Bosh sahifa Jamiyat Гўдакнинг камзулини қизғанган тузум ёхуд қатағонга учраган карманаликлар қисмати

Гўдакнинг камзулини қизғанган тузум ёхуд қатағонга учраган карманаликлар қисмати

0

Ўзбекистон ўз миллий мустақиллигини қўлга киритгандан сўнг холис ва ҳаққоний тарихни ўрганиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Жумладан, кейинги йилларда совет ҳукмронлиги даврида амалга оширилган коллективлаштириш, қулоқлаштириш, сургун, қатағон сиёсатларини ўрганиш ва холис тарихни яратишга алоҳида эътибор берилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва ҳудудлардаги олий таълим муассасалари тузилмасида Қатағон қурбонлари хотираси музейларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Навоий дав­лат педагогика институтида ҳам музей ташкил қилиниб, муассасада 28 нафар етакчи олим ва мутахассислар фаолият олиб бормоқда.

Улар томонидан юртимиз ҳамда хорижда нашр қилинган бир қатор адабиётлар, видеоматериаллар ҳамда аҳолининг кекса авлод қатламлари билан суҳбатлар жараёнида воҳамиз ҳудудидан қатағонга учраган кишилар ҳақида маълумотлар йиғилаяпти.

Маълумки, Совет ҳукумати оммавий қатағонларни Сиёсий бюро ва партия раҳнамолигида бевосита НКВД органларига таянган ҳолда ўтказган. Бюронинг 1937 йил 2 июлдаги “Советларга қарши унсурлар тўғрисида”ги қарори “катта террор” даврининг кенг кўламли қатағон операциясини ўтказиш учун ўзига хос “старт” бўлган.

НКВД комиссари Н. Ежовнинг 1937 йил 30 июлдаги мутлақо махфий оператив буйруғи қатағоннинг оммавий тус олишида бош омил бўлди. Унга мувофиқ, 1937 йил 10 августдан 1938 йил 1 январгача бўлган вақтда Ўзбекистон бўйича жами 10700 киши қамоққа олинган, улардан 3613 киши 1-тоифа бўйича отувга, 7087 киши 2-тоифа бўйича 8-10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Аслида буйруққа асосан, Ўзбекистондан биринчи тоифа бўйича 750 киши, иккинчи тоифа бўйича 4000, жами 4750 киши қатағонга тортилиши кўрсатилган бўлсада, амалда бу “топшириқ” ортиғи билан бажарилган. 1937 йил августда бошланган террор 1938 йилнинг ноябрида, айнан Сталиннинг террорга чек қўйиш тўғрисидаги кўрсатмаси билан тўхтатилган. Бу эса “катта террор”нинг марказдан бошқарилганлигидан далолат беради.

ХХ асрнинг 30 — йиллари охирида бошланган коллективлаштириш сиёсатининг мажбурийликка асосланганлиги, унинг оқибатида амалга оширилган қулоқлаштириш сиёсати, сургун амалиёти 40 — йилларга келиб оммавий сиёсий қатағонларга асос бўлди.

Ўрганилган ҳужжатлар ва материаллар тўпламларидан шу нарса аёнки, бу даврда Навоий вилояти ҳудудидан жами 249 киши қатағон қилинган. Агарда ушбу қатағонларга шу йилларда узоқ ўлкаларда сургунда бўлган юртдошларимизни қўшиб ҳисобласак, бу миқдор янада кўпайиб кетади.

Табиийки, бугунги Кармана тумани ҳудудидан ҳам қулоқлаштириш сиёсатининг жабрини тортган инсонлар кўпчиликни ташкил этган. Хусусан, Варқ қишлоғида истиқомат қилган, коллективлаштириш даврида хўжалиги қулоқлаштирилган Нурназар Абдуназаровнинг фарзанди Муқим ота Нурназаров шундай эслайди: “Хўжаликда 20 таноб ер, 8 хонали уй, бир неча бош қорамол, от, эшак, қўй-қўзилар бўлган. Отамнинг айтишича, уйимизга қишлоқ совети раиси билан бирга бегона кишилар келиб, уни идорага олиб кетишган. Ноҳақ ва уйдирма айбловлар натижасида хўжалик қулоққа тортилган ва район ташқарисига, аниқроғи, ҳозирги Самарқанд вилоятининг Пахтачи районига сургун қилинган. Аламли томони шундаки, мол-мулклар мусодара қилинаётган вақтда, ҳатто ҳаво совуқ бўлганлигига қарамай, менинг эгнимдаги камзулчани ҳам отамнинг кўз олдида устимдан ечиб олиб кетишган экан”.

