Bosh sahifa Mualliflardan Иккинчи жаҳон уруши йилларида Конимех

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Конимех

0

Иккинчи жаҳон уруши энг даҳшатли, шу билан биргаликда мамлакатлар бошига мислсиз даражада азоблар олиб келган уруш сифатида инсоният тарихига кирди. Олти йил давом этган жанг майдонларида миллионлаб кишилар қаҳрамонлик билан курашди, керак бўлса ўз жонларини фидо қилишди. 

Фашизм устидан қозонилган бу тарихий ғалабада Ўзбекистон жангчиларининг ҳамда саноат ва қишлоқ хўжалигида хизмат қилган кишиларнинг ҳам улкан ҳиссаси бор. Жумладан, бунда Конимех туманининг мард, олижаноб, фидойи инсонларининг ҳам алоҳида ўрни бор. 

1941 йил 22 июнь куни уруш бошланганлиги ҳақидаги  совуқ хабар қисқа вақт ичида Конимех районининг олис чўл ҳудудларидаги чорвачилик билан шуғулланувчи овулларига ҳам етиб борди. Уруш бошланиши билан конимехлик йигитлар эл-юртнинг номуси, шон-шарафи учун жангга отландилар. Конимех тумани Елтой овулида яшовчи Аловиддин Хўжамқуловнинг хотирлашича, бошқа ҳудудлардан фарқли ўлароқ туманнинг чўл ҳудудларидаги овуллардан чақирилган йигитлар машина бўлмагани учун гоҳ яёв, гоҳ туяларга миниб, аввал Нуротада тўпланиб, кейин поезд йўли ўтган Кармана станциясидан жанг майдонларига қараб йўл олишган. Конимех районидан 1941-1945 йиллар давомида бўлиб ўтган Иккинчи жаҳон урушида 3786 нафар киши иштирок этган. Уларнинг 413 нафари душманга қарши жангларда  қаҳрамонларча ҳалок бўлишган, 1500 нафари бедарак йўқолган. 2178 нафари турли даражада ярадор бўлиб қайтганлар. Иккинчи жаҳон уруши даврида кўрсатган жасорат учун Конимехлик мард жангчилардан И.Мамараимов “Қизил юлдуз” ордени, “Кенисбергни эгаллагани учун”, “2-даражали Улуғ Ватан уруши қатнашчиси” медаллари билан, Нағимбет Қизтуғанов, Н.Уринбетовлар “Қизил юлдуз”, “Шон-шараф” орденлари билан, Жубатқан Сарбаев, Баймурат Таубоев, Рахман Ўнғарбаевлар “Шон-шараф” ордени билан, Ғани Бедебаев, Буқарбай Хўжахметов, Қудабой Қанатов, Арал Нарзиев, Байзақ Сарсенбоев, Махамбет Тўрабековлар жанговар “Қизил Байроқ” ордени билан тақдирланган. Шунингдек, Ақназар Омаров, Солиҳ Каримов, Намоз Очилов,Мустафо Нормуродов, Оспан Мирзалиев, Мунсар Муратов, Бисен Бахтибаев, Берди Усенов, Нарзулла Очилов, Абди Шангытбаевлар I ва II даражали “Ватан уруши” ва “Жасорати учун” орденлари, “Германия устидан қозонилган ғалаба учун” медаллари билан тақдирланганлар.

