Bosh sahifa Yangiliklar Илгари маҳалладан ташқарида ижарада фаолият юритган МФЙга янги бино қуриб берилди

Илгари маҳалладан ташқарида ижарада фаолият юритган МФЙга янги бино қуриб берилди

0

Кармана туманидаги 3350 нафар фуқаро истиқомат қиладиган “Арабхона” маҳалла фуқаролар йиғини учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 150 миллион сўмга янги бино қуриб берилди.

Янги объетнинг тантанали очилиш маросими ўтказилиб, унда туман ҳокимлиги мутасаддилари, йиғин вакиллари ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда маҳалла институтини қўллаб-қувватлаш, соҳа ходимларининг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида олиб борилётган кенг кўламли ишлар хусусида фикр билдиришди. Шундан сўнг тадбир қатнашчилари объетнинг ички имкониятлари билан танишишди. Бу ерда маҳалла раисидан тортиб профилактика инспекторигача шинам хоналар ташкил этилдган. Шунингдек, мажлислар залида аҳоли билан йиғилишлар ўтказиш имконияти ҳам мавжуд.

— Илгари йиғинимиз маҳалла ҳудудидан ташқарида ижарада туриб фаолият юритар эди, – дейди МФЙ раиси Азамат Бўронов. – Эндиликда биз учун ҳам аҳоли учун ҳам қулай бўлди. Ушбу саъй-ҳаракатлар бевосита туман ҳокимлиги ҳамда Маҳаллалар кенгаши ташаббуси билан амалга ошди. Бунинг учун мутасаддиларга раҳмат.

Қайд этиш жоиз, “Обод кўча” дастури доирасида мазкур маҳаллада жорий йилнинг ўтган даврида бир қатор ишлар ҳам амалга оширилди. Хусусан, ички йўллар тартибга келтирилиб, бир қатор эски иморатларнинг ташқи фасадлари замонавийлаштирилди. Бугунги кунда эса 4,5 километрлик тоза ичимлик сув қувурлари тортиш ишлари давом этмоқда. Натижада тоза сув 80 фоиз аҳоли хонадонига қадар кириб боради.