Давлат хизмати маркази ходимлари Сентоб қишлоғида ҳам туризм ва меҳмонхона бизнеси билан шуғулланадиган оилавий корхонани рўйхатдан ўтказдилар. Германиялик Зингфред Шнайдер оиласи билан Сентоб қишлоғига анча йиллардан буён  дам олишга келар экан. Меҳмонхона қурилиши боис сайёҳларга яратилган қулайликлардан улар ҳам мамнун. Бу ҳақда сайёҳ шундай дейди:

«Сайёҳ сифатида Ўзбекистонга биринчи марта келишим эмас. Турмуш ўртоғим билан Сентобга аввал ҳам келганмиз. Бу йил ҳам дам олиш учун шу қишлоқни танладик. Боиси, баланд тоғлар, ундаги шаршара,  булоқлар, атрофдаги бетакрор манзара, хилма-хил ўсимликлар дунёси бизни ром этган. Энг асосийси, бу ерда ёввойи табиатни учратиш мумкин. Тоғ ён-бағирларига чиқсангиз бунга гувоҳ бўласиз. Биз  баъзида тоғ чўққиларида кунлаб қолиб кетамиз. Қолаверса, Сентоб одамларининг маданияти, қадрияти, миллий удумлари ва ошхонаси бизга жуда маъқул. Жудаям бой тарих ва маданиятга эгасизлар. Менга ёқадигани 2136 метр баландликдаги  Фодилвон тоғ чўққиси. У ердан қишлоқ кафтдек кўринади. Ғоятда гўзал манзара. Сайёҳлар учун яратилган имкониятлардан хурсандмиз».

Сармиш тоғ этагида ҳам «Муҳаббат боғи» оилавий корхонасининг саъй ҳаракати билан 27 та меҳмон уйлари ишга тушди. Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, мазкур манзилда ажойиб  меҳмонхона комплексининг барпо этилиши вилоятда ички туризм ривожланишида алоҳида аҳамият касб этган. Қолаверса, хорижлик сайёҳларнинг энди йилнинг тўрт фаслида ҳам кети узилмайди. Боиси, очиқ осмон остидаги музей ҳисобланган Сармиш дараси ҳар фаслда ҳам мафтункор. Демак, тадбиркорлик қилиш учун ҳеч қачон кеч бўлмайди. Бугун сизнинг ташкил этаётган оилавий корхонангиз балки, эрта индин эл оғзига тушиб, ҳам халқ учун манфаат келтиради, ҳам етти авлодингизнинг фаровон турмушини таъминлар…

Комил НУРНАЗАРОВНавбаҳор тумани ДХМ директори.