Bosh sahifa Jamiyat Хатирчида ота ўз болаларига тан жароҳати етказди, жиян эса амакисининг қотилига айланди

Хатирчида ота ўз болаларига тан жароҳати етказди, жиян эса амакисининг қотилига айланди

0

Фарангиз Нормўминова тўрт ёш, Шохрух Нормўминов эса энди икки ёшдан ошган. Айни болаликнинг шўх дамларини ота-онаси қучоғида, ўйнаб-кулиб ўтказиши мумкин бўлган бу гўдаклар катталарнинг ўзаро жанжали туфайли бир ўлимдан қолишди. Жорий йилнинг 29 октябрь куни отаси – Муродилла Холбоев уларни аёвсиз калтаклаб, оғир тан жароҳати олишига сабабчи бўлди. Бу воқеани эшитган кишида тошбағир отага нисбатан нафрат уйғониши табиий. Бироқ…

Муродилла Холбоев ва Маҳлиё Санақулова яхши ниятлар билан турмуш қуришганди.  Аммо ўзаро бир-бирини тушунмаслик,  оила муқаддаслиги ҳис қилиб, бир-бирига ён бермаслик, бу можароларга катталарнинг, яъни қайнота-қайнонанинг ўринсиз аралашуви оиланинг дарз кетиши ва  натижада икки гўдакнинг ҳам тани, ҳам қалби жароҳатланишига олиб келди.

Хатирчи туманидаги “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғинида бу мудҳиш воқеа рўй берган кун ҳам Маҳлиё арзимаган сабаб туфайли қайнотаси Нормўмин Сатторов билан жанжаллашади. Ишдан қайтган  Муродилла  можаро устидан чиқади. Маҳлиё турмуш ўртоғини кўриб ҳам даҳанаки жангга нуқта қўймай, қайнотаси билан “айтишишда” давом этади. Аёлининг отасига ҳурматсизлик қилаётганидан ғазабланган Муродилла Маҳлиёни “ўчиришга” уринади. Жаҳл устида ақлини йўқотган аёл эса “калта қайтмай” турмуш ўртоғига “сен билан ажрашаман, болаларга алимент тўлайсан” дея бадтар шовқин кўтаради. Рафиқасининг отаси ва ўзига бўлган бу писандсиз муносабатдан ғазаб отига минган Муродилла аёлини калтаклашга тушади. Бу ҳолтага гувоҳ бўлиб турган болалар эса “онамни урманг” дея изиллаганча отанинг оёғига тармашади. Жаҳл кўзини кўр қилган ота қўлидаги белкурак билан аввал қизининг, кейин ўғлининг бошига уради. Гўдаклар ҳушсиз ҳолатда Хатирчи туман шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилади. Муродилла Холбоевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди ва у  эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинади. Айни пайтда тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда.

— Мазкур жиноятни туман прокуратураси, ички ишлар бўлими, жиноят ишлари бўйича туман суди ҳамкорлигида маҳалламизда муҳокама қилдик, — дейди Хатирчи туманидаги “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳасан Нормуродов. — Аслида бу оиладаги можаро анчадан буён давом этади. Бунга аёлнинг ҳам, эркакнинг ҳам айби бор, албатта. Бироқ, оиланинг тинчлиги учун энг аввало аёл ҳаракат қилиши лозим. Чунки аёл ожиза бўлса-да, тарбиячи. У нафақат фарзандларини, ўрни келса, турмуш ўртоғини ҳам тарбилаши керак. Аёл тилини йиғмаса, андишани унутиб, бетгачопарлик қилса, эркакни тўғри йўлдан оздириши турган гап. Афсуски, Маҳлиёга бу ҳақиқатни тушунтиришнинг иложи бўлмади. Маҳалла фаоллари бу воқеагача ҳам у билан бир неча бор суҳбатлашганди. Аммо панд-насиҳатлар қулоғига кирмади.