Бу каби номларни қаҳрамонликлари ҳақида яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Чунончи, Иккинчи жаҳон урушининг энг оловли нуқталарида жанг олиб борган Ақназар Омаровнинг эсдаликларида ёзишича, Москва остонасидаги 6-полк 4-эскадронда ўзи билан Эргаш Қўзиев, Алиқулов, Кенжабек Ахметов, Шарап Қалимбетов, Жақип Бўлекбаев сингари конимехлик сафдошлари мардонавор жанг қилиб, Москва остонасидан фашистларни қувиб чиқаради. 1941 йил Казельск остонасида конимехлик сержант Жақип Бўлекбаев ўзининг пулемети билан фашистларнинг полкига катта қирон келтиради. Шунда душман пулеметчини миномет билан яралаганда ҳам охирги кучини тўплаб, немис қўшинини яна қирғин қилади. Ёрдамга етиб келган совет аскарлари Ж.Бўлекбаев ёрдамида янги марраларга йўл олди. 1942 йил 11 августда Жуково қишлоғини  озод этишда қаттиқ жанг бўлиб, немис аскарларини Ока дарёси бўйлаб 10 километрга чекинишга мажбур бўлади. Бу жангларда конимехлик Нағимбет Қизтуғанов катта жасорат кўрсатиб “Қизил Юлдуз” ордени билан тақдирланади. Жўрақул Андаевнинг эса Белоруссия, Украина, Польшани озод қилишдаги хизматлари ҳозирги даврга қадар эъзозланиб келинмоқда. Белорус Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг имзоси билан “Белоруссия озод қилинишининг 65 йиллиги” ҳамда “Белоруссия озод қилинишининг 70 йиллиги” фахрий ёрлиғи ва медали Ўзбекистонга юборилиши бунга ёрқин мисол бўлади. 

Бундан ташқари мамлакатни ғалабага эришишида конимехликларнинг фронт ортида ҳам муносиб ҳиссаси бор. Хусусан, уруш даврида аёллар болалар кўмагида қўш ҳайдаб, ерларни ағдарган, текислаган, турли экинларни экишган. Дала майдонларида 13-14 ёшли қизлар ҳам 12 соатлаб оғир  ишларда ишлашга мажбур эдилар. Бу эса меҳнакашларнинг сонини оширмасдан, ҳосилдорлик даражасини ошириш имконини берган. Бироқ ишчи кучи барибир етишмаган. Фронт ортидаги машаққатли, оғир меҳнатни қилаётган, колхозда куну-тун ишлаган аёллар олган маошига рўзғорини таъминлай олмаган. 84 ёшли Жўрабой Жумаевнинг хотирлашича, оналари колхоз ишидан ташқари қўл тегирмонида ун чиқариб, кулча нон қилиб сотган. Ўзлари нон қилиб сотишига қарамасдан бу оила фарзандлари туйиб нон емаган. Чунки, сотилган ноннинг пули рўзғор камчиликларидан сира ортмаган.  

Мактаб ёшидаги ўқувчилар ҳам даладаги ишларга жалб қилинган. Улар қўш солиб ҳайдаётганда молани устида ўтириб ёрдам берган. Аксарият уйларда буғдой топилмаганидан маккажухори, арпа донидан ун чиқарилиб нон ёпилган. Ҳаттоки, ана шундай омади юришган оилаларнинг даладан қайтаётган болалари “бугун нон еймиз” деб бир бирига мақтанишган. Сарибел овулида яшовчи Манибек Абдиқодировнинг бувиси Жамол Алишбековадан эшитиб хотирлашича, йўқчилик туфайли одамлар каламуш инларини кавлаб, жониворлар йиққан донларни териб олишга мажбур бўлишган. Бундай оғир пайтларда катта-ю кичик, ишчи-ю раислар ҳам қаттиқ меҳнат қилишган. Уруш ва меҳнат фахрийси Ақназар Омаровнинг таъкидлашича, “Социализм” колхозининг раиси Норқул Холмуротов хотин-қизлар, қариялар, болалар қаторида бирдек меҳнат қилиб, кунлик нормани 2-3 баробарга бажарган. Н.Холмуротов пахта режасини гектарига 20 центенерга етказиб 1944 йили “Меҳнат Қизил байроғи” ордени билан тақдирланган. Мамлакатда урушга кетаётганлигига қарамасдан Конимех райони чорвачилик соҳасида салмоқли ишларни амалга оширади. Жумладан, бу пайтда зотдор қўйларни кўпайтириш ишларига алоҳида эътибор берилиб, хўжалик раҳбари Шапек Кузембаев, Москва чарм мўйначилик институтини битирган зоотехник Нина Бариноваларбошчилигида осеменатор – техник ходимларни тайёрлаш курси ташкил этилади. Бу курс ўша вақтда молларни қўлдан уруғлантириш учун малакали кадрлар ҳозирлаб берди. Шапек Кузембаев, Нина Баринова чамаланганидек, қилинган ишлар натижасида жасади катта, оёғи, бўйни узун, танаси чўзилиқли, кўкраги кенг жун қаватлари қалин қувватли зотдор қўйлар кўпайиб қолди. Қирқим пайтида қўчқордан 4,5 килограм жун, вазни 75-85 килограмга,  совлиқдан 3,5 килограм жун, вазни 50-55 килограмга етди. 

