Bosh sahifa Jamiyat ИНСОФЛИ СОЛИҚ ТЎЛОВЧИМИСИЗ?

ИНСОФЛИ СОЛИҚ ТЎЛОВЧИМИСИЗ?

0

Мамлакатимиз солиқ тизимини ислоҳ қилишда тенглик, адолатлилик, соддалик, аниқлик ва самарадорлик принципларига алоҳида эътибор қаратилди. Натижада, янги таҳридаги Солиқ кодексида солиқ ставкаларини пасайтириш ёки айрим солиқ турларини бекор қилиш назарда тутилди.

Хўш, ислоҳотлар самараси “яширин иқтисодиёт”нинг олдини олиш, “инсофли солиқ тўловчи”лар сафини кенгайтиришга қандай таъсир этмоқда?

Энг аввало, ислоҳотлар натижасида “Солиқ хизмати органлари – тадбиркорга кўмакчи” ҳамда “Солиқ органи – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори” тамойиллари асосида янгича ишлаш механизми жорий этилди. Бунда солиқ органларининг устувор вазифалари этиб, солиқ тўловчилар билан доимий ҳамкорлик асосида иш юритиш белгиланди.

Шунингдек, яна бир қулай тизим, солиқ органлари томонидан инсон омилисиз ахборот технологиялари асосида амалга ошириладиган солиқ текширувларининг янгича тартиби ишга туширилди. Эндиликда солиқ текширувларини ўтказиш учун номзодлар белгиланган мезонлар асосида таҳлика-таҳлил дастури ёрдамида танланади.

– Бугунги кунда тадбиркорлик субъектлари қонуний фаолияти юритишаг қараб, 3 тоифага ажратилмоқда, – Навоий вилоят давлат солиқ бошқармаси ходими Достон Исломов. – Яъни, яшил, сариқ ва қизил йўлакчадаги корхоналар. Бунда солиқ органларининг хизмат кўрсатишга йўналтирилгани асосида тадбиркорларга ҳуқуқий ва амалий кўмак бериб борилади.

Мутахассислар таъкидлаганидек, хавфлилик даражаси паст бўлган яшил йўлакчадаги корхоналарга нисбатан ҳеч қачон солиқ текширувлари белгиланмайди. Аниқроғи бундай тадбиркорлик субъектлари “инсофли солиқ тўловчи” ҳисобланиб, ушбу корхоналарга юқори даражадаги солиқ хизматлари кўрсатилади.

Хавфлилик даражаси ўртача бўлган яъни сариқ йўлакчадаги корхоналарга нисбатан фақат камерал солиқ текшируви амалга оширилади ва ушбу корхоналарга хато камчиликларини бартараф этиш бўйича ҳисоботини тузатиш имкони берилади. Бунда солиқ органи солиқ тўловчига барча зарур маслаҳатларни бериб боради. Шу тариқа у инсофли солиқ тўловчилар танлаган йўл — яшил йўлакка ўтади.

Солиқ мажбуриятларини бажаришда доимий равишда камчиликларга йўл қўяётган, яъни молиявий операцияларни амалга ошириш учун маълум бир вақт давомида қасддан солиқ базасини камайтирадиган, солиқларни тўлашдан бош тортадиган, солиқдан қочиш схемаларидан фойдаланаётган, бухгалтерия ҳужжатларини ва ҳисобварақ-фактураларни сохталаштирадиган “хуфёна иқтисодиёт” ортига бекинган қизил йўлакчадаги корхоналарга нисбатан солиқ аудити тадбирлари амалга оширилади ва ушбу корхоналар фаолиятини тўғри йўлга қўйгунга қадар доимий назоратда бўлади.

Шу ўринда бир ҳақиқатни тан олиш керак. Илгари масалан, биргина ходимнинг даромадларига солинадиган солиқ ставкаси максимал 22,5 фоизни ташкил этар, иш берувчи имкон қадар ишчилар сонини камайтириб кўрсатишга уринар, номигагина саноқли ишчини расмий рўйхатдан ўтказиб, қолганига ўз чўнтагидан ҳақ берар эди. Натижада, хуфёна иқтисодиёт занжири юзага келиб, тадбиркор қонунбузилишга йўл қўяр эди. Эндиликда даромад солиғи ставкаси 12 фоизга туширилди. Ана энди солиқ юки ҳақиқатан кескин камайди. Бу биргина жиҳат холос. Яна қанча имкониятларни санаб ўтиш мумкин. Шундай экан энди ҳам қизил йўлакдан юриш тадбиркорнинг давлатга ва ислоҳотларга хиёнати эмасми?!

Авваллари яширин иқтисодиёт ортига бекинган хўжалик субъекти эндиликда ислоҳотлар сабаб инсофли солиқ тўловчига айланди. Бундан атиги уч йил олдин 20 нафар ишчи билан фаолият олиб борган бизнес вакили, эндиликда, 40-50 нафар ишчининг расмий бандлигини таъминламоқда.

Норасмий фаолият юритаётган субъектларни қонуний йўлга бошлаб, уларни рағбатлантирувчи механизмлар орқали яширин иқтисодиётдан олиб чиқишга, норасмий иш ўринларини қонунийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида бугунги кунга қадар Навоий вилоятида 19 минг 629 та яширин иш ўринлари легаллаштирилди.

Ҳақиқатан ҳам “Инсофли солиқ тўловчи” бугунги кунда мамлакат иқтисодий тараққиётига хизмат қилаётган шахсдир. Демак, у қизил йўлакни эмас, яшил йўлакни танлаган интизомли солиқ тўловчидир.

Яна бир мисол: пандемия даврида Давлатимиз раҳбарининг қатор фармонлари билан тадбиркорлар учун қўшимча имтиёзлар берилди. Жумладан, вақтинча қийинчиликларни бошидан ўтказаётган хўжалик юритувчи субъектлар учун айрим солиқ турларидан имтиёзлар берилди ёки ҳисобланган солиқлардан воз кечилди. Солиқ қарздорлиги ортидан юзага келган пеня ва жарималар ундирилмайдиган бўлди. Ёки мавжуд солиқ қарзларини кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятлари яратилди.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза бермасдан туриб айланмадан олинадиган солиқ, мол-мулк, ер ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқлар бўйича — уларни кейинчалик 12 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти Навоий вилоятида ҳам 90 та кичик корхоналарга 1,4 миллиард сўмга тенг ушбу солиқларини тўлаш кечиктирилди. Шунингдек, фоизсиз кечиктириш яъни, бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилган вилоятдаги 55 та кичик тадбиркорлик субъектларининг 2020 йил апрель ва май ойлари учун тўланиши лозим бўлган 411,3 миллион сўмлик солиқларидан воз кечилди.

– Бугунги кунда биз “ноль” ставкадаги қўшилган қиймат солиғи тўловчиси ҳисобланамиз, – дейди “Навоий ишонч гилам” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси бош ҳисобчиси Шерзод Турсунов. – Экспорт-импорт ишларини амалга оширамиз. Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан жорий этилган имтиёзлар натижасида, 3 гектар майдонни эгаллаган корхонамизнинг ер ва мулк солиқларидан 70 миллион сўмликка имтиёзга эга бўлдик. Яъни, бизга ушбу маблағни бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилди. Бу ҳам корхонамизнинг барқарор ишлаши учун бир енгиллик бўлди.

Хуллас, солиқ қонунчилигидаги мазкур ўзгартиришлар мамлакатимизда тадбиркорликка янада эркинликлар бериш ҳамда уларнинг ривожланишига хизмат қилади.