Эркакнинг ҳар қандай хатосида аёлнинг айби бор, деган эди француз адиби Даниэл Дидро. Оқсоқол айтганидек, Муродилланинг “диндан чиқишига”, ўз зурриётларига ҳаёти учун хавфли даражадаги тан жароҳати етказишига Маҳлиёнинг феъл-атвори, илон заҳридан оғир гап-сўзи сабаб бўлди. Энди у бу  қилмиши учун қонун олдида жавоб бериши муқаррар. Айни дамда ўз қилмишидан астойдил пушаймон бўлаётган, дилбандлари дардига шифо сўраётган ота белгиланган жазони ўтар, аммо мурғак қалбларга етган тан жароҳати битармикан?

— Мактабда Муродиллага дарс берганман. У кўз олдимизда улғайган, бировга озор берадиган бола эмас эди. Тенгқурлари, қўни-қўшнилар билан бирон марта “сан-манга бормаган”. Афсуски, рўзғори тинчимади, — дейди маҳалла фаоли Зайтуна Бобоқулова. — Бундан уч ой аввал бу оилани яраштирган эдик. Тинчиб кетди, дея қувониб турганимизда бу воқеа содир бўлди.

Қочган ҳам, қувган ҳам “Худо” деркан.  Албатта Муродилла мутлақо айбсиз эмас. Чунки инсон ҳаёти дахлсиз бўлиб, унга дахл қилишга, бировни уришга, калтаклашга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Аниқланишича, Муродилла аввал ҳам Маҳлиёни бир неча марта калтаклаган. Охир-оқибат унинг бу жоҳиллиги касри фарзандларига ҳам урди.

Куни кеча интернет сайтларида Хатирчи туманида содир этилган яна бир жиноят – жиян амакисини ёғоч билан уриб, унга оғир тан жароҳати етказгани ҳақидаги хабар  тарқалди. Навоий вилоят ИИБ маълумотига кўра, “Дамариқ” маҳалла фуқаролар йиғинида рўй берган мазкур ҳолат ичкилик оқибатида келиб чиққан. Фуқаро Исмат Ортиқов амакиси Фурқат Ортиқов билан ҳамкорликда дурадгорлик билан шуғулланарди. Амаки-жиян томонидан тайёрланган бешик ва сандиқлар Хатирчи бозорларида харидоргир эди. Мудҳиш воқеа юз берган куни Исмат амакисининг уйида бешик ясаётган эди. Кўчадан маст ҳолатда келган Фурқат Ортиқов ҳе йўқ, бе йўқ жиянини электр энергиясини исроф қилишда айблаб, уни ҳақоратлашга тушади. Ф. Ортиқов  бу билан ҳам кифояланмай, қўлига тушган ёғоч бўлаклари, яъни бешиксозликда зарур ашёларни тўрт тарафга ота бошлайди. Оғзидан “шоди кириб, боди чиқаётган”  амакидан ғазабланган жиян  бешикнинг “қуши” билан унинг бошига қандай урганини билмай қолади. Фурқат Ортиқов сархушлиги боис оғриқни ҳам сезмай, сўкинганча кўчага чиқиб кетади. Орадан анча вақт ўтгач уни қўшнилари уйга кўтариб келишади. Бош миянинг оғир даражадаги лат ейиши ва суяк синиши оқибатида Ф. Ортиқов амалга оширилган тиббий муолажаларга қарамай, шифохонада ҳаётдан кўз юмади.

Ҳозирда Исмат Ортиқовга нисбатан Хатирчи туман ИИБ томонидан жиноят иши очилиб, тергов-суриштирув ишлари бошланди. “Дамариқ” маҳалласи фаолларининг айтишича, бу фуқаро ҳам шу пайтгача бировга озор бермаган, оилам, бола-чақам дейдиган инсон, икки нафар вояга етмаган фарзанди бор. Дунёдан ўтганлар ҳақида ёмон гап айтиш миллатимизга хос эмас. Бироқ, афсуски,  ичкиликка берилган амаки ҳам ўзининг, ҳам жиянининг умрига завол бўлди.

Афсуски, кейинги пайтларда оилавий можаролар ва қариндош-уруғлар ўртасидаги низолар оқибатида содир этилган жиноятлар сони кўпайди. Бу маҳалла фаоллари, фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар ўз вазифасига янада масъулиятли бўлишини тақозо этади.

Холбиби САФАРОВА.