Bosh sahifa Jamiyat “HUDUDGAZ NAVOIY” МАСЪУЛИЯТИ ЧЕКЛАНГАН ЖАМИЯТИ ХОДИМЛАРИГА НИСБАТАН НОҲАҚЛИК ҚИЛЯПТИМИ?

“HUDUDGAZ NAVOIY” МАСЪУЛИЯТИ ЧЕКЛАНГАН ЖАМИЯТИ ХОДИМЛАРИГА НИСБАТАН НОҲАҚЛИК ҚИЛЯПТИМИ?

0
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 июлда эълон қилинган “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти “Ўзбекнефтгаз”  таркибидан чиқарилиб, унинг газ таъминоти бўйича ҳудудий филиаллари ташкил этилди.
Вилоятимизда ҳам айни пайтда “Hududgaz Navoiy” МЧЖ ҳамда унинг шаҳар-туман тармоқлари иш олиб бораётган бўлиб, ҳозирда мазкур тизимда 700 нафардан зиёд ходимнинг бандлиги таъминланган.
“Аввалги бир кишининг ойлигини ҳозир уч кишига беришмоқда”
Мазкур корхонада жорий йилнинг 1 январь ҳолатида 78 нафар шахс билан қоровуллик ҳамда фаррошлик вазифаларини бажариш учун фуқаровий-ҳуқуқий шартномалар тузилган. Бундан ташқари, 26 нафар киши ҳам қурилиш-монтаж бригадаларида шу асосда иш олиб бормоқда. Айни пайтда айнан мана шу ¬– фуқаролик ҳуқуқий шартномалар асосида ишга ёлланганлар корхона фаолиятидан норозилик билдиряпти. Сабаби улар шартнома асосида 500-550 минг сўм маош олишмоқда. Қолаверса бу фаолият қонунчилик бўйича иш стажига ўтмайди ҳамда мукофот пуллари ва бошқа моддий ёрдамлар ҳам берилмайди. Аслида, улар ташкилотга бегона одамлар ҳам эмас. 10 ҳатто 20 йиллаб  газ идораларида ишлаб, 1,5 миллон сўмдан кам ойлик олмаганлар бугунги кунда ҳам аввалги вазифаларини бажаришмоқда-ю, маошлари эса ҳаминқадар…Бунинг боиси не?
Хусусан, айни пайтда  “Навбаҳор” газ тақсимлаш шохобчасида қоровул вазифасида ишлаётган Нарзулла Обидов ҳам қарийб 19 йилдан буён вилоят газ идораларида хизмат қилиб келмоқда.
— Уч нафар фарзандим бор, — дейди Н.Обидов. – Банкдан кредит олганман. Буни тўлашим зарур. Ўзингиз ўйланг, 500 минг маош бир оилага етадими? Мен билан бирга шохобчада 3 нафар қоровул бор. Уларнинг ҳам ҳолати мен каби. Нимагадир кейинги даврда газ идораларида пастки қатлам – қоровуллар ва фаррошларга муносабат шу даражага тушиб кетди. Ўзим Навоий шаҳри ҳудудида тураман. Олаётган маошим ўзимга – Навбаҳорга бориб келишимга-да етмайди.
Н.Обидов билан тузилган фуқаровий-ҳуқуқий шартномани кўздан кечирамиз. Ижрочининг мажбуриятлари 10 та бандда, буюртмачининг мажбуриятлари бор йўғи 7 та бандда ифодаланган. Моддий жавобгарлиги катта бўлган мазкур вазифалар нега штат асосида белгиланмагани эса биз учун қоронғу.
Н.Обидовга 2019 йилнинг 9 сентябрь санасида огоҳлантириш хати берилган. Мазкур хатда иш ҳажмининг қисқаргани муносабати билан ўзаро тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинаётгани баён этилган. Бироқ, бугунги кунда “Hudugaz Navoiy”нинг штатлар жадвали бўйича ходимлар сони собиқ корхонага қараганда 20-30 нафар кишига кўпайган. Бу ҳолат ҳам кишини ўйга толдиради.
Шуҳрат Шукуров ҳам “Hudugaz”нинг Навоий шаҳридаги идорасида қоровул вазифасида фаолият юритади. 10 йилдан буён мазкур корхонада  ишлаётган ходим…. аслида шартнома бўйича “ижрочи” аввалги иш ҳажмини бажараётган бўлса-да, икки-уч баравар кам маош олаётганидан норози.
— Ўтган йили катта фарзандим контракт-тўлов асосида институтни битирди, — дейди Ш.Шукров.  — Ҳозирда яна бир нафар фарзандимни ўқитяпман. Таълим кредити олганман. Ойлигим эса жуда оз. Наҳотки ташкилотда қоровул вазифаси штатлар жадвалига киритилмаса? Ҳозир меҳнат дафтарчам қўлимда турибди. Баъзи ходимлар ишдан бўшаб кетмоқда. Айримлар Россияга кетиб, у ерда иш тополмай, қайтиб ҳам келишди. Қилаётган мурожаатларимизни эса биров эшитмаяпти.
Мазкур ҳолат юзасидан “Hududgaz Navoiy” МЧЖнинг ходимлар бўлими билан боғланганимизда, бўлим бошлиғи О.Омонқулов фуқаровий-ҳуқуқий шартнома асосида ишлаётганларнинг асосий иш жойи “Hudugaz” эмаслигини билдирди. Бироқ, бизга мурожаат қилганлар эса битта корхонада ишлашларини айтиб ўтишган эди.
–  Қоровул ва фаррошларнинг шартнома асосида ишлаши корхонамиз низомида белгиланган, – дейди О.Омонқулов. – Мазкур ҳолат республика бўйича шундай. Бугунги кунда тегишли тартибларни ўзгартириш бўйича таклифлар берганмиз. Ишчиларнинг ўзларига ҳам буни тушунтириб боряпмиз.
Ўрганиш давомида қўлимизга яна бир ҳужжат келиб тушди: бу газ идорасининг 23 нафар ходими қўл қўйган, мамлакат раҳбари ҳамда бош прокурор номига ёзилган шикоят аризаси эди. Сана эса “04.01.2020” дея қайд этилган. Мазкур ариза ҳам “Hudugaz Navoiy”да муаммолар борлиги, ходимларнинг масалалари ҳамон ечилмай келаётганлигини кўрсатади.
Вазиятга ким эътибор қаратади?
Аслида иккитомонлама шартномалар имзоланган – тарафлар розилигини билдирган. Фуқароларнинг эътироз-у арзларига шу жиҳатни асос сифатида кўрсатиб, силлиққина вазиятдан чиқиб кетиш мумкин.  Бироқ, бу ҳолатда одамларнинг дарди – ташвиши катталашса катталашадики, ҳал бўлиб қолмайди.
Яна бир гап: Россия Федерациясининг Томск вилоятида содир бўлган мудҳиш воқеа — бир гуруҳ қизилтепаликларнинг қисмати ҳаммани ҳушёр торттирди. Бу ҳолат барчага, айниқса маҳаллий иш берувчиларга ҳам сабоқ бўлиши лозим. Зеро, ходимнинг кўксидан итариш эмас, унинг дардини тинглаш, муносиб шарт-шароитлар яратиб бериш  — энг муҳими қўл силтаб чет элма-чет эл сарсонгарчиликда иш излаб кетишига йўл бермаслик лозим. Акс ҳолда юқоридаги тушунмовчилик ҳолатлари, энг ёмони тақдирнинг аччиқ  фожеалари содир бўлаверади.