Bosh sahifa Jamiyat “ҚИЗИЛҚУМГЕОЛОГИЯ” КОРХОНАСИ НЕГА ЎЗ ХОДИМИНИ АСОССИЗ ИШДАН БЎШАТДИ?

“ҚИЗИЛҚУМГЕОЛОГИЯ” КОРХОНАСИ НЕГА ЎЗ ХОДИМИНИ АСОССИЗ ИШДАН БЎШАТДИ?

0

Бир ходимни ишдан бўшатиш осон эмас. Меҳнат қонунчилигида бунинг ўз талаблари бор.Унга амал қилмаслик ёки кичик эътиборсизлик ҳам жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. “Қизилқумгеология” давлат унитар корхонаси “Даугизтау” дала геология қидирув экспедицияси мансабдор шахслари ана шундан хатолик туфайли маъмурий жавобгарликка тортилди.

 Ташкилотда 1 йил давомида фаолият олиб борган Фарангиз Зиёдуллаева у билан тузилган меҳнат шартномаси асоссиз равишда бекор бўлганидан шикоят қилиб Зарафшон шаҳар адлия бўлимига мурожаат қилган. Ҳолат ўрганилганда, “Қизилқумгеология” давлат унитар корхонаси “Даугизтау” дала геология қидирув экспедицияси маъмурияти ва Ф.Зиёдуллаева ўртасида 16.08.2018 йилдан 19.09.2018 йилга қадар яъни муайян муддатга меҳнат шартномаси имзолангани маълум бўлди. Аммо ходим белгиланган муддатда ишдан бўшатилмаган ва меҳнат муносабатлари давом эттирилган.

— Ташкилотда иш юритувчи бўлиб ишлайман. Вазифамни яхши бажарганим учун бир ой ўтса ҳам ишдан бўшатишмади, энди шундай ишлаб кетаверсам керак, деб ўйлагандим.Шунниг учун, бошқа жойдан иш ҳам қидирмадим.Орадан шунча вақт ўтгандан кейин, 2018  йилдаги шартнома эсларига тушиб, асоссиз ишдан бўшатишди. Ёлғиз онаман, фарзандимни боқишим керак. Иш топиш осон эмас. Шунинг учун адлиядан ёрдам сўрадим.-дейди Ф.Зиёдуллаева.

Меҳнат Кодексининг 105-моддасида муддатли меҳнат шартномаси муддати тугаши билан бекор қилиниши, агар муддат тугагандан кейин ҳам меҳнатга оид муносабатлар давом этаверса ва тарафлардан бирортаси бир ҳафта давомида унинг бекор қилинишини талаб қилмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга узайтирилган деб ҳисобланиши қайд этилган.

Шу асосга кўра, Ф.Зиёдуллаеванинг муайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини номуайян муддатга узайтирилган деб баҳолаш мумкин. 

Ташкилот томонидан йўл қўйилган яна бир хатолик, ходим билан тузилган меҳнат шартномани бекор қилгандан сўнг унга меҳнат дафтарчаси ва ишдан бўшатилганлик тўғрисидаги буйруқ нусхасини шу куннинг ўзида тақдим этилмаганида кузатилди. Бу билан Меҳнат Кодексининг 108-моддаси қўпол равишда бузилган.

Ташкилотда шаҳар Давлат меҳнат ҳуқуқ инпектори билан олиб борилган ўрганишлар натижасида, “Қизилқумгеология” давлат унитар корхонаси “Даугизтау” дала геология қидирув экспедициясига тақдимнома киритилди. Унга асосан Ф.Зиёдуллаева ўз ишига тикланиб, ташкилот раҳбари 1 115 000 сўм миқдорда жаримага тортилди.

Ориф НОСИРОВ, Зарафшон шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси.