Bosh sahifa Jamiyat Хатирчида маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари маошидан ушлаб қолинган 23 миллион сўм адлия...

Хатирчида маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари маошидан ушлаб қолинган 23 миллион сўм адлия бўлими аралашуви билан қайта тўлаттириб берилди

0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 апрелда эълон қилинган “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони 5-бандига биноан фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котиблари ойлик иш ҳақи жорий йил 1 майдан 1,25 бараварга ва 1 октябрдан 1,2 бараварга оширилиши назарда тутилган эди. Бу нима дегани?

Айтайлик, шу пайтгача 1.000.000 сўм маош олиб келган маҳалла йиғини  раиси 2019 йил 1 майдан 1.250.000 сўм, маҳалла йиғини масъул котиби эса 1.200.000 сўм маош оляпти дегани. Аслидачи?

Навоий вилоят адлия бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан  Фармон ижроси манзилли ўрганилганда, маҳалла йиғинлари ходимларининг ойлик маошлари афсуски, ҳалигача оширилмаган ҳолда тўлаб келинаётганлиги аниқланган.

Биргина, Хатирчи туман адлия бўлими томонидан туманда мавжуд 68 та МФЙ раисларининг 12.448.000 сўм, масъул котибларнинг эса 11.362.000 сўм миқдоридаги маошлари тўланмасдан келинаётганлиги бўйича туман ҳокимлигига тақдимнома киритилган. Тақдимнома натижасига кўра, 2019 йилнинг 9 июль ҳолатига кўра жами 23.810.000 сўм маҳалла йиғинлари ходимларига тўлаб берилган.

Бугунги кунда вилоят адлия бошқармаси томонидан қолган ҳудудлардаги вазитят ҳам ўрганилмоқда.