Bosh sahifa Tahlil Ижтимоий дорихоналар фаолияти: Карманада аҳвол қандай?

Ижтимоий дорихоналар фаолияти: Карманада аҳвол қандай?

0

 

Президентимизнинг 2018 йил 14 февралдаги “Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2018-2019 йилларда юртимизда давлат-хусусий шериклик асосида 2 мингта ижтимоий дорихоналар ташкил этилиши кўзда тутилган. Айни пайтда вилоятимизда қарор ижроси юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Биргина Кармана тумани мисолида олиб қарайдиган бўлсак, ҳудудда 11 та ана шундай дорихона фаолияти йўлга қўйилган.

— Мазкур дорихоналарнинг ҳаммаси зарур жиҳозлар билан таъминланди ва уларда малакали мутахассислар аҳолига хизмат кўрсатмоқда, — дейди туман ҳокими ўринбосари Элёр Кенжаев. — Ижтимоий дорихоналарга доридармонларни етказиб бериш учун “Damas” автомашинаси ажратилган. Барча ижтимоий дорихоналар эрталаб 8.00 дан 20.00 гача ишлаяпти.

Хўш, ижтимоий дорихоналар учун шароит яратилибди. Ҳозирда уларнинг фаолияти қандай кечмоқда? Биз ана шу саволга жавоб излаб, тумандаги бир нечта ижтимоий дорихоналарда бўлдик. Уйрот ҳудудидаги 1-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси қошидаги ижтимоий дорихона аҳоли учун қулай жойда жойлашган бўлиб, фуқаролар бу ердан ўзига керакли дориларни арзон нархда олаётганидан мамнунлигини айтди.

Бироқ, дорихона ходими Зарина Облоқулова ўзи ишлаётган дорихона­да 152 турдаги нархи қатъий белгиланган дори-дармон бўлиши лозимлигини билмас экан ва бу дорилар рўйхатини аҳолига қулай жойга илиб қўймаган. Дорихонани кўздан кечирганимизда махсус рўйхатга киритилган 90 турдаги дори-дармон борлиги аниқланди.

“Дўрман” ҳудудидаги 2-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси қошидаги ижтимоий дорихонада тажрибали мутахассис Гулнора Холиқова фаолият юритмоқда. Бироқ бу ерда ҳам 152 турдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармонларнинг ҳаммаси бор, дея олмаймиз.

“Маликработ” қишлоқ врачлик пункти қошидаги ижтимоий дорихона ёпиқ экан. Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан бундай дорихоналар эрталаб 8 дан кеч соат 20 гача, 12 соат мобайнида ишлаши лозим. Тушлик вақтидан анча ўтган, соат 16  га яқинлашган бўлсада, ҚВПдагилар дорихона ходими тушликка кетганини айтишди. Маълум бўлишича, ҚВП мудири айни пайтда малака ошириш курсида таҳсил олаётгани боис унинг вазифаси вақтинча шифокор Иноятуллаевга юклатилган экан. Бироқ биз уни иш вақтида шифо масканидан топа олмадик. Ҳамшира қиз “духтир визовдалар” дедию, лекин буни исботловчи чақириқлар китобини кўрсата олмади. Шу орада “тушликка кетган” “аптекачи” Фарангиз Бобожонова етиб келди. Афсуски, бу дорихона ҳам талаб даражасида жиҳозланган бўлсада, ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармонларнинг ҳаммаси йўқ экан.

Навбатдаги манзилимиз “Ҳазора” ҳудудидаги 3-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасига қарашли ижтимоий дорихона бўлди. Ушбу дорихонада ҳам дори-дармонларни сақлаш учун совиткич ўрнатилган, хона шинам ва озода. “Эълонлар бурчаги”да ҳеч бир дорихонада кўрмаганимиз 152 турдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармонлар рўйхати нархлар кўрсатилган ҳолда илиб қўйилган. Бироқ, дорихона ходими Гулнора Пўлатованинг айтишича, бу ерда мазкур дориларнинг 45 тури мавжуд, холос.

— Биз фақат харидоргирларини буюртма қилаяпмиз, — деди буни изоҳ­лаб Г. Пўлатова. — Силга чалин­ганлар ва онкологик хасталиклар учун бериладиган дориларни олиб келмаганмиз, бундай дориларни диспансерлар беради-ку…

Очиғи, бу гапга ҳайрон қолдик. Чунки “Кўза кунда эмас, кунида синади” деган гап бор. Дорихона ходими “шарт эмас” дея буюртма бермаган ва дорихонага олиб келинмаган дори бугун ҳеч кимга керак эмасдир, аммо эртага унга эҳтиёж туғилсачи?

Маълумотларга кўра, ижтимоий дорихоналар учун 48 миллион 895 минг сўм ажратилиб, мебел жиҳозлари ва керакли буюмлар олиб берилган.  Бир сўз билан айтганда, шароит етарли. Фақат бу имкониятдан самарали фойдаланиш зарур. Бунинг учун эса дорихона ходимлари тегишли қарор ва меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тўлиқ англаб етиши, имкониятга яраша масъулият ҳам борлигини ҳис қилиши лозим.