Bosh sahifa Yangiliklar ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН КИТОБХОНЛАРГА ИМКОНИЯТЛАР ҚАНДАЙ БЎЛАДИ ?

ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН КИТОБХОНЛАРГА ИМКОНИЯТЛАР ҚАНДАЙ БЎЛАДИ ?

0

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 2 март куни вилоятимизга ташрифи давомида берган топшириқлари ҳамда вилоятнинг шаҳар ва туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги долзарб масалалар ижроси юзасидан амалга оширилаётган муҳим тадбирлардан бири вилоят кўзи ожизлар кутубхонасининг келгусида янги бинога кўчирилиши бўлди.

Хусусан, 2020-2021 йилларда Давлат дастури лойихасида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги билан биргаликда Абдулла Қодирий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ва вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси учун замонавий кутубхона хизматларини кўрсатиш талабларига жавоб берадиган махсус типдаги кутубхона биносини қуриш кўзда тутилган эди. Келгусида шаҳар марказида қад ростлайдиган бу кутубхона Кармана туманининг анча эскирган бир биносида фаолият кўрсатиб келмоқда. Шундай эсада, мазкур кутубхона ўзининг кўп турдаги китоб фондига эга.

Бугунги кунда 6607 та китоб жамланмасидан иборат зиё масканида 2722 та брайл алифбосидаги, 1574 дона овозли, 2216 турдаги ясси ҳарфли ва 95 та электрон диск шаклидаги китоблар мавжуд.

– Ҳозирги кунга келиб, аъзоларимиз сони 2042 нафарни ташкил этади. Шундан 558 таси кўзи ожиз китобхонлардир. Уларга етарлича шарт-шароитлар яратиб беришга баҳоли қудрат ҳаракат қиляпмиз, – дейди вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси директори Бахтиёр Абдуллаев. – Муассасамизнинг Навбаҳор ва Қизилтепа туманларида филиаллари мавжуд. Келгусида яна икки туманда – Хатирчи ҳамда Нуротада ҳам махсус ўқув анжомларга эга бўлган кутубхоналар ташкил этиш режамизда бор.
Хабарингиз бор, Хитой Халқ Республикаси билан ҳамкорликда вилоятимизда йирик сармояли корхона қурулиши бошлаб юборилган. Шу йилнинг февраль ойида “China CAMC Engenering Co., Ltd” компанияси вилоят АКМга 20 минг долларлик сертификат тақдим этди. Ўзбек тилида чоп этилган махсус турдаги китоблар ҳам бундан ўрин олган.

20 – 28 май кунлари Москвада бўлиб қайтган Ўзбекистон делегацияси таркибида Бахтиёр Абдуллаев ҳам бор эди. Саккиз кун давом этган хизмат сафарида ҳамюртларимиз олтита кутубхонанинг замонавий анжомлар билан бойитилган китоб фондларини кўздан кечирдилар. Келгусида бу тажрибалар юртимиз кутубхоналарида кенг жорий этилиши кутилмоқда.