Bosh sahifa E'tirof Хатми Қуръон – энг афзал амаллардан

Хатми Қуръон – энг афзал амаллардан

0

Қалбларимизни мунаввар қилиб, юртимизга файз-барака олиб келган Рамазон хатми Қуръон ва мағфират ойидир. Боиси, таровеҳ намозларида ўқилаётган оятлар шарофатидан еру осмондан баракотлар ёғилиб, ризқ-рўзимиз мўл бўлади.

Мазкур фараҳбахш ойда Қуръони каримни ўқиб тугатиш бевосита Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсий амаллари асосида йўлга қўйилган. Ушбу муборак кунларда Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу азиз китобдан нозил бўлган сураларни тўлиқ ўқиб берар эди.

Аллоҳ Таоло ўзининг каломини буюк ва азизлигини таъкидлаб, Қуръони каримнинг “Ҳашр” сураси 21-оятида шундай марҳамат қилади: “Қуръонни бирор тоғ узра нозил қилганимизда эди, албатта, уни Аллоҳнинг қўрқувидан ўзини хор тутган ва ёрилиб кетган ҳолида кўрган бўлур эдингиз. Биз бу мисолларни одамларга зора улар тафаккур қилсалар, деб келтирмоқдамиз”.

Муқаддас ислом динимизда қайси амал буюрилган, тарғиб қилинган бўлса, унинг инсоният учун кўплаб манфаатлари борлигини ҳаётнинг ўзи исботламоқда. Жумладан, Қуръонни хатм қилишда, айниқса, уни Рамазон ойида якунлашда жуда кўп фойда ва мақсадлар бор. Улардан энг асосийларини эслаб ўтамиз.

Хатми Қуръон энг афзал амаллардандир. Бу борада Абдадан Доримий ривоят қилган ҳадисда айтилишича, “Агар киши Қуръонни кундузи хатм қилса, фаришталар кечгача унинг ҳаққига салавот айтадилар. Агар у ундан (Қуръондан) тунда фориғ бўлса, фаришталар тонг отгунча унинг ҳаққига салавот айтадилар”. Китоб мутолааси охирлаётганда Ер юзига Аллоҳнинг раҳмати ёғилади. Яъни, Мужоҳиддан Ибн Абу Шайба ривоят қилганидек, “хатми Қуръон чоғида раҳмат нозил бўлади”.

Қуръон тиловатидан баҳрамандлик, у билан дилни тозалаш ва тилни безаш, маъноларидан бохабарлик, уларни тадаббур қилиш (тушуниб, англаш), мазмунини чақиш ва қалбга сингдириш бандага катта манфаат етказади. Каломуллоҳни тушуниб ўқиган киши ҳар гал янги-янги мазмунларни кашф этади, олдин шуурига етмаган ҳақиқатларни англаб боради.

Оиша розияллоҳу анҳодан Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган ҳадисда айтилишича, “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръонни моҳирлик билан ўқийдиган киши мукаррам, олижаноб элчи фаришталар билан биргадир”, дедилар”. Муборак каломни доимий такрорлаб туриш тилни равон қилади, кўзни равшан этади, ақлни пешлайди. Ривоятга кўра, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу “Қуръон ҳофизининг ақли заифлашмайди, хотираси кетмайди”, деган. Каломуллоҳни хатм қилиш дуолар мустажоб бўлишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Табароний Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким Қуръонни ўқиб чиқса, унинг учун Аллоҳнинг ҳузурида мустажоб бўладиган дуо, яъни исми аъзам бордир. У Зот хоҳласа, уни бу дунёда беради, хоҳласа, охиратга қолдиради”.

Ҳа, Рамазон хатми Қуръони баракот ва мағфират манбасидир. “Зарафшон” жоме масжидида ўн беш кун давом этган мазкур тадбир ўз якунига етди. Ҳамшаҳарларимиз унда юксак умид, иштиёқ ва юқори ихлос билан қатнашди. Юртимиз бўйлаб ўқилаётган хатми Қуръонлар билан янада безанган мағфират, тақво ва покланиш ойи бўлмиш Рамазон барчамизга муборак бўлсин! Бу ойнинг ҳурматидан Аллоҳ юзларимизни калом нурлари билан мунаввар этсин. Мўмин-мусулмонларнинг Қуръони каримга муҳаббатларини янада зиёда қилсин!

К. ШОДМОНОВ, Зарафшон шаҳрар бош имом-хатиби.