Bosh sahifa Jamiyat Хусусий боғча очмоқчи бўлганларнинг найранги иш бермади

Хусусий боғча очмоқчи бўлганларнинг найранги иш бермади

0

Гуллола  Хўжаева (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) Учқудуқда ўз ўрни бор тадбиркор аёллардан бири эди. У туманда нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолиятини йўлга қўйиш ташвишлари билан елиб-югуриб юрган кунларида,  “қадрдони” Гуласални учратиб қолди.

— Иш излаб юрган танишларинг бўлса, қурилиши режалаштирилаётган  мактабгача таълим муассасасига ишга оламан, фақат “ишончли” бўлсин, — деди  Гуллола опа.

Шу куни икковлон  “қадрдон”  муассасада яратилиши лозим бўлган 16 та иш ўрнини ҳар бирининг “ставка”сини  ҳисоблаб чиқишди: олий маълумотли тарбиячилар “бепул”,  ўрта маълумотли ёрдамчи тарбиячи, ошпаз шунга ўхшаган техник ходимларнинг  “ставка”си  3 000 000-4 000 000 сўм атрофида.

Ҳали қурилиши бошланмаган муассасага  “ишга оламан”, дея кўпчиликни “чув” туширган “қадрдон”ларнинг нафси ҳакалак отаверди. “Ов”лари бароридан келаётганига ўн чандон қувониб юрган кунларининг бирида “Хуршида” исмли қиз рўпара келиб қолди.

— Гуласал опа, иш излаб юргандим… , — деди у ҳасрат оҳангида. – Бир муддат ошхоналарда идиш-товоқ ювувчи бўлиб ишладим, мавсумий экан. Доимий иш бўлса дегандим… Айтганча, янгидан ташкил қилинаётган боғчага ишга олишаётган экан, менбоп иш йўқмикан?! Раҳбари билан гаплашиб беринг, ялинди Хуршида.

— Албатта! – жавоб қилди Гуласал. – Сенбоп иш бор, фақат харажатидан қочмасанг бўлгани.

Туман деҳқон бозори ҳудудида  Гуласал кўмагида  муассаса раҳбари Гуллола  Хўжаева  билан учрашишга келишган Хуршиданинг юрагида ишли бўлиш умиди йилтилларди.

Танишувдан сўнг, муассасада энагаликнинг  “ставка”си 4 000 000 сўм эканини эшитиб хафа бўлиб кетди, аччиқ  куюнди.  Ахир, шунча пулни қаердан олади, отасининг бир ойлиги рўзғордан ортмаса, онаси ҳеч қаерда ишламайди, укалари бўлса мактаб ўқувчиси.

Хуллас, у деди, бу деди  “ставка”ни 3 800 000 сўмга туширди. Эртага пуллар тайёр бўлишини айтиб, хайрлашишди. Лекин Гуллоланинг ичини пулнинг “дараги” қаттиқ  куйдираётган эди. Сабри эртагача етмади. “Қадрдони” Гуласалга қўнғироқ қилиб, пулни бугун кечқурун олиб келишни буюрди.

— Бугун кечқурун айтилган пулни олиб келмасанг, ўрнингга бошқа  ишчи оларкан, — дея Гуллоланинг  “шарт”ини  Хуршидага етказди Гуласал.

— Опа пул тайёр. Сизни “Ўзтелеком” биноси қаршисида кутиб турибман!.

— Ҳозир етиб бораман, — дея жавоб қилди Гуласал. Овозидан жуда хурсандлиги сезилиб турарди.

Бироқ, унинг севинчи узоққа чўзилмади. Ғайриқонуний даромад иштиёқи уни дақиқалар ичида  айтилган манзилга элтдию, дам ўтмай ночор қиёфада қаёққа боришни билмай қолди.  Қора целлофанга ўралган 3 800 000 сўм пулни олар-олмас бир гуруҳ кишилар келиб ўзларини таништиришгач, барини тушунди.

Ноилож қолган Гуласал “қадрдони” Гуллола билан тузган “режа”лари ҳақида иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг  Учқудуқ туман бўлими ходимларига тушунтириш беришга мажбур бўлди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари олдида бошланган ишни охирига етказиш,  жиноий  “занжир”ни узиш вазифаси турарди. Буни аъло даражада уддалаган қонун посбонлари  “операция”ни давом эттириб,  Гуласал Хўжамовани ҳам ашёвий далиллар билан қўлга олдилар. Ҳаводан тушган пуллар на Гуласалга на Гуллолага “асқотмади”.

Уларнинг ҳар иккаласига  жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди ҳукми билан  энг кам ойлик иш ҳақининг 40-50 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Нафс кўйига, кўнгилнинг ножоиз амрига биноан ташланган қадамлар кўриб турганингиздан   раҳбару, тадбиркор  Гуллола  Хўжамованинг  бошини эгди.  Гуласал  эса  “текиннинг тиканаги бор” иборасини эшитмаган чоғи.

Афсуски,  хатти-ҳаракатлари қонунчилик ва ахлоқ-одоб қоидаларига  қанчалик  зид эканлигини тушунмаган  “қадрдонлар” ни  обрў-эътибори саноқли дақиқаларда елга учди.

Мақола суд материаллари  асосида тайёрланди.