Барча жойда бўлгани каби Конимех туманида ҳам уруш вақтида биринчи эътибор фронтга ва унинг таъминотига қаратилган. Фронт таъминотини мустаҳкамлаш мақсадида колхоз аёлларидан иборат гуруҳлар тузилиб, улар дашт, қир ва адирлардаги тошбақаларни теришга олиб чиқилган. Тўпланган тошбақалар тозаланиб, гўшти фронтга жўнатилган бўлса, боғдорчилик билан шуғулланувчи колхозлар эса, узумдан шинни тайёрлаб фронтга юборишган. Туманнинг Қизилқум чўлларида яшовчи аҳоли ҳам уруш йилларида машаққатли меҳнати билан фронтга ўз ҳиссасини қўшишган. Чунончи, Конимех совхозининг Испанқудуқдаги ферма мудири Иса Якубов бошчилигидаги аҳоли қўй сутидан сариқ ёғ, бринза, қурт каби маҳсулотларни тайёрлаб уруш майдонларига жўнатган. Шунингдек, 1942 йил февралида Қизилқум саҳросида Хўжамқул Ботир, Каримбой Мерган, Суюндик, Тоирбек, Қуларис, Бекарис каби фидойилар 150 дона қопқон билан  тўрт қисмга бўлиниб, Қоратоғ тизмалари, ҳозирги Томди, Учқудуқ туманлари ва Амударё бўйлаб Тиксаут тўқайзорларида ов уюштириб, катта миқдорда гўшт тайёрланиб  фронт учун жўнатишади. Бундан ташқари, бу мураккаб давр душман зулмидан озод қилинган Украина, Белоруссия, Россиянинг ғарбий туманларини қайта тиклаш учун чорва молларини ҳам жўнатилишини тақозо қиларди. 1943 йилнинг охирларида 100 мингдан ортиқ, 1944 йилнинг ўрталарида эса, қарийиб 150 минг қоракўл қўй ва эчки юборилади. Дастлаб чорва моллари вагонда, пароходда етказилган бўлсада, бу усул яхши самара бермади. Шундан кейин ота-боболарнинг қадимий тажрибаси қўлланилиб, молларни кеча-кундуз тинмай боқиб, очиқ ҳаво – дашт, чўл, яйловлар билан ҳайдаб боришди. 

Улар Қизилқум чўлларидан ўтишади, Амударёни ёқалаб, Борса-келмас даштлари ва Волга дарёсини кечиб, Қалмиқ ерларидан ўтиб, сўнгги манзил – Россиянинг белгиланган туманларигача бўлган масофани пиёда босиб ўтадилар. Сафар иштирокчилари баҳор, ёз, куз, қиш демай, нам-ёмғир, қор-қиров, иссиқ-совуқ кунларда ҳам сарҳадсиз дашти биёбонлардан қўним топишади. Уст-бошлари юпун, гоҳ тўқ, гоҳ оч ҳолда йўл юриб, қарийиб ўн уч ой деганда етиб борганлар. Оғир, узоқ давом этган йўл азобларидан омон қайтмай, ўзга юртларда охират манзилини топганлар ҳам бўлишган. Ана шу олис манзилга пода билан юриш сафари икки марта уюштирилди. Уни бажариш “Конимех”, “Нурота”, “Қизилча”, “Томди” каби хўжаликларнинг асл меҳнаткаш, мард чўпонлари зиммасига тушди. 

