Bosh sahifa Yangiliklar ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ФОЙДАСИГА 2 МИЛЛИАРД СЎМДАН ЗИЁД МАБЛАҒЛАР УНДИРИБ БЕРИЛДИ

ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ФОЙДАСИГА 2 МИЛЛИАРД СЎМДАН ЗИЁД МАБЛАҒЛАР УНДИРИБ БЕРИЛДИ

0

Навоий вилоятида истеъмолчилар ҳуқуқларини бузган бир қатор коммунал ва бошқа соҳалардаги ташкилотлар устидан иш қўзғатилиб, баъзи корхоналарнинг ноқонуний хатти-ҳаракати юзасидан судларга шикоят аризалари киритилган ҳамда 2 миллиард сўмдан зиёд маблағлар ўз эгаларига қайтарилган.

Бу ҳақда бугун Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Навоий вилояти ҳудудий бошқармасининг 2020 йилги фаолияти якунлари ҳамда 2021 йилги режаларга бағишланган матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи Вали Адизов журналистларга маълум қилди.

photo_2021-01-28_16-49-50Навоий шаҳридаги “Коворкинг” марказида ўтказилган анжуман Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ўтказилиб, унда бошқарма масъуллари қаторида 10 га яқин ОАВ вакиллари ҳам иштирок этди.

— Бошқармамизга ўтган йил давомида аҳолидан 681 та мурожаат келиб тушди, — дейди В.Адизов. —  Улар асоан коммунал ва савдо соҳаси билан боғлиқ. Хусусан, электр тармоқларидаги узилишларни тегишли чеклаш ва узиб қўйиш жадвалига кўра амалга оширмагани учун “Навоий ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ҳамда суюлтирилган газ нархини асоссиз равишда оширганлиги сабабли “Ҳудудгаз Навоий” масулияти чекланган жамияти каби корхоналар фаолияти юзасидан судларга мурожаат қилдик. Натижада қисман истеъмолчиларни қийнаётган ҳолатлар яхшиланди. Бугунги кунда ҳам бу борадаги ишлар давом этмоқда.

Бошқарма мутахассисларининг ўрганишлари ва таҳлилларига кўра, айрим корхоналар истеъмолчи билан шартнома имзолаётганда устун мавқега эга талабларни илгари сурмоқда. Жумладан, ипотека кредити асосида уй харид қилишда тадбиркор ва фуқаро ўртасида тузилаётган  шартномалар шунга мисол бўлади. Шунингдек, мазкур муаммони бошқа бир қатор соҳаларда ҳам учратиш мумкин. Ўтган йилдаги ўрганишлар давомида хусусан, “Ўзшаҳарқурилишинвест” инжиниринг компанияси, “Навоийдонмаҳсулотлари” ҳамда “Навоийэкспертиза” акциядорлик жамияти ва истеъмолчилар ўртасида тузилган шартномаларда ана шундай қонунбузилиш ҳолатлари борлиги аниқланган.

Анжуман давомида журналистлар томонидан кўпгина соҳаларда, жумладан дори-дармонлар ва йўлкира нархлари ўтган йил пандемия авж олган даврда табиий равишда ошгани, бугунги кунга келиб эса вазият юмшаганига қарамай айрим жабҳаларда оширилган нархлар сақланиб қолгани тўғрисида саволлар ўртага ташланди.

photo_2021-01-28_16-49-51— Бирор корхонага нисбатан одамларда ишонч пайдо бўлиши учун уларнинг фаолияти ҳақида энг муҳим жараёнларни тўғридан-тўғри кенг оммага кўрсатиб бериш керак, — дея таклиф билдирди “Бу кун” информацион дастури мухбири Сабина Хўжаева. — Шунинг учун ОАВ билан ҳамкорликни кучайтириш, ўрганишлар ҳамда бошқарма ва айрим корхоналар билан бўладиган суд ишларига журналистларни доимий таклиф қилиб бориш лозим. Оддий одамлар, яъни истеъмолчилар фикри эълон қилиб борилса, кўпчиликда қизиқиш пайдо бўлади. Бу орқали истеъмолчилик маданиятини самарали юксалтиришга ҳам эришиш мумкин.

Анжуман якунида билдирилган таклиф ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, монополия бошқармаси ва журналистлар ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида олдиданда амалга ошириладиган бир қатор лойиҳалар белгиланиб, тегишли  вазифалар аниқлаб олинди.