Bosh sahifa Jamiyat “ИСУЗУ” ВЕЛОСИПЕДЧИНИ УРИБ ЮБОРДИ

“ИСУЗУ” ВЕЛОСИПЕДЧИНИ УРИБ ЮБОРДИ

0

Ҳурматли ҳайдовчи, Сиз транспорт воситасида йўлнинг қарама-қарши йўналишида ҳаракатланиб келдингиз!
-Ҳурматли ҳайдовчи, Сиз қувиб ўтиш қоидаларини буздингиз. Аҳоли яшаш жойида тезликни белгиланган меъёридан ошириб ҳаракатландингиз!
-Ҳурматли ҳайдовчи, автомашинани техник носоз ҳолда бошқариб юрибсиз.
-Ҳурматли ҳайдовчи, маст ҳолда автомашина бошқариш мумкин эмаслигидан хабарингиз борми?
Мана шу каби огоҳлантиришлар, қоидабузарликлар учун профилактик суҳбат олиб бориш ЙПХ ходимлари томонидан кунига неча маротабалаб такрорланади. Одатда, худди шундай ҳолат устидан чиқиб қолганингизда ёки ҳайдовчи ходимга узр айтиб, маъмурий баённома расмийлаштирмасликни сўрайди. Ёки жаҳли чиқиб миясига келган биринчи ишга қўл уради. Ўзича ҳақлигини исботлашга уриниб, уяли алоқа воситасида олган тасвирларни сайтга жойлаштиради. Аммо бундай ҳатти-ҳаракатларнинг фойдасию зарари кимга?! Автоавария содир этган пайтида унга мазкур ҳатти-ҳаракатлари ёрдам берадими йўқми? Лайк босган “мухлислари” нима дейди? Ҳар ҳолда “Яшавор, шоввоз. Автомашинада бировни уриб кетишда давом эт”, демаслиги аниқ.
Жорий йил бошидан Навоий вилоятининг барча шаҳар-туманлари ҳудудларида “Велосипед”, “Қоидабузар пиёда” ва бошқа кўплаб профилактик тарғибот ишлари, рейдлар ўтказилди. Бироқ масалага бир томонлама ёндошаётган айрим виждонсиз кимсалар ҳам борки, айнан уларнинг айби билан қайсидир хонадонда мотам овози эшитилади. Қайсидир киши ҳаётдан бевафт кўз юмади. Кимдир ногирон бўлиб қолади. Афсуски…
Жумладан, 2020 йилнинг 30 август куни соат 15:20ларда Қизилтепа тумани ҳудудидан ўтувчи М-37 автомобиль йўлининг 210 километрида ҳам айнан шундай ҳолат содир бўлди. Албатта, шу куни ҳайдовчи М.М. атайлаб йўл-транспорт ҳодисаси содир этиш ниятида йўлга чиқмаганди. У “Исузу” русумли юк автомашинасини бошқариб келар экан, 1955 йилда туғилган велосипедда ҳаракатланиб келаётган фуқаро М.С.ни уриб юборди. Велосипед ҳайдовчиси эса олган тан жароҳати оқибатида воқеа жойида вафот этди.
Айни пайтда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ачинарли томони шундаки, автоҳалокат содир этган ҳайдовчи ва велосипедчининг маҳалларида тушунтириш ишлари, профилактик суҳбат ва тарғибот “Автокарвон” тадбирлари бир неча маротаба ташкиллаштирилган. Мингдан ортиқ буклет, эслатма, қўлланма ва ҳаракат иштирокчиларининг мажбуриятларига оид тарқатма материаллар тарқатилган. Айнан ана шу тарқатилган қўлланмаларда ҳар бир йўл ҳаракати иштирокчисининг хавфсиз ҳаракатланиши, мазкур қоидаларга риоя қилса манзилига соғ омон етиб бориши ёзиб қўйилган. Намойиш этилган видео роликларда эса автоҳалокатларнинг сабаблари, оқибатлари тасвирланган.
Хулоса эса ўзингиздан.
Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ Матбуот гуруҳи.