Bosh sahifa Jamiyat “Human Rights Watch” тадқиқотчиси: Ўзбекистон мажбурий меҳнатни чеклаш бўйича янги даврга қадам...

“Human Rights Watch” тадқиқотчиси: Ўзбекистон мажбурий меҳнатни чеклаш бўйича янги даврга қадам қўйди

0

Тошкент шаҳрида Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг Учинчи томон мониторинги лойиҳаси доирасида “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамкорлигида “Меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини холис ёритиш” мавзусида журналистлар учун тренинг ташкил этилди.

Болалар меҳнатининг олдини олиш ва бунда ОАВнинг роли масалаларига бағишланган тадбирда юртимизнинг барча ҳудудларидан вакиллар ҳамда турли вазирлик ва идоралар матбуот хизматлари масъуллари қатнашди.

“International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида бўлиб ўтган тадбирни ХМТ бош техник маслаҳатчиси Йонас Аструп олиб борди. Унда “Америка Овози” телеканали, “Human Rights Watch” халқаро ташкилоти ҳамда  www.anhor.uz  таҳлилий онлайн нашри ва  www.kun.uz сайти вакиллари мавзу юзасидан фикр-мулоҳаза билдиришди. Хусусан, улар томонидан мажбурий меҳнат тушунчаси ҳақида сўз юритилар экан, Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланиш узоқ йиллар мобайнида оғриқли масалалардан бири бўлиб келгани ҳамда бугунги кунда уни тўлиқ чеклаш борасида олиб борилаётган ишлар алоҳида эътироф этилди.

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқидан сўнг Ўзбекистон янги даврга қадам қўйди, – дейди “Human Rights Watch” тадқиқотчиси С. Свердлов. – Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қошида Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси ташкил этилди. Бундан ташқари, жорий йилнинг 10 май куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги карори эълон қилинди. Бунинг барчаси дунёда юртингиз нуфузининг ошишига хизмат қилмоқда.

000000011839

– Олдимизда долзарб – пахта терими мавсуми турибди, – дейди  Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Муҳитдинов.  – Жорий йилда ушбу давр янгича тизим асосида ўтказилади. Яъни, ишсиз аҳоли қатламини теримга жалб қилиш масалалари мавсум олдидан кенг тартибда олиб борилади. Қўлда терилган пахтанинг ҳар килограммига ҳақ тўлашда вазирлик ҳузуридаги жамоат ишлари фонди маблағларининг ҳам жалб этилиши кутилмоқда. Бундан ташқари, теримчилар учун далаларда барча зарур шарт-шароитлар ҳозирланади. Энг муҳими, мажбурий меҳнатга тўла чек қўйилади.

Интерактив усулда олиб борилган тренингда иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб, мавзуга тегишли муаммоли вазиятлар ва уларни ёритиш юзасидан маҳоратларини намойиш этишди. Жараёнда мажбурий меҳнатни чеклаш борасидаги халқаро тажрибалар, бу борада юртимизда учраётган ҳолатлар атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирнинг иккинчи кунида “Меҳнат ҳуқуқларини Ўзбекистонда тарғиб қилишда ижтимоий тармоқлар ва суриштирув журналистикасининг ўрни” мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Унда ҳукуматимизнинг бир қатор вакиллари билан биргаликда Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари Эдуард Стипрайс, Буюк Британиянинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Кристофер Алан иштирок этди. Конференцияда 2017–2020 йилларда Ўзбекистонда  амалга оширилаётган муносиб меҳнат бўйича алоҳида дастур ва унинг ижроси борасида амалга оширилаётган ишлар, мажбурий меҳнатни ёритишда етакчилик қилаётган ОАВ ҳақида гапирилди. Халқаро дипломатик корпус вакиллари томонидан  матбуот ва телевидениеда илгари ёритилмаган оғриқли масалаларга ҳам кенг эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди.

– Бизга ҳар йили 10 минг аҳоли мурожаат қилади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) У.Муҳаммадиев. – Уларнинг 5 фоизи меҳнат ҳуқуқи, хусусан мажбурий меҳнат билан боғлиқ. Сўнгги йилларда бу турдаги мурожаатларнинг камайиб бораётгани юртимизда мазкур масалалардаги тегишли қонунчиликка тўла риоя қилинаётганидан дарак беради.

Конференция якунида иштирокчилар томонидан билдирилган таклифлар инобатга олиниб, ХМТ томонидан “Меҳнат ҳуқуқларини холис ёритиш” мавзусида журналистлар  учун танлов эълон қилинди. Шунингдек, меҳнат ҳукуқи тарғиботи борасидаги бу каби тадбирларни жойларда ҳам ташкил этиш, ушбу масалада жамоатчилик назоратини, хусусан, ОАВнинг ролини оширишга келишиб олинди.

Озод МУСТАФОЕВ.