Bosh sahifa Mualliflardan ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ ХОДИМЛАРИНИНГ МАЪНАВИЯТИ

ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ ХОДИМЛАРИНИНГ МАЪНАВИЯТИ

0

«Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонуннинг 2-моддасига кўра, ички ишлар органларининг асосий вазифалари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилишдан, қонун устуворлигини, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашдан, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасидан иборат.

Мазкур вазифаларни оғишмай бажариш учун ички ишлар органлари ходимидан, энг аввало, юксак маънавият талаб этилади. Шунинг учун ҳам тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ходимлар маънавиятини янада юксалтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зотан, жамиятнинг ҳар томонлама янгиланишида маънавиятнинг ўрнини англаб яшаш ва хизмат қилиш ички ишлар органлари ходимининг Ватан равнақи, юрт тинчлигини асраш йўлидаги муқаддас бурчидир.

Айтиш жоизки, маънавият–ички ишлар органлари ходимлари фаолиятининг асосий мезони бўлиб, уларнинг дунёқарашини юксалтириш, замон талаблари асосида халқимизга муносиб хизмат қиладиган, жамиятда адолат ҳамда қонун устуворлигини таъминлайдиган фидойи касб эгалари этиб тарбиялашда алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис улардан касбий билимларни чуқур эгаллаш билан бирга, ватанпарвар, халқпарвар бўлиш, фуқаролар ишончини оқлаш, мамлакатимизнинг маънавий хавфсизлигига таҳдид солаётган салбий иллатларга муросасизлик талаб этилади.

Бугунги кунда ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотлар уч забардаст асос–юксак маънавият, қонун устуворлиги ва адолат негизида қад кўтармоқда. Маънавият инсоннинг иймон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган куч экан, жамиятнинг барча қатламлари, айниқса, ички ишлар органлари ходимлари унинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини чуқур англаши лозим. Ходимнинг комилликка эришувида иймон бутунлиги жуда муҳимдир. Иймонли инсон ўз хатти-ҳаракатларига масъ­улият билан ёндашади, нотўғри ишга қўл уришдан сақланади. Аслида, иймонли бўлиш маърифатдан бош­ланади, маърифатнинг илк йўли эса ибратдир.

Албатта, ички ишлар органларида ҳалол ва пок яшашни ўзи учун ҳаётий эътиқод, олий мақсад деб биладиган ватанпарвар ходимлар жуда кўп. Айнан шундай ходимлар ва уларнинг фидокорона хизматлари туфайли тизимда маънавиятнинг барқарорлиги бардавомдир.

Тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси бевосита ҳар бир ходимнинг маънавияти, бой интеллекти, етук ва комил инсонлигига боғлиқ. Шу боис ички ишлар органлари ходимлари сафини Ватани, халқи ва хизмат мажбуриятларига садоқатли, замон талабларига жавоб берадиган малакали кадрлар билан тўлдириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Доно халқимиз бағрикенг, ҳалол-пок, виждонли, меҳр-оқибатли, эл-юртнинг ташвиши билан яшайдиган ходимларни бошига кўтаради ва улар жамият томонидан ҳурмат-эътибор топади. Шу боис бугунги кунда ички ишлар органларида таълим-тарбия соҳасидан бошлаб, матбуот, телевидение, интернет ва бошқа оммавий ахборот воситалари, театр, кино, адабиёт, мусиқа рассомлик санъатигача, бир сўз билан айтганда, ходимларнинг қалби, тафаккурига бевосита таъсир ўтказадиган барча соҳаларни замон талаблари асосида янги босқичга кўтариш чоралари кўрилмоқда.

Ички ишлар органлари ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш орқали уларнинг маънавиятини юксалтириш масаласи тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Зотан, ходимларнинг спортга қизиқишини кучайтириш орқали саломатлигини мус­таҳкамлаш, уларда мардлик, жасурлик ва ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш ҳаётий заруратдир. Муҳими, спорт ички ишлар органлари ходимларининг иродасини тоблайди, қалбида ўз халқи, юрти билан фахрланиш туйғуларини кучайтиради, ғурур, фахр-ифтихор эса инсон маънавиятини юксалтиради.

Cодиқ ТЕШАЕВ,  Навоий шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ЖҚГ тезкор вакили,  катта лейтенант.