Bosh sahifa Mualliflardan ХОТИН-ҚИЗЛАРНИ ТАЗЙИҚ ВА ЗЎРАВОНЛИКДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТИЗИМИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛДИ

ХОТИН-ҚИЗЛАРНИ ТАЗЙИҚ ВА ЗЎРАВОНЛИКДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТИЗИМИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛДИ

0

Аёл зоти табиатнинг нозик хилқати, деб таъриф берилиши бежиз эмас. Ҳақиқатан хотин-қизлар эътибор ва ҳимояга доим эҳтиёж сезади. Аммо ҳаёт доим бир текисда давом этмайди. Айрим ҳолларда хотин-қизлар турли шавқатсизликларга ҳам дуч келади. Албатта, бундай ҳолларда уларнинг ҳуқуқлари умумий ҳуқуқий меъзонларга мувофиқ ҳимоя қилиб келинган.
Эндиликда эса хотин-қизларни ҳимоялаш механизмини кучайтириш мақсадида, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. 03.09.2019 йилдан кучга кирган мазкур қонун давлатимиз раҳбарининг 07.03.2019 йилдаги “Хотин-қизларни меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилди. Мазкур қонун 35 моддадан иборат.
Қонуннинг мақсади, хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган.
Эндиликда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилгани ёки уларги содир этиш таҳдиди тўғрисида ариза билан тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, улар махсус марказларда, ишонч телефони орқали бепул ҳуқуқий маслаҳат олади.   Ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш, ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилишга ҳақли. Ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда уларни бу ҳақда хабардор қилиш, содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни қоплаш талаби билан судга ҳам мурожаат этишлари мумкин. Судга мурожаат этганида улар давлат божи тўлашдан озод қилинади.
Мазкур қонун билан давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳам белгиланди. Жумладан, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги гендер сиёсати юритилади. Давлат дастурлари ҳамда стратегиялари ишлаб чиқилади ва амалга оширилади. Жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқлар ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳити яратилади.
Қонунда фаолияти хотин-қизлар билан боғлиқ бўлган барча давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари белгиланди.
Бундан ташқари қонунда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларни хабардор қилиш тартиби ўрин олди. Бунинг моҳияти шундаки, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш механизмини яратади. Яъни тун-у кун ишлайдиган, бепул телефон линияси тармоғи фаолияти йўлга қўйилади. Профилактика суҳбати ўтказишга jbl меъёрлар ҳам белгиланди. Бундай чора тазйиқ ва зўравонлик ҳолларини аниқлаган ваколатли орган вакили томонидан уни содир этишга мойил шахслар билан ўтказилади.
Бу жараёнда шу шахсга жамиятда умумқабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этиш, ғайриижтимоий хулқ-атворнинг ижтимоий ҳамда ҳуқуқий оқибатлари тушунтирилади. Акс ҳолда жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилади.
Қонундаги энг муҳим жиҳат- ҳимоя ордерини бериш билан боғлиқ. Эндиликда тазйиққа дуч келган хотин-қизларга ҳимоя ордери берилади. Қонунда ордер бериш тартиби, унинг муддатини узайтириш, ҳимоя ордерида назарда тутиладиган чекловлар акс этган.
Суннатилло ҚАЮМОВ, Навоий шаҳар адлия бўлими катта маслаҳатчиси