Bosh sahifa Jamiyat Қирғизистоннинг “Social Tree” компанияси Нурота туманида павловния плантациялари ташкил этишга қизиқиш билдирмоқда

Қирғизистоннинг “Social Tree” компанияси Нурота туманида павловния плантациялари ташкил этишга қизиқиш билдирмоқда

0
?

Маълумки, 2018 йил 14 июл куни мамлакатимиз раҳбарининг “Илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорда қайд этилганидек, тижоратлаштиришнинг асосий усуллуридан бири, бу тижорат ташкилотларини ташкил этиш, бунда уларнинг таъсисчиларидан бири устав фондига ҳисса сифатида интеллектуал мулк объекти ёки тайёр технологияни киритган муассаса ҳисобланади. Мазкур йўналиш бўйича Фанлар академияси Навоий бўлими томонидан самарали фаолият олиб борилмоқда.

Масалан, яқинда “Zarafshon Golden Group” МЧЖ билан бўлим ўртасида илмий-ишлаб чиқариш, тадқиқот, тадбиркорлик ҳамда ўқув методик йўналишлардаги ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу жамият муваффақиятли тадбиркорлик субъекти бўлиб, Навоий вилоятида кўп хоналик хонадонлар ҳам қуриб келмоқда.

Шунинг учун ҳам Навоий бўлимининг патентлари мавжуд бўлган кварц қумларини пульсацион колонналар ёрдамида бойитиш ҳамда вакуум шароитида фосфогипс қурилиш материалларини ишлаб чиқариш мавзуларида инновацион ишланмаларига “Zarafshon Golden Group” МЧЖ катта қизиқиш билдирди. Ҳозирги кунда мазкур жамият билан келишувлар имзолаш ҳақида музокаралар олиб борилмоқда.

IMG_5661

Бундан ташқари, бўлим раиси А.Мирзаев 17-19 июль кунлари Хитой Халқ Республикасига ташрифи чоғида олиб борилган конструктив музокаралар натижасида “Tianye” Хитой сув тежаш компанияси томонидан яқинда иккита таклиф юборилгани мақсадга мувофиқ бўлди. Ушбу таклифлар вилоятимиз ҳудудидан 350 гектар майдонда “ақлли қишлоқ хўжалиги парки” ҳамда томчилаб суғориш ускуналари ишлаб чиқариш линиясини барпо этиш каби лойиҳаларни ўз ичига олади.

Олимларимиз 5-9 сентябрь кунлари Қирғизистонда икки давлат Фанлар академиялари ҳамкорлигида ташкил этилган Халқаро илмий-амалий семинарда иштирок этган эдилар. Семинарда вакилларимиз Қирғизистон Республикасининг “Social Tree” компанияси павловния плантациясига ташриф буюриб, Нурота туманида ҳам ушбу ўсимликни етиштиришга келишилган эди. 16 сентябрь куни “Social Tree” компаниясидан Фанлар академияси Навоий бўлимига жавоб хати келиб, бўлим раиси юқорида масала бўйича аниқ келишувларга эришиш мақсадида музокара олиб бориш учун Бишкек шаҳрига таклиф этилди.

Фанлар академияси Навоий бўлими илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси жараёнини жадалаштириш йўлида ҳар томонлама фойдали ҳамкорликларни тобора кенгайтирмоқда.

Февзи ИСТАБЛАЕВ, Фанлар академияси Навоий бўлими матбуот котиби.