Bosh sahifa Jamiyat Хайрия фонди ҳомийлиги билан 3 нафар навоийлик бемор бола Германияда даволаниб қайтди

Хайрия фонди ҳомийлиги билан 3 нафар навоийлик бемор бола Германияда даволаниб қайтди

0

Вилоятимиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларда яшовчи 3 нафар бемор бола Германия Федератив Республикасининг “Friedensdorf international” халқаро ташкилоти клиникаларда хайрия йўли билан даволаниб қайтди.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамоат фонди ташаббуси билан амалга оширилган мазкур чора-тадбир натижасида куйишдан кейинги оғир асоратлардан азият чекаётган беморларнинг ҳолати яхшиланди.

Жумладан, улардан бири – туманимиздаги 14-умумтаълим мактаби ўқувчиси Севинч Сахадинова бахтсиз ҳодиса туфайли нафас йўллари ва қизилўнгачида оғир куйиш жароҳати олиб, овқат ҳазм қилиш органларида муаммолар юзага келган эди.

– Қизим ҳеч нарсани юта олмай қолди, – дейди унинг онаси  Ш. Абдуллаева. – Фақат суюқлик ичарди, холос. Германиялик мутахассислар республикамизга келганида, унинг аҳволи ва ташхис натижалари билан танишди. Шундан сўнг, Севинч чет давлатдаги клиникада даволаниш учун йўлланма олди. Минг шукрки, операция ва олти ойлик тиббий муолажалардан сўнг унинг аҳволи анча яхши. Фарзандимга кўмак берган мутасаддиларнинг барчасига миннатдорлик билдираман.

Қайд этиб ўтиш лозим, хайрия фонди ҳомийлиги билан жорий йилда шунингдек, Тошкент шаҳридаги ихтисослашган клиникаларда 13 нафар навоийлик беморнинг туғма юрак нуқсони хасталигидан тўлиқ даволанишига эришилди. Муассаса томонидан бу каби эзгу ишлар тизимли равишда давом эттирилмоқда.