Bosh sahifa Jamiyat Хатирчида 1500 та уй ўзбошимчалик билан қурилган

Хатирчида 1500 та уй ўзбошимчалик билан қурилган

0

Навоий вилоятининг Хатирчи туманидаги Давлат хизматлари  марказига  кунига юзлаб одам идора хизматларига эҳтиёж сезиб келади. Аҳоли сони жиҳатдан  вилоятда устунлик қиладиган мазкур туманнинг фуқаролар мурожаатлари бўйича кўрсаткичлари ҳам юқори. Буни биргина аҳолининг давлат хизматлари марказига қилган аризасидан билиш мушкул эмас.

Марказ директори Қаҳрамон Худоёровнинг берган маълумотига кўра, айни кунда аҳолининг 13 мингдан ортиқ мурожаатларига давлат хизматлари кўрсатилган. Таъкидлаш жоизки, аризаларни кўриб чиқиш жараёнида ваколатли идораларнинг беэътиборлиги туфайли муддати ўтиш ҳолатлари юзасидан қоидабузарликлар ҳам кузатилган. Бу айниқса, фуқароларнинг  ўзбошимчалик билан қурган  турар уй-жойларига мулкдорлик ҳуқуқини тиклаш бўйича берган аризаларига давлат хизматини кўрсатишда намоён бўлмоқда, дейди марказ директори.

Мавзуга ойдинлик киритсак. Туман бўйича 1500 та ўзбошимчалик билан қурилган турар уй-жойлар рўйхати олинган.  Шундан 107 та хонадон соҳиблари яшаб турган ҳовлисига эгалик ҳуқуқини тиклаш учун туман давлат хизматлари маркази орқали мурожаат қилган. Жорий йилнинг 26 октябрь ҳолатига кўра  20 нафар фуқаронинг истаги ижобий ҳал этилди. 20 тасининг аризаси кўриб чиқилмоқда.  22 та уй-жой эгаларига мулкдорлик ҳуқуқини бериш рад этилди. Аммо, 45 нафар фуқаронинг фиғони фалак. Боиси улар берган аризаларнинг қонунда белгиланган муддати ўтиб, кўчмас мулкларига эгалик ҳуқуқи эътироф этиладими, йўқми билмайдилар.

Фуқаро Фарход Қурбонов ҳам ана шундай мурожаатчилардан бири. 15  кун ўрнига 25 кун ўтибди ҳамки хонадон эгаларининг мурожаатига жавоб йўқ. Билишимизча, муддати ўтган аризаларга сабабчи объект Хатирчи туман “Ермулккадастр” ташкилоти. Корхона раҳбари Хайитов билан телефон орқали хабарлашдик, афсуски масъул ходим икки соат ўтсада қорасини кўрсатмади. Ахир, жамоатчилик учун кимнинг ҳам нишон бўлгиси келади.

Хайриятки, вазиятга жавоб бера оладиган мутахассисни топдилар. Ўзини Аброр Исломов деб таништирган Хатирчи туман “Ермулккадастр” ходими ҳолат юзасидан жўяли бир фикр ҳам айта олмади. Яқиндагина  ишга тайинланган ходим нимани ҳам гапирсин. Қолаверса, мутахассис санаб ўтган баҳоналар вазиятни юмшата олмайди. Айбни комиссия аъзоларига тўнкаш ёки сабабни интернет тизими, электр энергиясидаги узилишларга рўкач қилиш билан 45 одамнинг аризасига жавоб топилмайди. Чунки, мурожаатчилар ҳукуматимиз томонидан берилаётган имкониятдан фойдаланишга ҳақли.

Мазкур қонунбузарликлар биргина Хатирчи тумани мисолида таҳлил этилди. Аммо, бу ҳолатни вилоят бўйича таҳлил этадиган бўлсак, рақамлар ўсиб, Давлат хизматлари агентли Навоий вилояти бошқармаси томонидан ваколатли идораларнинг мутасаддиларига нисбатан қўлланилган маъмурий чоралар бисёрлигидан хабар топасиз. Давлат хизматлари агентлигининг вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Адхам Яркуловнинг таъкидлашича, содир этилган қоидабузарликларга жавобан ишчи орган ҳисобланган Ермулккадастр корхонасига 4 та тақдимнома, 6 нафар масъул ходимларга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилган.

Аслида жойлардаги давлат хизматлари марказлари  одамларнинг корхонама- ташкилот сарсон бўлишига чек қўйиш учун ташкил этилди ва сифатли хизмат кўрсатмоқда. Аммо, айрим ваколатли идора вакилларининг беэътиборлиги, ҳалиям эскича ишлаш услубидан воз кеча оламаётгани ҳақида гапиришдан мақсад “холвани али еб, калтакни вали ейдиган” замонлар ўтди, демоқчимиз холос.

photo_2018-11-05_12-32-32

Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси матбуот хизмати