Ўша кезларда чорвадорларнинг шароитлари анча оғир бўлган. Лекин улар, шунга қарамай тинимсиз ишлашган. Ишчилар колхоз даласида 12-14 соатлаб тер тўккан бўлса, чўпон заҳмати янада машаққатли бўлиб, қўйларни бир кечаю кундузда кам деганда 19 соат яйловда боқишган. Бу вақтда баъзи фермалар бошқарувсиз қолди. Эркакларнинг қарийиб ҳаммаси урушга кетган, чорва билан шуғулланиш қариялар ва аёллари зиммасида қолган. Бу вақтда чўпонларнинг ҳам, чорванинг ҳам аҳволи жуда оғир. Эркаклар урушга кетгани учун асосий иш аёллар зиммасида қолиб кетган. Қуйларни боқиш, жониворларни суғориш машаққатли иш ҳисобланади. Уруш вақтида чорва моллари ичадиган сув қудуқлардан икки хил бўлган. Биринчиси, қудуқдан туя кучи билан олинадиган бўлса, иккинчиси шамол кучи билан сув чиқариладиган қудуққа бўлинган. Шамол қудуқнинг ноқулайлиги шамол бўлмаса, бир челак сув олиб бўлмаган. Бундай пайтда 15-20 километр узоқликдаги қудуққа қўйларни ҳайдаб бориш керак эди. Сувсаган қўй ҳайдаганга кўнмай, ўзи сув ичиб ўрганган қудуқдан узоқлашиши билан ярим йўлга борганда, эчкилар бошчилигидаги сурув орқага қараб қочиб кетган. Аёллар ёш болалари билан овора бўлиб, минг бир қийинчиликлар билан иккинчи бир қудуққа сурувни олиб боргани билан бу ерда ҳам иш осон кўчмаган.

Йил давомида етиштирилган ҳосил фронтга жўнатилгани боис чўл ҳудудларига кўп ҳолларда дон маҳсулотлари етказиб берилмаган. Баъзи йилнинг оғир келган вақтларида чўл ҳудудлари аҳолиси қирилиб кетмаслиги учун район марказидан туя ёки эшакларга хуржунга ортилиб, кепак ва кунжара тарқатилган. Шу тариқа одамлар кепак ва кунжара аралашмасидан қотирма пишириб еб кун кечиришган.

 Қизилой  қишлоғида яшовчи 98 ёшли Махфират Шодиеванинг хотирлашича, фронт ортида конимехлик аёллар ўз оталари, ака-укалари ва ёрларидан мактуб кутишган. Агар мактуб учбурчак шаклда келса қорахат (қорахатнинг устида қора ранг билан муҳр босилган), тўртбурчак шаклда келса, соғинч мактуби бўлган. Уруш қурбонсиз бўлмаган, жуда кўп мард инсонлар жанг майдонларида қаҳрамонларча ҳалок бўлишган. Фарзанди қон кечиб, юрт учун жонини фидо қилганлиги ҳақидаги учбурчак шаклдаги қорахатларни олганда ҳам Оналаримиз азани матонат билан тутиб фронт ортидаги меҳнатини давом эттиришган.“Ниҳоят 1945 йил 9-май куни қишлоқ совети идорасида мажлис бўлиб, унда уруш тугаганлиги, мамлакатнинг улкан ғалабага эришгани ҳақидаги “Сталин прикази” чиқди” – дея хотирлайди  Маҳкам Худойбердиева. 

Хулоса қилиб айтганда, уруш йилларида машаққатли меҳнат ва азоб-уқубатдан бошқа нарсани кўрмаган одамларнинг кўпчилиги қайғу-алам гирдобида жон бердилар. Шунга ўхшаш уруш қатнашчиларининг талай қисми ёруғ кунларни кўрмади. Бироқ шуни унутмаслик керакки, ота-боболаримиз мисли кўрилмаган азоб-уқубатлар ва талофатлар ҳисобига бутун инсоният бошига тушган офатни бартараф қилишга улкан ҳисса қўшиб, жаҳон тарихида ўчмас из қолдиришди. 

Умид НАРЗУЛЛАЕВ,  тарих фанлари бўйича фалсафа доктори.

Жонибек МУСТАФОЕВ,  Навоий давлат педагогика институти катта ўқитувчиси.