Bosh sahifa E'tirof Инновацион ёндашув, мўжаз кутубхонадан тортиб бепул “Wi-Fi”гача: давлат хизматлари марказида бир...

Инновацион ёндашув, мўжаз кутубхонадан тортиб бепул “Wi-Fi”гача: давлат хизматлари марказида бир кун

0

Давлат хизматлари агентлиги Навоий вилоят бошқармаси ташаббуси билан маҳаллий ва республика ОАВ вакиллари учун медиа тур ташкил этилиб, унда журналистлар давлат хизматлари марказларидаги шарт-шароитлар, мутахассислар томонидан олиб борилаётган ишлар  билан яқиндан танишишди.

Дастлаб, бошқарма биносида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда агентликнинг вилоят бошқармаси бошлиғи Баҳодир Тошев тизимнинг жорий ярим йиллик фаолияти юзасидан журналистларга ахборот берди.

Айни пайтда бошқама ва унинг ҳудудий марказларида 100 нафардан ортиқ ходим фаолият олиб бораётган бўлиб, йил бошидан буён аҳолига жами 103 турда 160 мингдан ортиқ  давлат хизматлари кўрсатилган. Мазкур хизматларнинг қарийб 20 фоизи эса сайёр тадбирларда, бевосита жойига бориб кўрсатилган. Бу даврда тадбиркорларнинг ўзига 5,5 мингта хизматлар кўрсатилган.

Айни дамда Навоий шаҳар, Нурота ва Конимех туманлари марказлари янги биноларда фаолият олиб бораётган бўлса, Учқудуқ, Хатирчи ҳамда Навбаҳор туманларида янги бинолар фойдаланишга топширилиш арафасида. Сентябрь ойида Қизилтепада, йил якунида Кармана, Томди ва Зарафшонда ҳам ДХМларига бинолар қуриш ишлари якунига етказилади.

–  Давлат хизматлари тизими жорий этилган 1,5 йил ичида соҳада ката ўзгаришлар рўй берди, – дейди Б.Тошев. –  16 та хизмат тури 103 тага етказилди. Мазкур жараён яна давом этмоқда. Марказларимизнинг мурожаатларига  тегишли корхона-ташкилотларнинг ҳисобдорлиги ҳам оширилган. Йил бошидан буён бизга ўз вақтида жавоб бермаган 70 нафар давлат хизматчиси жавобгарликка тортилди. Шу ўринда энг муҳим бир жиҳатга эътибор қаратадиган бўлсак, мазкур янги тизим таниш-билишчилик, коррупциянинг олдини олмоқда. Хусусан, биргина ота-оналарнинг мактабгача таълим муассасаларига фарзандларини жойлаштириш масаласини олайлик. Илгари жой бўлмаса ҳам қўшимча равишда болалар олинаверилган ёки оддий аҳолининг бу борадаги мурожаатига қараганда турли лавозимларда  фаолият юритадиган раҳбарлар «илтимоси» тўла тўкис бажарилган. Айни дамда эса бу жараён электрон навбат орқали амалга оширилади. Бунда кимнинг навбати биринчи келса, ўша қабул қилинади. Тан олишмиз керак, бу борада ҳамон муаммоларимиз бор. Жумладан, кўпчилик фарзандини боғчага жойлаштириш ҳаракатида. Бироқ, ҳатто Навоий шаҳрида ҳам ўрин етарли эмас. Келгусида албатта, бу каби масалалар жойига тушиб кетади.

Тадбир давомида бошқарма бошлиғи матбуот вакилларининг бир нечта саволларига жавоблар ҳам берди. Шундан сўнг, бошқарма томонидан 27 июнь – Матбуот ва  оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ журналистлар тақдирланди.

ДХМ2

Медиа-тур давомида журналистлар Конимех ва Нурота туман давлат хизматлари марказлари фаолияти билан ҳам танишишди. Тадбир давомида аҳоли билан мулоқотда бўлиб, уларнинг кўрсатилаётган давлат химзатлари сифатига қай даражада баҳо беришлари билан қизиқдик.

Марказларда аввало, биноларнинг шинамлиги, мутахассисларнинг хушмуомалалиги ва аҳоли учун яратилган қулайликлар эътиборни тортади. Хусусан, Конимех туман ДХМга кириб борганимизда айни жиҳатларга гувоҳ бўлдик. Ўтган йил якунида 556 миллион сўмлик сўмлик лойиҳа асосида қайта қурилган марказ биносида 5 нафар ходим ҳудуднинг жами 42 минг нафарга яқин аҳолисига хизмат кўрсатиб келаяпти. Мазкур объектдан банк хизмати, фуқаролик ҳолатлари далолатномалари ёзиш бўлими ҳам ўрин олган. Туғилганлик ҳамда никоҳни қайд этиш гувоҳномаларини бериш хизмати ҳам марказдан чиқмасдан амалга оширилади. 2019  йилнинг ўтган даврида 9 мингдан ортиқ фуқароларга давлат хизмати кўрсатилган

— Бугун оилавий корхона ташкил этиш учун бу ерга ташриф буюрдим, – дейди конимехлик М.Абишев. – Мутахассисларнинг муомаласи менга ёқди. Кўрсатилаётган хизматлар аъло даражада. Бирор корхонага ишимиз тушиб борсак, ходимларнинг зардали оҳангдаги гап-сўзларига тез-тез гувоҳ бўламиз. Бу ерда эса аксинча. Менимча марказ ходимлари муомала маданияти,  аҳоли билан гаплашиш юзасидан алоҳида ўқитилади. Бу тажрибани ҳамма давлат ташкилотларига татбиқ этиш керак.

Нурота туман давлат хизматлари маркази фаолиятидан ҳам аҳоли мамнун. 91 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган мазкур ҳудудда марказ томонидан ўтган йили 12 минг нафарга яқин фуқарога хизмат кўрсатилган бўлса, жорий йилнинг 5 ойи мобайнида мазкур кўрсаткич 15 мингтани ташкил этди.

Кунига 250-300 нафарга яқин фуқаро марказ хизматидан фойдаланади. Марказда аҳолига қулайлик яратиш учун бир қатор имкониятлар мавжуд. Ходимлар бир вақтнинг ўзида 20 та хизмат кўрсатиш ойнасида мурожаат қабул қиладилар. Аҳолига давлат хизматини  олиш учун электрон навбат йўлга қўйилган. Навбат рўйхатини намойиш этадиган 4 та монитор ишлаб турибди. Ота-оналар давлат хизматини олгунча фарзандларини болалар майдончасида бехавотир қолдира оладилар. Шунингдек, бинода фуқаролар учун кутиш зали, вақтни бесамар ўтказмаслик мақсадида мутоала учун китоб жавони ҳам ташкил этилган. Марказнинг ўзида хизматларга тўловлар қилиш учун банк кассаси, нақд пул ечиш учун банкоматлар ишлаб турибди.

Журналистлар марказлар фаолияти билан танишишар экан “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади”, деган тамойил ҳаётда ўз ифодасини топаётганига амин бўлишди. Медиа-тур якунида иштирокчилар “Чашма” мажмуасини зиёрат қилишди.