Bosh sahifa Yangiliklar Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши сессиясида нима муҳокама қилинди?

Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши сессиясида нима муҳокама қилинди?

0

Навоий вилоят ҳокимлиги катта мажлислар залида 19 март куни халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги ўттиз саккизинчи сессияси бўлиб ўтди.

Депутатлар, корхона-ташкилотлар раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашган анжуманда вилоят иқтисодий-ижтимоий ҳаётига оид бир қатор масалалар муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Дастлаб, жорий йил 18 мартда Халқ депутатлари вилоят Кенгашига ўтказилган сайлов натижалари хусусида вилоят сайлов комисияси раиси Ш.Джураевнинг ҳисоботи тингланди. Унга кўра, 5-“Дўстлик” округидан номзоди кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Хитой Халқ Республикаси билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Р.Назаров депутат сифатида рўйхатга олингани қайд этилди.

Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ривожлантириш, давлат шериклик асосидаги ҳамда хусусий боғчаларни ташкил этиш бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор жиҳатларидан саналади. Бу борада вилоятимизда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Депутатлар томонидан мазкур жараён танқидий кўриб чиқилиб, 2018 йилда соҳада бажариладиган ишлар юзасидан “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Эндиликда, мазкур қарорга биноан, жорий йил охиригача фаолияти йўлга қўйиладиган 140 та мактабгача таълим муассасаси учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида манзилли чора-тадбирлар бажарилади. Шунингдек, “Йўл харитаси” ижроси мониторинги юритилиб, ҳар ойда вилоят ҳокимлигида муҳокама қилиб борилади.

Президентимизнинг жорий йил 2 март куни вилоятимизга ташрифидан сўнг 2018-2019 йилларда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ишлаб чиқилиб, унга кўра тижорат банклари томонидан жами 502 та лойиҳага 5 триллион  397 миллиард сўмлик кредит ажратилиши белгиланди. Марказий банк вилоят бошқармаси бошлиғи бу борада олиб борилаётган ишлар хусусида ҳисобот берди. Депутатлар томонидан ўтган йилларда ажратилган кредитлар ҳажми ва уларнинг самараси, белгиланган лойиҳаларнинг истиқболли жиҳатларига эътибор қаратилди. Шундан сўнг, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишда тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредитларнинг натижадорлигини таъминлаш юзасидан қарор қабул қилиниб, тегишли ташкилотлар зиммасига қатор вазифалар юкланди. Жумладан, сектор раҳбарлари ўз ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳолига имтиёзли кредит ажратилиши учун тавсиянома беришда лойиҳаларнинг пухталигига аҳамият қаратиши лозимлиги, ҳокимликлар тадбиркорларга ер ажратишда уларга кўмаклашишда масъул эканлиги, “Обод қишлоқ” дастури доирасида тегишли 10 та ҳудуд аҳолиси учун паст фоизли кредитлар бериш белгиланди.

Бундан ташқари, вилоятда фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ҳудудий комиссия фаолиятини жонлантириш, Хатирчи, Кармана, Навбаҳор туманларида тадбиркорларга иссиқхона қуриш учун ер ажратиш, бюджет тизимини ислоҳ қилиш соҳасида маҳаллий ҳокимият органларига берилаётган ваколатларидан фойдаланиб, ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантиришда аҳоли қўлида тўпланган маблағларни инвестиция шаклида ҳаракатга келтириш каби масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Мазкур сессия мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда тадбиркорларга кенг шарт-шароит яратиб бериш, чекка ҳудудларда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш масалаларини тизимли ҳал этиш борасида  зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилгани билан алоҳида аҳамиятга эга бўлди.