Bosh sahifa Mualliflardan Ички туризм: Давлат хизматлари агентлиги Навоий вилояти бошқармаси «Етти пир» зиёратида

Ички туризм: Давлат хизматлари агентлиги Навоий вилояти бошқармаси «Етти пир» зиёратида

0

Руҳшуносларнинг таъкидлашича, инсон зиёрат ва саёҳатдагина кундалик ташвишлари, оилавий муаммоларини бир кун бўлсада унутаркан. Бундай сайр-саёҳат одамларда яшаш турмуш тарзини ўзгартириш ёки мия фаолиятининг яхшилашга кўмак бериши исботланган ҳақиқат. Боиси, маънавий дам олиш кўнгилга хотиржамлик,  юракка таскин ва ҳаловатни таъминлайди… Бундай мароқли дам олишга кейинги пайтларда ички туризм деб таъриф берилиб, юртимиздаги тарихий қадамжолар ва маданий ёдгорликлар томошасига жамоа бўлиб боришлар урфга кирди.

Ўзбекистонимиз мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан Давлат хизматлари Агентлиги Навоий вилояти бошқармаси ташаббусида давлат хизматлари марказлари ходимлари учун «Етти пир» зиёрати ташкил этилди.

Дам олиш кунларининг мароқли ўтишини истаган соҳа ҳодимлари оила аъзолари билан саёҳатчилар учун ажратилган автобусда кўҳна гўша Бухоро заминига тарих билан юзлашиш учун йўл олдилар. Аввало Абдухолиқ Ғиждувоний қадамжоси билан бошланган зиёрат, Муҳаммад Ориф Ревгарий, Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Муҳаммад бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол, Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳи билан тугади.

Кун давомида дунёнинг турли мамлакатларидан келган хорижлик сайёҳлар билар бирга зиёратда бўлган тизим ходимлари бу саёҳатдан маънавий куч олдилар. Биламизки, мазкур авлиёлар кўнгилни нафсу ҳирсдан поклаш, ҳалол меҳнат қилиб умр кечириш, Аллоҳни жон-дилдан севиш ғояларини тарғиб қилганлар. Ушбу азиз-авлиёларнинг асарлари, қилган ишлари замонлар оша одамларни тарбиялаб, уларга дину диёнат, одоб-ахлоқ, эзгу сўз ва амалдан сабоқ бериб келаётганига тасаннолар айтиш жоиз.

Ислом дини пешволари, алломалари, азиз-авлиёлари босган тупроқни, қўлларининг қайноқ тафти қолган масжиду минораларни, руҳлари кезиб юрган манзилларни зиёрат қилган соҳа ходимлари ташкил этилган бундай саёҳатдан маънавий қувват олдилар. Аслида бундай тадбирлар соҳа ходимлари қалбида юртсеварлик, тарихни англаш, буюк аждодларга бўлган юксак эҳтиром туйғуларини шакллантиради. Яна ходимлар ўртасида  иноқлик ва ҳамжиҳатлик, бир-бирига бўлган меҳр оқибатни боғлайди.

Алишер НУРМАМАТОВ, ДХА Навоий вилояти бошқармаси кадрлар бўлими бош маслаҳатчиси