Bosh sahifa Mualliflardan “ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИ” АҲОЛИ ИШОНЧИНИ ОҚЛАЯПТИ

“ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИ” АҲОЛИ ИШОНЧИНИ ОҚЛАЯПТИ

0

Чиндан ҳам ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири мужассам. Жисмоний шахс бўладими ёки юридик, барчамиз ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни ҳимоя қилиш, қонунларимизнинг бузилишини олдини олишга ҳаракат қиламиз. Агарда бундай ҳолатларга дуч келсак, албатта ваколатли органларга мурожаат қилиб, фуқаролик бурчимизни бажарган ҳолда бошқаларга ҳам кўмак берамиз.

Бугунги кунда аҳолининг мурожаатларини ўрганиш мақсадида халқ билан мулоқот қилишнинг самарали тизими йўлга қўйилган бўлиб, фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилиш, пировардида давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, эртанги кунга умид билан жамиятга ўз ҳиссасини қўшишга ундаш мазкур саъй-ҳаракатларнинг туб моҳиятини ташкил этади.

Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси “Ишонч телефони”га келиб тушаётган ҳар бир мурожаат ҳам доимий назоратда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида келиб тушган 143 та мурожаат бошқарма масъуллари томонидан пухта ўрганилди. Ўрганишлар жараёнида 28 та масала ўз тасдиғини топган бўлса, 32 таси асоссиз бўлиб чиқди. 56 та мурожаат бўйича фуқароларга қонуний тушунтиришлар берилди. 4 та мурожаат аноним деб топилиган бўлса, 5 та масала ўрганиш жараёнида.

 Хусусан, фуқаролар томонидан терминал аппаратлари билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 21 та мурожаат йўлланган бўлиб, 5 таси ўз тасдиғини топган. Яъни тадбиркорлик субъектлари томонидан пластик карталар орқали савдо қилганда устама олиш ёки терминал йўқлигини баҳона қилиш каби вазиятлар кузатилган. Бугунги кунда 3 та масала мутасаддилар томонидан ўрганилмоқда.

Шунингдек, назорат-касса машинаси чекини бермаслик юзасидан 42 та мурожаат келиб тушган. Шундан 10 таси ўз вақтида ўрганилиб, қонуний тасдиғини топган.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган тарғибот ишларига қарамасдан, ўтган даврда “Ишонч телефони” орқали тегишли ҳужжатларсиз ноқонуний фаолият кўрсатаётган 9 нафар “тадбиркор” бўйича хабар берилган. Ўрганишлар давомида мурожаат ўз тасдиғини топгач, 13 миллион 692 минг сўмлик товар ва маҳсулотлар вақтинча олиб қўйилган.

Хуллас қонуний фаолият ҳалол ва барқарор даромад омили. Лекин қонунга риоя қилмай мўмай даромад орттиришга уринган айрим “ишбилармон”лар қинғир фаолияти жамоатчилик назорати, айниқса ўз ҳуқуқини яхши англаган истеъмолчиларнинг ҳақли мурожаати кўмагида бартараф этилмоқда.

Ҳабиб НАЗАРОВ, Навоий вилоят ДСБ Навбатчи қисм бошлиғи