Bosh sahifa Ijod Қисқа ҳикоялар (Қизилтепалик ёзувчи аёл ижодига бир назар)

Қисқа ҳикоялар (Қизилтепалик ёзувчи аёл ижодига бир назар)

0

МУСАВВИР

Болакайга ўзининг иши ёқарди: ҳар куни кўплаб одамларга овқат ташир, хўжайиннинг айтганини завқ билан бажарар, айниқса, баъзи саховатли кишилар эҳсони унга маъқул тушарди. Фақат ёқимсиз бир томони — қариб қартайган  ёлғиз рассом чолга овқат этиб бериш эди.

Қариянинг кулбасига кирган заҳоти қўланса ҳид димоғига урилар, тартибсиз қалашиб ётган қоғоз-у, бўёқлар ҳиди йигитчанинг кўнглини айнитарди. Чол унга жилмайиб қарар, у эса овқатни қўйиб, сал нарига бориб кутиб турарди. Хона деворига ҳар хил суратлар осилган, боланинг мурғак тушунчалари эса бу суратларда нималар тасвирланганини тўла англаб етмасди. Чол ҳар сафар овқатни апил-тапил еб идишни болага тутқазади. Қалтираган қўли билан пулни ҳам узатади-да, яна ишга шўнғийди.

Кунларнинг бирида бола яна ўз ишига йўл олди. Бўшаган идишларни бирин-кетин ошхонага ташир экан, хўжайин:

– Бугун чолга овқат ташишдан қутулдинг. У вафот этди, – деди бепарво.

Бу гап қанчалик хотиржам айтилган бўлмасин, бола мазкур хабардан қаттиқ таъсирланди: бир сесканиб тушди-да, энг яқин кишисидан айрилгандек кўчага отилди. “Бўлиши мумкин эмас. Кеча кўргандим-ку!”

У ўзига таниш кулбага оҳиста кириб борди. Хона остин-устун, фақат бир суратнинг устига оқ мато ташлаб қўйилган эди. Оёғидан мадор қочган бола матога қўл узатди.

Суратда боланинг меҳр билан боқиб турганлиги тасвирланган эди. Мусаввир унинг меҳрли нигоҳини шундай усталик билан чизган эдики, бунга ақл ҳайрон қоларди.

Бу дунёни яна бир буюк истеъдод соҳиби тарк этганини фақат шу болакайгина англаган эди…

ХОТИРА ДАРАХТИ

Қишлоғимизнинг чеккароғида ёши мингларга тенг чинор дарахти бор. Уни ҳамма “орзу дарахти” деб атайди. Гўёки унинг остида Яратгандан тиланган дуолар ижобат бўлармиш.

Ирода азим дарахтга яқинлашаркан, унинг ҳайбатидан чўчигандек қадами ўз-ўзидан секинлади. Чинорнинг қулочга сиғмас силлиқ танасига оҳиста кафтини босар экан, марҳум онаси билан бўлган суҳбати эсига тушди:

– Ойи, нега доим шу дарахт ёнига келасиз? Бу қанақа дарахт ўзи?

– Бу орзу дарахти. Чин дилдан Худога ишониб, ният қилсанг, албатта, амалга ошади.

– Ҳозир нимани ният қилдингиз?

– Сенинг бахтингни.

Бу Ирода ва онаси ўртасидаги сўнгги суҳбат эди. Янгасининг турткилашлари, акасининг зардаларидан зериккан қиз дарахт ёнига тез-тез келиб, йиғлаб-йиғлаб кўнглини бўшатиб кетарди. Бу маскан унга волидасини эслатадиган муқаддас жой эди аслида.

…Яна шу ҳолат. Ирода кузак шамолида ерга тўкилаётган баргларни бир-бир кузатаркан, унинг юзида аввалгидек ғам-алам йўқ эди. Бу сафар ҳам онасини эсларкан, меҳрибони билан ўтказган қувончли дамларини ёдга олди. Шу атрофда куймалашиб юрган болакайининг ҳайқириғи унинг хаёлларини бўлди:

– Қизим, бу ёққа кел, уйга қайтамиз…

Насиба ТЎЛАЕВА, Қизилтепа тумани.