Bosh sahifa Jamiyat ҚИЗИЛҚУМ САҲРОСИДА ГЕОЛОГИЯ-ҚИДИРУВ ИШЛАРИНИ ОЛИБ БОРУВЧИ ЎЗБЕК-ТУРК ҚЎШМА КОРХОНАСИ ТУЗИЛИШИ МУМКИН

ҚИЗИЛҚУМ САҲРОСИДА ГЕОЛОГИЯ-ҚИДИРУВ ИШЛАРИНИ ОЛИБ БОРУВЧИ ЎЗБЕК-ТУРК ҚЎШМА КОРХОНАСИ ТУЗИЛИШИ МУМКИН

0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимиз тараққиёти учун муҳим бўлган фан йўналишларни белгилаб берилган эди. Шулар ичида геология фани ҳам бўлиб, давлатимиз раҳбари геология-қидирув соҳасини жонлантириш, геологик тадқиқотларнинг иқтисодий соҳадаги аҳамияти нақадар улканлигини таъкидладилар. Шу аснода, Фанлар академияси Навоий бўлими раисининг Туркия Республикаси фойдали қазилмаларни излаш ва тадқиқ қилиш Бош бошқармаси раҳбарияти МТА вакиллари билан Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясидаги музокаралари айни шу муддаога қаратилганди.
Туркиялик меҳмонлар фойдали қазилмаларни қидириш ва тадқиқ қилиш Бош бошқармасининг асосий фаолияти нафақат илмий-тадқиқот балки фойдали қазилмаларини ва минерал бойликларини қидириш, уларнинг заҳиралари ҳақидаги маълумотларни йиғиш ва геологик, геофизик, геотехник, технологик ва экологик таҳлили ҳамда тадқиқ ишлари билан шуғулланиши ҳақида айтиб ўтишди. Шу билан бир қаторда, улар ўзбек ҳамкасблари билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканларини таъкидлашди.
Бундан ташқари улар Навоий бўлими раисининг маъдан ва номаъдан фойдали қазилма конларининг башоратланган заҳиралари ҳақидаги маълумотларни тўплаш, геология-қидирув ишларини тезкор ва ишончли ўтказиш ва шу мақсадида тегишли лицензия олиш ҳамда янги истиқболли маъдан номоёндаларини қидириш вазифаларини бажарадиган Ўзбек-Турк қўшма корхонасини ташкил қилиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашди.
Ушбу қўшма корхона икки мамлакат олимлари ва ишбилармонларини бирлаштиришнинг истиқболли механизмини ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида шакллантириладиган Туркиядан келадиган инвестиция оқимларини мувофиқлаштирувчи Ўзбек-Турк информацион-аналитик марказнинг асосий ўзаги бўлади. Бу ҳолатда Ўзбекистон томонидан Фанлар академияси Навоий бўлими ўз илмий салоҳияти билан иштирок этиб, техникавий ва иқтисодий жиҳатдан асосланган лойиҳаларни танлаб олади ва Туркиядагиларга таклиф қилади, Туркия томонидан эса “МТА” бу материаллар бўйича ўз тилларида патенциал инвесторларга тақдимот қилиб беради. Бундан ташқари, Ўзбекистонда ўз ишини бошламоқчи бўлган Туркиялик ишбилармонлар учун уларнинг қизиқиши ва мавжуд капиталига мос келадиган лойиҳалар танлаб берилади.
Музокаралар жараёнида иштирокчилар яқин ойларда қўшма корхона ташкил қилиши бўйича келишувга эришдилар. Фақат аввал иккала томонниниг қизиқишлари ва ҳимоя қилиш учун яна манфаатлар кесишган нуқталарни излаб топиш зарурлиги тўғрисидаги фикрга келинди. Ҳар иккала томон ҳам ижобий ва қатъий позицияга ҳоҳиш билдиришди.
Фанлар академияси
Навоий бўлими матбуот хизмати.