Bosh sahifa Mualliflardan Инсон ҳуқуқлари — олий қадрият

Инсон ҳуқуқлари — олий қадрият

0

Инсон ҳуқуқлари ва давлат суверенитети ғояларига содиқлик, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш – мамлакатимиз Конституциясининг бош мақсади, асосий тамойилларидандир. Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, барча жабҳаларни демократик янгилаш, босқичма-босқич ва изчил ислоҳ этиш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлар самарасида бу эзгу ниятлар рўёбга чиқмоқда.

Мустақил демократик йўлдан дадил одимлаётган Ўзбекистоннинг энг улуғ мақсади, аввало, халқимиз манфаатлари кўзланган ислоҳотларни амалга оширишга қаратилгани билан эътиборлидир. Бу жиҳатлар Конституциямизда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Жумладан, Бош Қомусимизнинг II боб 13 моддасида “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Мамлакатимиз Конституцияси бир томондан адолат, бағрикенглик, тўғрисўзлик каби қадриятларни ўзида акс эттирса, иккинчи томондан, унда халқаро меъёрлар, умуминсоний қадриятлар уйғунлаштирилганлиги, айниқса, диққатга сазовордир.

Бугунги кунга келиб, мамлакатимиз юқоридаги принципдан келиб чиққан ҳолда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлган 190 дан ортиқ халқаро актлар: декларациялар, конвенциялар ҳамда пактларга аъзо бўлиб қўшилган.

Миллий Конституциямизнинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири шуки, у нафақат Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, балки, Ўзбекистонда яшовчи барча инсонларнинг муқаддас ва дахлсиз ҳуқуқларини кафолатлайди.

Инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ва эркинликларини таъминлаш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Минтақавий вакилликлари институтининг ҳам ўз ўрни мавжуд.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Тошкент шаҳар минтақавий вакиллиги мана қарийб ўн йилдирки, самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 70 та асосий ҳужжатга қўшилган, БМТ томонидан қабул қилинган 10 та халқаро шартноманинг бевосита иштирокчисидир. Миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига халқаро стандартларни тизимли ва босқичма-босқич имплементация қилишнинг ўз модели, инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши мониторинги миллий тизими шакллантирилди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида мамлакатимиз халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатида ўрни ва ролини янада оширди. Хавфсизлик, барқарорлик ва яқин қўшничилик муҳити изчил ривожлантирилди.

Юртимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, адолатни қарор топтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар бугун БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилиб, қўллаб-қувватланмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги маърузасини тинглаган давлатлар раҳбарлари, дунё жамоатчилиги Ўзбекистондаги демократик ўзгаришларга ўз баҳосини берди. Бу эса мамлакатда давлат, жамият ва фуқароларнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг тамойиллари ва қадриятларига эътиборини кучайтириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган самарали тадбирлар амалга оширилаётганидан далолатдир.

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида тузилма раҳбарлари билан учрашувлари чоғида 2018 йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги муносабати билан Самарқанд шаҳрида инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумини ўтказиш ташаббусини билдирганлиги ҳам бежизга эмас.

Эътиборли томони шундаки, форум якунлари бўйича инсон ҳуқуқлари ҳимояси юзасидан Самарқанд декларациясини қабул қилиниши эса юртимизда инсон ҳуқуқлари ҳимояси йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасидир.

Қолаверса, “Халқ қабулхоналари” ҳамда “Президент қабулхоналари”, тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Бош вазир қабулхоналари фаолиятининг ташкил этилганлиги ҳам жамиятда инсон ҳуқуқлари ва инсон омили олий қадрият эканлигининг ҳуқуқий кафолатидир.

Қачонки, фуқаролар мурожаатини ўз жойида атрофлича текшириб холисона қарор қабул қилишда маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорлик тўғри йўлга қўйилса, фуқароларнинг иккинчи марта юқори органларга, яъни такрорий мурожаат қилишининг олди олинади ҳамда мурожаат қилган фуқарода шу жамиятдан розилик, мамнунлик ҳисси кучаяди, инсон омили кафолатига бўлган муносабат ўзгаради.

Пўлат ХУДОЙБЕРДИЕВ, Кармана туман адлия бўлими бошлиғи.