Bosh sahifa Mualliflardan Хавфли рецидивист ҳам инсон аслида…

Хавфли рецидивист ҳам инсон аслида…

0

Хатога йўл қўйишдан кўра уни тузатишга ҳаракат қилмаслик мудҳишроқ ҳисобланади. Зеро, хом сут эмган банданинг билиб-билмай нотўғри қадам босиши эҳтимолдан йироқ эмас. Аммо, қайта-қайта жиноятга қўл урадиган кимсалар ҳам орамизда йўқ эмаски, уларнинг бу хатти-ҳаракати кишини чуқур ўйга толдиради.

“Катта мачит” маҳалласида истиқомат қилувчи Анвар Ҳаққулов (исм-фамилия ўзгартирилган) 2 нафар фарзанднинг отаси. Унга жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг ҳукмига кўра 2015 ҳамда  2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг  169-моддаси 2-қисми “г” банди билан ахлоқ тузатиш жазолари тайинланган ва икки бор ҳам маълум муддат ўтгач шартли равишда жазодан озод этилган.

Бироқ, мазкур енгилликлардан тўғри хулоса қилмаган фуқаро яна жиноят кўчасига кирди. Ҳаммаси ичкиликдан бошланди. Аввалига таниш жўралар билан спиртли ичимлик истеъмол қилишди. Сўнгра уйига қайтган Анварнинг пиво ичгиси келиб қолди ва ўзи ҳар доим борадиган ресторанга йўл олди. Пиводан симириб ўтирган маҳала эса икки таниш аёл келиб қолди. Кутилмаган бу ташрифдан ўзича қувониб кетган  Анвар уларни ўзи ўтирган столга таклиф қилди. Бирга еб-ичишгач, хонимлар ўз йўлларига равона бўлишди. Гап тўловдан бошланганида эса “ҳотамтой”нинг чўнтаги қуппа-қуруқ эди. Нима қиларини билмаган Анвар боягина уларга хизмат қилган официант йигитчани эргаштириб бир неча танишларининг уйига борди ­­- унга пул берадиган одам топилмади.

Машина Анварнинг кўчаси бошида тўхтади. Қоп-қоронғу кўчада ғира-шира кўринаётган атрофга бир разм солиб, қандайдир шумлик кўнглидан ўтган Анварга анчагина суммага бориб қолган зиёфат бадалини олиб келишни яна бир бор тайинлашди. Уйигача етиб бормай устахона олдида автобусни кўрди. Ярим тун. Бундан бошқа қулайроқ вақт бўлиши мумкин эмас. Шуни хаёл қилган маст эркак автобуснинг эшигини амаллаб очиб, ичкарига киради ва магнитафон ҳамда иккита карнайни қўлга киритиб, оҳиста ташқарига чиқади. Қарасаки “бахтига” яна бошқа бир автобус ҳам турибди. Бир йўла уни ҳам шип-шийдон қилишни ўйлаган ўғри ушбу автобус салонига ҳам кириб, яна бир магнитафон ва антирадар мосламасини юлиб олади.

Аслида икки автобуснинг эгаси ҳам унга таниш эди. На ўғрилигининг оқибати қандай якунланиши ва на тушда бир дастурхонда ўтириб овқатланган кишиларига қай кўз билан қарашини ўйлган Анвар учун муаммо ҳал бўлгандек эди гўё. Уни кўча бошида кутиб турганларга қўлидагиларнинг айримларини бериб, ҳозирча шуни олиб туришларини, пулни албатта этиб беришини айтади. Антирадарни эса сотишга чоғланади ва ҳамроҳларидан бири уни олишга рози бўлади. Эллик минг сўмга ўғирланган буюм сотилгач, ичкиликбозлик яна давом этади…

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай мазкур жиноят фош бўлди. Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судида очиқ суд мажлиси ўтказилиб, ушбу ҳолат яна бир бор муҳокама қилинди.

Бу сафар Анвар Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг  169-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли, деб топлиди ва 3 йил-у бир ой озодликдан маҳрум қилинди.

Баъзан жиноятлар мазмуни ва уларни содир этаётганлар таҳлил қилинар экан, қайта-қайта хатога йўл қўяётган айрим кишиларни тўғри йўлга қандай қайтариш керак, уларни одоб-ахлоққа ўргатиш мумкинми ўзи, деган саволлар ўртага ташланади. Бир неча бор судланган кимсанинг яна панжара ортида ўтиргани умидларни пучга чиқарса-да, балки яна бир имконияти бордир, деган ўй қалбнинг туб-тубида ўчар-ўчмас шамдек милтиллаб тураверади. Сабаби ҳар қандай хавфли рецидивист ҳам инсон аслида. Унда ҳам қалб бордир, ахир?

А. САЙДУЛЛАЕВ, Жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди судьяси.

Ш. ХУДОЙБЕРДИЕВ, Кармана туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси.