Bosh sahifa Yangiliklar Хоразм, Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятлари қишлоқ хўжалигидаги илғор тажрибалар ўрганилди

Хоразм, Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятлари қишлоқ хўжалигидаги илғор тажрибалар ўрганилди

0

2-3 сентябрь кунлари Хоразм, Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Зойир Мирзаев, Қишлоқ хўжалиги вазири Баҳодир Юсуповлар иштирокида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ва вилоятлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, балиқчилик ва пахтачилик йўналишида тажрибали фермер хўжаликлари, фаолият юритаётган ва 2019 йилда янгидан ташкил этиладиган пахта-тўқимачилик кластери корхоналари раҳбарлари учун кўргазмали семинар ташкил этилди.

Семинарнинг биринчи кунида  қатнашчилар Хоразм вилояти Янгибозор туманидаги “Хоразм фахри” фермер хўжалигида “Шолибалиқ” усулида шоли ва балиқ етиштириш, аччиқ қалампир, қўшқатор усулда пахта етиштириш, шунингдек ғўза қатор орасига ҳамда очиқ майдонларга кузги бошоқли дон экиш тажрибасини ўргандилар.

Хоразм вилоятида  сув ва ер танқислиги  ҳамда мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш учун шоли майдонларида балиқ етиштириш қўшимча даромад мақсадида янги  йўналиш сифатида ривожлантирилмоқда.

2017-2018 йилда вилоятнинг Янгибозор туманидаги “Хоразм фахри” фермер хўжалиги далаларида 20 гектар майдонда шоли экилиб, шоли экилган майдонларда қўшимча балиқлантириш ҳисобига гектаридан 400 — 600 кг  балиқ етиштириш ишлари йўлга қўйилган.  Шоли ва балиқни биргаликдаги ўстириш ишларида шолининг кечпишар навлари экилганда яхши натижа олиниши, ҳавзанининг сувини  қуритишда сувни бир жойдан туширилиши, ерни лазерли текислагичлар билан сифатли қилиб тайёрлаш юқори ҳосил етиштиришнинг гарови бўлиши бўйича семинар қатнашчиларига тушунчалар  берилди.

Шунингдек, Хива туманидаги  “Хоразм балиқ саноат агро” масъулияти чекланган жамиятида Вьетнам технологияси асосида балиқ етиштириш ва балиқни қайта ишлаш тажрибалари билан таништирилди. Ушбу балиқчилик кластерида  қиймати 1,5 млн. АҚШ доллариги тенг бўлган  соатига 2 тонна ем ишлаб чиқариш, 3600 дона консерва банка штамплаш ҳамда  500 тонна балиқ маҳсулотларидан консерва ишлаб чиқариш линияси ишга тушириш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда. Бунинг учун Хитойдан замонавий ускуналар олиб келиниб ўрнатилди. Семинар иштирокчиларига ушбу корхона фаолияти тўғрисида  батафсил маълумот берилди.

Семинарнинг иккинчи кунида иштирокчилар Бухоро вилояти Ромитан туманидаги “BCT Cluster Agrokompleks” масъулияти чекланган жамиятида кластер усулида пахта етиштириш тажрибаси билан танишдилар.

Мазкур кластер корхонаси туманнинг Нурафшон, Боғитуркон, Қоқиштувон, Миришкор ва Шўрча ҳудудлардаги 8 минг гектар экин майдонларини тасарруф этади.

IMG_1284

Кластер корхонаси томнидан 123,1 миллион АҚШ долларилик инвестиция йўналтирилиб, дунёнинг етакчи давлатларида ишлаб чиқарилган замонавий калава, уни бўяш ва тўқув-трикотаж фабрикалари ташкил этилиши назарда тутилган. Мазкур йирик лойиҳага кўра, келгусида кластерда жами саккизта компания фаолияти йўлга қўйилади. Пахта экиш агрокомплекси, пахтани қайта ишлаш ва тозалаш заводи, бешта фабрикани ўз ичига олган тўқимачилик мажмуаси, ёғ-мой заводи, 12 минг бош қорамол парваришлашга мўлжалланган чорвачилик фермаси, биогаз ишлаб чиқариш заводи, тежамкор технологияларга асосланган 20 гектарлик иссиқхона, 25 турдан ортиқ сут ва гўшт маҳсулотлари тайёрланадиган корхона шулар жумласидандир. Матони бўяшда ишлатиладиган қимматбаҳо табиий бўёқ олинадиган индиго-ферум ўсимлиги ҳам айнан кластер ҳудудида экилаяпти.Ўтган даврда хориждан 20 та ҳайдов, 122 та “МТЗ” чопиқ тракторлари,
42 та юк ташувчи “МТЗ” трактори, ҳайдов техникасига тиркаладиган 25 та омоч, 8 та “Кейс-1200” чигит экиш сеялкаси, 122 та культиватор ва бошқа техникалар олиб келинди. Ҳозирда МЧЖнинг  қишлоқ хўжалик техникаларига хизмат кўрсатиш парки биноси қурилиши якунига етказилмоқда.

