Bosh sahifa Jamiyat ХОРИЖИЙ КОРХОНАЛАР ҚАНДАЙ ИМТИЁЗЛАРДАН ФОЙДАЛАНАДИ?

ХОРИЖИЙ КОРХОНАЛАР ҚАНДАЙ ИМТИЁЗЛАРДАН ФОЙДАЛАНАДИ?

0

Мамлакатимизда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, хусусийлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ва реконструкция қилиш, республиканинг ишчи кучи мавжуд бўлган ҳудудларида янги иш жойларини яратиш дастурларини амалга оширишга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кенг жалб этилмоқда.

Хусусан, ички бозорга хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш мақсадида чет эл капитали иштирокидаги корхоналар учун қатор солиқ имтиёзлари жорий этилмоқда.

Хусусан, юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ривожлантиришга тўғридан-тўғри қўйилмалар киритаётган хорижий инвесторлар учун максимал даражада қулай инвестиция муҳитини яратиш, республика минтақаларига хорижий сармоялар ва замонавий технологиялар жалб этилиши рағбатлантирилишини кучайтириш, хорижий инвесторлар ҳамда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун кафолатлар ва имтиёзлар тизими янада мустаҳкамланаяпти. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармони билан хорижий инвесторлар ва инвестициялар учун қулай режимни сақлаб қолиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ишончли ҳуқуқий ҳимоялаш асосий йўналишлардан бири этиб белгиланган. Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Солиқ кодекси ҳар жиҳатдан қулайлиги, асосийси, солиқ тўловчиларга кенг имкониятларни яратгани билан амалиётда юксак эътироф этилмоқда.

Хусусан, тўғридан-тўғри хусусий чет эл инвестициялари деганда чет давлатнинг фуқаролари бўлган жисмоний шахслар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек чет эллик нодавлат юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг кафолатини тақдим этмасдан амалга ошириладиган инвестициялар тушунилади. Буни тўғридан-тўғри хусусий чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга Солиқ кодекси билан берилган имтиёзлардан кўриш мумкин. Жумладан, юридик шахсларга Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан белгиланадиган муддатга киритилган тўғридан-тўғри хусусий чет эл инвестициялари ҳажмига қараб, ер, мол-мулк солиғи ҳамда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлашдан озод этиш тарзидаги солиқ имтиёзлари берилган. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 11 апрелдаги “Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар ҳажмига қараб солиқ имтиёзлари татбиқ этилиши белгиланган. Масалан, 300 минг АҚШ долларидан 3 миллион АҚШ долларигача инвестиция жалб қилган хорижий тадбиркорга 3 йил муддатга, агарда 3 миллион АҚШ долларидан ортиқ 10 миллион АҚШ долларигача 5 йил муддатга ҳамда 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлганда 7 йил муддатга солиқ имтиёзлари жорий этилади.

Шунингдек, Солиқ кодексида тўғридан-тўғри хусусий чет эл инвестициялари иштирокидаги юридик шахслар томонидан бир қатор шартлар бажарилган тақдирда солиқ имтиёзлари қўлланилиши белгиланган. Хусусан, юридик шахслар қонун ҳужжатларида белгиланадиган ҳудудларга жойлаштирилганда, чет эллик инвесторлар томонидан тўғридан-тўғри хусусий чет эл инвестициялари Ўзбекистон Республикасининг кафолати берилмаган ҳолда амалга оширилганда, юридик шахсларнинг устав фондида  ёки устав капиталида чет эллик иштирокчиларнинг улуши камида 33 фоиз, акциядорлик жамиятлари учун эса камида 15 фоиз бўлганда, чет эл инвестициялари эркин айирбошланадиган валюта ёки янги замонавий технологик асбоб-ускуна тарзида киритилганда ҳамда солиқ имтиёзлари берилганлиги натижасида уларнинг қўлланилиши муддати мобайнида олинган даромадларнинг камида 50 фоизи ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш мақсадида реинвестицияга йўналтирилганда бундай имтиёзлар қўлланилади.

Мухтасар айтганда, бундай имкониятлар мамлакатимиз инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.

Олим НАЙИМОВ, Навоий вилояти Давлат солиқ  бошқармаси шўъба бошлиғи