Бухоро район милиция бўлимига тегишли 1937 йил 10 декабрдаги 62-рақамли баённомасига кўра 205 киши устидан ноҳақ ҳукм тайёрланиб, унга кўра 55 киши отувга, 150 киши 10 йилга МТЛга ҳукм қилинган. Ушбу баённома билан Кармана райони (собиқ Бухоро округи) дан ҳукм ўқилган 24 киши бўлган. Изланишлар натижасида ана шу 24 кишидан айримлари ҳақида маълумотлар топилди.

Шулардан бири карманалик Сафар Умаровдир. “Умаров Сафар — 1912 йил Кармана район Ўйрот қишлоғида туғилган, ўзбек, ҳибсга олинган вақтда колхоз аъзоси. У қуролли босқинчи жиноий тўда билан алоқада бўлганликда, талончилик қилганликдаги уйдирмалар билан айбланиб, ЎзССР ЖКнинг 78 — моддаси билан 10 йилга МТЛга ҳукм қилинган.”

Сафар бобонинг ўғли Ҳамроқул Умаров билан суҳбат қилинганда у 1992 йилда отасининг сўзлари ёзиб олинган видеотасмани тақдим этди. Хотира сифатида олинган видеотасмада Сафар бобо ўз бошидан кечирган барча воқеалар тафсилотини батафсил баён қилган. Жумладан: “1932 йилда 5 йилга қулоқ қилиниб, ҳозирги Нарпай фермерлар уюшмасига қарашли қамишзор ичидаги махсус “қулоқлар қамоқхонаси”да бўлдим. У ерда канал, ариқ, зовурлар қазиш каби оғир меҳнатларга мажбур қилиндим. 1937 йилнинг ёз ойларида озод этилдим. Орадан 20 кун ўтиб-ўтмай Кармана бозорида акам билан юрганимда 2 нафар милиция ходими олиб кетди ва Конимех райони марказидаги вақтинча сақлаш камерасида декабрь ойигача ушлаб турилдим. Декабрь ойида суд ҳукмини ўқиб эшиттирмасдан тўғридан-тўғри “сен халқ душмани Файзулла Хўжаевнинг думисан, 10 йилга қамалдинг” деб озодликдан маҳрум қилдилар. Узоқ Шарқ ва Нижний-Тагелдаги қамоқхоналарда 10 йил гуноҳсиз ўтирдим. Ваҳоланки, мен ҳатто Файзулла Хўжаевни танимас эдим, у билан бирор марта ҳам суҳбатлашмаганман. 15 йил Кармананинг сувини ичмадим. 1947 йилда қамоқдан озод бўлиб, уйга қайтдим. Мени яна негадир “чарм плаш кийганлар” излай бошлади, мен Тожикистонга қочиб яширинишга мажбур бўлдим. 1949 йилда Қарши шаҳрида яшаб, ўша ердан уйландим. Хотиним Мушарраф билан 1951 йилда Карманага кўчиб келдим. Келган заҳотиёқ, мироб бўлдим. “Колхоз пахтасини сувга бостирди” деган айб билан терговга чақиришди, аммо қишлоқ совети раиси ва колхоз раисининг актга имзо чекмаганлиги сабабли навбатдаги қамоқдан қутилиб қолдим”.

Ана шу машъум йилларда Кармана районининг Ҳазора қишлоғидан қатағон қилинган Бозор Қурбонов, Насим Боймуродов, Ходи Мавлонов, Шавқи Юнусов, Мардон Асомов, Жамол Омонов, Ҳалил Сақовлардан фақат Шавқи Юнусов 10 йилдан сўнг қайтиб келган.

Воқеалардан умумий хулоса шуки, қатағонлар совет давлати ўрнатилган илк кунларданоқ бошланган эди. Бу омил кўплаб халқлар ижтимоий-сиёсий аҳволига оғир таъсир кўрсатди. Коллективлаштириш туфайли деҳқонда ерга эгалик ҳисси ҳамда меҳнатидан манфаатдорлик йўқолди. Қулоқлаштириш натижасида нафақат тадбиркор, ишбилармон, бойлар, балки қишлоқ хўжалигининг таянчи бўлган ўрта ҳол қатлам ҳам қатағон қилинди. Сургун оқибатида аҳоли ўз ер, мол-мулкидан, оиласидан ажралди. Натижада қишлоқ эгаси камбағалдеҳқон бўлиб қолди. Бу эса иқтисодий ночор оқибатларга олиб келди.

Дарҳақиқат, бугунги Истиқлол даврида буюк аждодларимизнинг муқаддас хотираси ва жасорати олдида бош эгиб, холис ва ҳаққоний тарихни қайта тиклаш, қатағон қурбонлари бўлганларнинг номларини абадиятга муҳрлаш ҳар бир кишининг муқаддас бурчидир. Зеро, халқимизнинг севимли фарзанди, қатағон қурбони Абдулла Қодирий қайд этганидек, “Мозийга қайтиб иш кўрмоқ, хайрлидир”.

Хуршид ҚУРБОНОВ, Навоий давлат педагогика институти тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи директори, тарих фанлари номзоди.