IMG_1298

Умуман олганда, бугун МЧЖдаги 78 та участка далаларида меҳнат қизғин, 3000 дан зиёд деҳқонларни бирлаштирган жамоа жорий йилда 28 минг тонна пахта йиғиштириб олишга қатъий  бел боғлаган. Йиғим-теримда унда иштирок этган ходимларга фермер хўжаликларидагидагига нисбатан анча кўпроқ ҳақ тўланиши кўзда тутилмоқда. Бу ҳам муҳим рағбат, — дейди  “BCT CLUSTER AGROKOMPLEKS” МЧЖ раиси Матлуб Нўъмонов.

Ўтган йили бу жойлардаги ерлар чигит ва ғалла экадиган фермер хўжаликларига тегишли бўлиб, атиги 436 нафар киши меҳнат қилган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 3 мингдан ошди. Энг муҳими, ишчидан тортиб, менежер-раҳбарларгача ҳар томонлама мақбул ойлик иш ҳақлари белгиланган ва янгидан меҳнат дафтарчаси очилган. Битта оиладан уч-тўрт киши меҳнат қилиб, ойига қарийб 6 миллион сўм даромад қилмоқда.

Шундан сўнг кўргазмали семинар Навоий вилоятининг Кармана туманида бўлиб, Уйрот маҳалласида истиқомат қилувчи Обид Саидов томорқасида интенсив балиқ етиштириш технологияси билан танишдилар. Замонавий ва ихчам кўринишдаги мосламада 5 мингта балиқ чаноқлари етиштиришга мўлжалланган бўлиб, мазкур масканда 12 тоннагача балиқ маҳсулоти етиштирилади.

Семинар давомида бу каби интенсив усулда балиқ етиштиришни республикада оммалаштириш аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди. Балиқ етиштириш бўйича истиқболли лойиҳаларга зарурий тавсиялар берилди.

photo_2018-09-04_21-13-18

Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги «Иштихон нурли давр»  фермер хўжалигида томчилатиб суғориш технологияси асосида пахта етиштириш тажрибаси семинар иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Айни пайтда ушбу фермер хўжалигини томонидан 134 гектар майдондаги пахта  томчилаб суғориш технологияси орқали етиштирилмоқда.

Ўтган йилларда мазкур пахта майдонларига қарийб 40 километр узоқликдан сув олиб келиниб, ҳосилдорлик 12-14 центнерни ташкил этган бўлса, жорий  йилда 45 центнердан кам бўлмаган ҳосил олиш кутилмоқда.

— Томчилатиб суғоришнинг афзалликлари жуда кўп бўлиб, вегетация даврида азотли ўғитлар ва ёнилғи мойлаш маҳсулотлари харажатлари
30-40 фоизга, меҳнат сарфини 2-2,5 мартага, энг асосийси сув сарфини 60-65 фоизга тежай имконини беради. Шунингдек ушбу технология  дренаж қурилишини талаб қилмайди, экин ерларини қўшилади, ер ости сувлари ва тузлар юқорига кўтарилмайди, тупроқ тузилмаси сақланиб қолади, ғўза қатор ораларида тупроқ бутун мавсум мобайнида қуруқ бўлиб агротехник тадбирларни бажаришда техника ва одамлар ҳаракатланиши учун қулай бўлади.

Томчилатиб суғориш технологиясини қўллашда маҳсулот ҳосилдорлиги ва сифати юқори бўлади. Суғориш билан бирга берилган ўғитлар ғўза илдиз тизимига аниқ тушиши ва ўғитлар тўлиқ ўзлаштирилиши ҳисобига анъанавий суғоришга нисбатан ҳосилдорлик 50-55 фоизга юқори бўлади, — дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Исроилжон Холмирзаев.

Икки кунлик кўргазмали семинар иштирокчиларда қишлоқ хўжалигини юритишда янгича ёндашув ва иш услубларини жорий этиш бўйича  аниқ тасаввурларни уйғотди. Илғор фермерларнинг амалий тажрибаларини барча вилоятларда оммалаштириш бўйича таклифлар берилди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати